МЕЪЁР БОР унга риоя қилган одам бошини чангаллаб қолмайди

232

– Вой, эринмаган одамлар-ей, нималарни ўйлаб топишмайди-я…

Албатта, ёдингизга тушди. Бу «Маҳаллада дув-дув гап»  фильмидан. Ноёб иқтидор соҳибаси, ўхшаши йўқ Лутфихоним ая Саримсоқова тилидан айтилган иборадан беихтиёр лабларга ёйилган табассум юз-кўзларни ёриштириб юборади.

Яна бир фильм бор. Ундаги воқеалар Узоқ Шарқда кечади. Қўққисдан чегарада пайдо бўлган душмандан  «ўзимизники» ларни хабардор қилиш мақсадида аскар ўрмон бўйлаб анчагина йўл юриб, овлоқ аҳоли пунктига чиқиб қолади ва телефон будкасини сўроқлаб топади… Афсуски, аппарат бузуқ эди. Яна ошиғич йўлга тушади ва яна шундай ҳолга дуч келиб, ўзини қўярга жой топа олмайди…

Фильмни қизиқиш билан томоша қилиб ўтирган саккиз-тўққиз ёшлардаги қариндош бола шу ўринда тоқати тоқ бўлиб, менга гап қотди:

– Жуда ғалати экан-ку бу аскарингиз. Қўл телефонидан фойдаланиб қўя қолмайдими?

– У пайтларда бунақа нарсалар йўқ эди, — жавоб бераман кулиб.

–  Оғир замонлар бўлган экан…

Бу чорак асрнинг нари-берисидаги ­гап­лар. Орадан қанча сувлар оқиб ўтди. Алоқа воситалари шу даражада тараққий этдики, эндиликда уни на маромида таърифлаш ва на …жиловлашнинг иложи йўқ. Ҳа-ҳа, жиловлашнинг! Сабабини изоҳлаб ўтиришга, ўйлайманки, сира ҳожат бўлмаса керак.
Ким билсин, дастлабига иши бошидан ошиб ётган раҳбарлар мушкулини осонлаштириш, тадбиркор ва ишбилармонлар доирасига қулайлик яратиш мақсадида кашф этилган мобил телефонлар бугунга келиб барча соҳа кишилари ва ҳатто она сути оғзидан кетмаган болакайларнинг ҳам қўлидан тушмай қолди. Аслида, энг хавотирлиси ҳам мана шунда – бир кор-ҳол юз бермасайди, деб кўнгиллар увишиб туради.
Таассуфки, кейинги пайтларда ошкор қилинаётган тадқиқотлар натижаси ҳадигимиз ножоиз эмаслигини бирин-сирин тасдиқлашда давом этмоқда.
Шу ўринда расмий каналлар орқали тарқатилган мана бу маълумотга эътиборингизни тортамиз. Унда айтилишича, 2G ва 3G намунали мобил телефонларидан таралган нурнинг асаб тўқималари, шу жумладан, мия қобиғида саратон хасталиги келиб чиқиши учун қай даражада хавфли эканлиги тажриба сифатида эркак каламуш ва сичқонларда синовдан ўтказилди. Маълум бўлдики, нафақат мияда, шунинг­дек, юракда ҳам ушбу хасталикка мойиллик ортгандан ортиб, кейинчалик уларни бу дарддан халос этиш ўта мушкул иш экан. АҚШ миллий таксикологик дастури тамо­йилларига кўра каламуш ва сичқонларнинг қайси жинсга мансублигидан қатъи назар, хавфлилик даражаси юқори бўлиб, бу бир неча бор, қайта-қайта текширув асноси ўз тасдиғини топди. Шундай қилиб, 1999 йилда бошланган ва 30 миллион доллардан зиёд сарф-харажатларнинг бошига етган кўп йиллик тажрибанинг биринчи босқичи ушбу муаммога асло ҳазил-мазах ўйини сифатида қараб бўлмаслигидан барчамизни огоҳлантириб, яна бир карра ­ҳушёрликка чақиргандек бўлди.
Кимлардир беписандларча қўл силтаб, каламуш ва сичқонларда ўтказилган тажриба натижаларини пешкаш қилиб, юрак­ларга ваҳима солиш тўғримикан, деб эътироз билдириши ҳам мумкин. Агарки бунга атайлаб кучайтирилган электр магнит майдони ҳосил қилиш ва бир варакайи­­га кучли таъсир қилиш учун амалда юз бериши эҳтимол тутилгандан кўра «ошириш-тошириш» ларга йўл қўйилганини инобатга олсак, дарҳақиқат, шов-шув кўтаришга арзигулик ҳеч нарса йўқдек туюлиши ҳам ҳеч гап эмас.
Лекин энг қулай алоқа воситасидан «бўлди, келишдик, демак, ўша жойда учрашиб, барча масалаларни ҳал қилиб оламиз» қабилида мухтасаргина ахборот айир­бошлаш ўрнига, борар манзилимизга етиб олгунимизча, ярим соат-бир соатлаб валақлашиш ва нурланиш вужудимизни ич-ичдан емиришни бошлагунга қадар суи­истеъмолчиликка йўл қўйсак, кемирувчилар устида ўтказилган тажриба натижаларига дучор бўлмасликка ким ва нималар кафолат бера олади?..
Тўғри, ҳозирча электр магнит майдони туфайли саратон хасталиги юзага келиши тўлиқ исботланганича йўқ. Лекин дунёда ўз-ўзини назорат қилиш, олдиндан эҳтиёт чораларни кўриб иш тутишнинг нимаси ёмон? Кейинги пушаймондан кимга фойда-ю, кимга зарар? Ёки ушбу масалада ҳам ҳукумат қарори чиқишини кутиб ўтириш шартми? Ҳар кимнинг соғлиги, авваламбор, ўзи учун керак-ку ахир?!.
Эътибор қилган бўлсангиз, ҳозир кичкинтойлар бундан ўн-ўн беш йил илгариги болалар каби қўғирчоқ ўйнамай қўйишди. Бунга бир таниш сотувчининг ота-оналар аввалгидек ҳадеса ўйинчоқ сотиб олмаётганини қўшимча қиладиган бўлсак, масала моҳиятан янада ойдинлашади. Чунки уйда тайёр овунчоқ – мобиль телефони бор-да! Уни юмшоққина ёстиқ тагига қўйиб ётса ҳам бўлади, чўчиб уйғониб кетилганда, бемалол қўлга олиб, ўйинни келган жойидан давом эттириш ҳам мумкин.
Аммо, лекин, бироқ… Гап шундаки, нурланиш мурғак ёшдагиларга нисбатан тез таъсир қилади. Болаларда табиий равишда жусса ва бош бичими кичиклиги, қолаверса, уларнинг аъзоси сувга тўйинганлиги хавфни янада кучайтирадиган аломатлар ҳисобланади. Шундай экан, хархаша қилса, овуна қолсин, дея кўнгилчанлик қилиш мутлақо ярамайди. Овутишнинг бошқа йўллари ҳам кўп. Келинг, бир-бир санаб ўтирмайлик-да, буни зукко ота-оналаримизнинг ўзига – топқирлиги ва заковатига ишониб топширайлик – ҳар ҳолда улар фарзандларининг феъл-атворини кўчадагилардан яхшироқ билишади-ку!
Шакарнинг ҳам, тузнинг ҳам меъёрида бўлгани яхши. Чучмаллик кўнгилни айнитгани каби, ўта ширин ҳам, ўта шўр ҳам беасорат кетмаслиги аниқ. Демоқчимизки, ибрат ҳамиша ёши улуғлардандир – катта карвон қаердан юрса, кичиги ҳам шу ердан юради, деган нақл бор. Биз ўзимизни эпақали тутишни одат қилсак, ортимиздан ўсиб-униб келаётган «жужуқ» ларимиз ҳам тўғри йўлга тушиб олиши осон кечади.
Гапни чувалатиш, у ёки бу нарсани ипидан-игнасигача билиб олиш, бу ҳам етмагандек, қайсидир таниш-билишга хабар етказиб, ҳузур қилиш… бу энди нафақат ортиқча, ўта тутуруқсиз машғулот ҳамдир.
Баъзан вақт етмаётганидан нолиб қоламиз. Беихтиёр савол туғилади: нима, телефонда соатлаб гап сотиш ўша қимматли фурсатларнинг тагига сув қуйиш эмасми?
Шундай экан, нимани кутиб ўтирибмиз, мобиль телефонни бир четга суриб қўяйлик-да, жавонда чанг босиб ётган китоб­лардан бирини қўлимизга олайлик. Ҳадемай бу кўникмага айланиб, бошқа китоб­ларга ҳам навбат етиб келади…
Истаймизки, ҳеч бир янгилик муайян муддат ўтиб, муаммо ва ташвишларга сабаб бўлмасин, «Эринмаган одамлар-ей, нималарни ўйлаб топишмайди-я», деган сўзлар самимиятга йўғрилган ҳайрат ифодаси бўлибгина қолсин.

Муҳаммад ЗАЙНИДДИН

Бошқа хабарлар