Қўли гулдир ўзбек аёлин

38

Чироқчи туманидаги Араббанди қишлоғида яшовчи қўли гул аёл Салтанат Қўлдошева Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ўтказилаётган «Ўз касбининг моҳир эгалари» танловининг вилоят босқичи ғолиби деб топилган моҳир гиламдўз.

Гиламдўз аёл ва унинг шогирдлари тўқиган гилам ҳамда турли гилам маҳсулотлари ўзининг сифати, тўлиғича қўл меҳнати орқали табиий тоза жунлардан тўқилиши сабаб бебаҳо ҳисобланади.
Яна айтиш жоизки, Салтанат Қўлдошева 2010 йил Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун ўтказилган «Ташаббус-2010» кўрик-танловининг якуний босқичида «Энг яхши ҳунарманд» йўналишида фахрли учинчи ўринни эгаллаган.
Биз Салтанат опадан гилам тўқишнинг машаққатлари, устозлари ва тўқилаётган маҳсулотларнинг турлари ҳақида сўрадик.
– Биласиз, Қашқадарёда деярли ҳар бир хонадонда хотин-қизлар гилам тўқийди, – деди у саволимизга жавобан. – Момоларимиз рўзғорда ишлатадиган гиламларни ўзлари тайёрлашган. Мен ҳам онам Холчучук момодан тўқишни ўрганганман. Турмушга чиққанимда, қайнанам Чинни момо Худойқулова қизлари қатори менинг ҳам ҳунаримга рағбат берди, билмаганларимни ўргатди. Қайнанам ҳам бу ҳунарни ўз қайнанаси Доно момо Жониевадан ўзлаштирганини фахр билан айт­ганларини кўп эшитганман.
Қаттиқ араби гилам, жулқурс, қоқма гиламлар, ҳолли гилам, терма гиламларнинг бир неча хил турини тўқиймиз. Терма гиламларнинг турлари бисёр – 5 ипли, 7 ипли, 9 ипли, 13 ипли, 15 ипли икки томонлама терма ва умумий терма гиламлари бор.

Гиламларнинг ҳажми ҳам турлича. Ўтирғичларга, пояндозларга мўлжаллангани бор. Уйда тўшашга мўлжалланганлари каттароқ, 180х180, 160х250, 180х350 см. ўлчамда бўлади.
Бундан ташқари, ҳар хил сумкачалар, рюкзак­лар, турли сувенир маҳсулотлари, хуржунлар, телефон ғилофлари табиий жун калавасидан тайёрланади.
Айни пайтда ўн нафар қиз уйимизда очган тўқув хонамизда иш билан банд. Қишлоқдаги кўплаб хотин-қизлар буюртмамиз асосида уйи­­да маҳсулот тайёрлаб беради. Тўқишда фойдаланадиган ип маҳсулотларини ҳам қишлоқ аёллари йигириб беришади.
– Тайёр маҳсулотларни қаерда сотасиз, асосий харидорлар кимлар?
– Бизнинг уйимиз туризм сайёҳлиги харитасига кирган бўлиб, йил бўйи туристларнинг қадами узилмайди.
Улар дастгоҳлардаги тўқиш жараёнларини кузатишади, маҳсулотларимиздан эсдалик учун сотиб олишади.
– Ўзбек ҳунармандлари яратган дурдоналар дунё халқлари эътиборини ўзига жалб этаётгани фахрли. Биз япониялик қизнинг хонадонингизда ҳунар ўргангани ҳақида эшитдик. Шу ҳақида гапириб берсангиз…
– Дарҳақиқат, япон қизи Сумото Соно 2010-2011 йилларда хонадонимизда яшади. У этнография соҳасида ўқиган. «Ўзбекистон Республикаси Қашқадарё вилояти мисолида этнография ва гиламдўзлик» мавзусида илмий изланишлар олиб борди ва 2015 йилда докторлик диссертациясини ёқлади.
Сумото бу ерга келгунча Самарқандда ўзбек тилини ўрганиш учун уч ойлик курсда ўқиган экан. Биз билан ёнма-ён яшаб, тилимизни сув қилиб ичиб юборди. Тўқишни ўрганди, миллий ҳунармандчилигимиз тарихи ва бугуни, урф-одатларимиз, қадриятларимиз ҳақида билиб, юртимизга, одамларимизга меҳри тушиб қолди. Сумото Соно жорий йилнинг ёзида ҳам уйимизга келиб кетди. У ҳозирда Япониянинг Хоккайди университетида фаолият олиб бор­япти.
– Сиз яқинда касаба уюшмалари томонидан ўтказиладиган «Ўз касбининг моҳир эгалари» кўрик-танлови Қашқадарё вилоят босқичида ғолиб деб топилдингиз. Мазкур танлов ҳақида таассуротларингиз қандай?
– 2009 йилдан бошлаб, халқ усталари, ҳунармандлари, мусаввирлари «Ҳунарманд» уюшмаси аъзосиман. Уюшма тавсиясига кўра ҳар йили шогирдлар тайёрлайман.
2011 йилда камтарона меҳнатларимни қадр­лаб «Шуҳрат» медали билан тақдирлашди. Бундан ташқари, кўплаб фахрий ёрлиқ ва дип­ломлар, ташаккурномалар олдим. Улар орасига энг инсонпарвар жамоат ташкилоти – касаба уюшмаларининг дипломлари ҳам қўшилганидан хурсандман.
«Ўз касбининг моҳир эгалари» танловида вилоят миқёсида ғолиб деб топишгани касбимга бўлган муҳаббатимни янада оширди. Янги-янги меҳнат зафарларини забт этиш, мустақил Ватаним тараққиётига озгина бўлса-да, ҳисса қўшиш истагини кучайтирди. Такрор айтаман, рағбат ва эътибор бутун оиламизга қувонч бахш этди.
Салтанат Қўлдошева ҳақида яна нима дейиш мумкин?
У бахтли устоз, бахтиёр она, бахти бор фарзанд, солиҳа уй бекаси, пешонаси ярқираган келин, қўлигул ҳунарманд…
Ўғли Икромжон Шарипов Тошкент стоматология институтида, қизи Динора Шаҳрисабз тиббиёт коллежида таҳсил олаётир. Ўғиллари Аброр ва Акобир мактаб ўқувчилари.
Шогирдларидан Ҳулкар Тўқбоева ҳамда Азиза Шарипова ҳозирда устози сингари турли танловларда фаол қатнашиб, муваффақият қозонишмоқда.
Гилам тўқиш ҳунарини санъат даражасига олиб чиққан устоз-шогирдларга ҳар қанча тасанно кам. Чунки, кучли сабр-тоқат, аниқ ҳисоб-китоб, зийраклик ва касбга садоқатни талаб қилувчи бу ҳунарнинг ҳақиқий эгаси бўлиш осон эмас.

Акмал АБДИЕВ,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар