Бирдамликка чорловчи мерос

235

Жаҳонга машҳур ёзувчи Чингиз Айтматовнинг «Оқ кема» қиссаси кўп маъноли ғаройиб адабий обидадир. Бир қарашда оддий кўринган нарса ҳамда ҳодисалар асарда ўзгача рамз ва тимсоллар вазифасини бажарган. Унда туркий халқлар мифологиясидан фойдаланиб, янги адабий олам яратилган. Асарда тоғ бағридаги хилват бир маконда бор-йўғи уч оиладан иборат муҳитда ўсаётган ёлғиз боланинг ҳаёт йўли унинг олам ва одамларга бўлган муносабатлари орқали ўз бадиий ифодасини топган. Бола атрофида кечаётган воқеа-ҳодисалар, кишилар ўртасидаги муносабатларни болалик қалби билан ҳис қилади, лекин катта одамлардек англайди.

Боланинг хаёлида дастлаб ўзи ҳам аниқ билмаган, англамаган бир фикр туғён ура бошлайди. Бу Мўмин чол мансуб бўлган дунё – бобосининг дунёси ҳақидаги фикр. Бу дунё — ожизлар олами. Унинг фуқароси ҳаммага фақат яхши гапириб, яхши хизмат қилиб, ёлвориб, оғриқларига чидаб, ­зулмга итоат этиб, уни кечириб яшайди. Афсуски, бу дунёда фақат Мўмин чол яшайди, холос. Уни ҳар қандай хўрлик­ларга чидай оладиган, сабр ва бардош эгаси қилиб шакллантирган гарди ­дунда биргина ҳамроҳ бор. Бу – набира. Бола – набира ҳали бобоси каби камситиш ва хўрлашларга кўниккан эмас. Лекин ғурбат ва ожизлик дунёси боланинг қалбига чуқур ўрнашган – у тез таъсирланади, йиғлоқиликка мойил бўлмаса ҳам, шу куч таъсир доирасида яшайди. Чунки инсоннинг руҳий-психологик шаклланиши ўзи яшаётган муҳитда мавжуд бўлган руҳий-психологик ҳолатлар билан белгиланган бўлади. Инсон ўзи мансуб бўлган жамоа (жамият) аъзоларининг ўзаро муносабатлари доирасида шаклланади. Бу муҳит камол топтириши баробарида одамни ­мажруҳ ҳам қилиб қўйиши мумкин.
Бола жисмонан балоғатга етмаган, жисмоний кучга тўлмаган. Айни шу даврида руҳий-маънавий ва психологик жиҳатдан жароҳатланади, мажруҳ қалб эгаси охир-оқибатда балиққа айланиб сузиб кетади – ҳалок бўлади. Бола қалби, аслиятдан келиб чиқилса, поклигича қолади: у ўзи яшаётган чиркин ва ғурбат дунёсидан, истиқболсиз ҳаётдан воз кечади.

Боланинг балиққа айланиши ва ҳалок бўлишида у яшаётган географик муҳитнинг ҳам ўрни бор: бу оқ кема сузиб юрадиган Иссиқкўл; оқ кемада сузиб юрадиган отасига бўлган чексиз интилиш; бобоси қуриб берган кичик кўлча. У шу кўлчада кўзини очиб, балиқ сингари сузишни ўрганган.
Бола фожиасининг ижтимоий жиҳати оиланинг ижтимоий мазмуни билан боғланади. Ҳамма даврлар ва ҳамма оилаларда бўлгани сингари бу ерда ҳам оила бузилишидан фарзанд жабр кўради.
Асарда бобо ҳам, набира ҳам бир ижтимоий муҳитда яшайди. Бу Ўрозқул мутлақ ҳукмдори бўлган қоровулхона, бошқача айтганда, унинг Сантошдаги салтанати. Мўмин чол бу ўзига хос салтанатда ҳаммани ҳурмат қилади, ҳаммани ўзиники деб билади, чунки уларнинг аждоди бир – буғубеклардир. Лекин у қадрлаган кимсаларнинг кўпи Мўмин чолни эъзозламайди. Бобонинг дил ёриб дардлашадиган суҳбатдоши йўқ. Боланинг эса ёввойи табиат қўйнидаги ҳаётида гап­лашадиган ҳар хил сурат, шакл кўринишидаги харсанглари бор. Бола ҳар куни уларга ўз дардини айтиш бахтига эга. Бечора Мўмин чол эса ҳеч бўлмаганда, шундай бахтга ҳам эга эмас. Бола онги ва руҳиятида бобоси билан бирга яшаётган муҳит, ўзи ва бобосининг инсон сифатидаги мавжудлиги мана шундай муҳрланган. Бу эса ёш қалб учун муд­ҳиш қадрсизликни эслатиб, таъкидлаб турувчи залворли юкдир. У мудом болани безовта қилади. Шундай дамларда ўз хаёлида суҳбатлашаётган отасига дил ёради: «Негалигини билмайман-у, бобомга шундай раҳмим келади ва уни шунчалик яхши кўриб кетаманки, охири йиғлагим келади…».
Таъкидлаш жоизки, бу ўриндаги фожиавийликнинг негизи ижтимоий жиҳатдан анча мураккаброқ бўлиб, шахснинг субъектив эрки, хоҳиш-истаги ўзи яшаётган ва Ўрозқул ҳукмронлиги мутлақ бўлган муҳит тартиб-қоидалари билан тўқнаш келади. Айни шу тўқнашувда бола ҳам, бобо ҳам ожиз.
Маълумки, инсоният тафаккури жазо сифатида одамни унинг жиноятидан келиб чиқиб қатл қилишга йўл қўйиши мумкин, бироқ хўрлашга изн бермайди. Бола яшаётган муҳитда эса хўрлаш жазо эмас, Ўрозқул ҳукмронлигининг жуда ҳам жўн қоидасидир.
«Оқ кема» қиссасида боланинг отасига айтаётган дарди-изҳорида уни қийнаган «нимадир» очилади: бу – ички йиғи, у нима учун томоғига тиқилгани ҳам равшанлашади: бу – бобога бўлган чексиз меҳр, қайноқ муҳаб­бат ва аламдан туғилган кучли ҳиссиёт, боланинг қалбида туғён урган ҳад билмас туйғунинг юзага чиқишига бўлган интилишидир. Унинг тақдиридаги фожиавийлик азоб, ғурбат, уқубат ва жаҳолатдан туғилади.
У вақт ўтган сари тобора ривож­ланиб боради. Уруғбоши – шохдор она буғунинг ўлдирилиши фожиавийликни якунига етказади. Она буғунинг шохини суғуриб олиш учун уринаётган Ўрозқулнинг ҳаракатлари боланинг кўз ўнгида юз беради. «Аллақачон лой ва тупроққа беланган бўлса ҳам, кўз қорачиғи мусаффолигича боқиб турарди…», дея таърифланган калла ҳайвоннинг эмас, буғубеклар авлодининг ҳомийси – Шохдор она буғуники. Унга бутун бир авлод сиғиниб келган. Энди эса… Ўрозқул «этигининг товони билан уни тепиб… болта билан каллани урди. Калла чирсиллаб ёрилиб, майда суяклар ҳар томонга учиб кетди».
Ўрозқул болта урганда «сесканиб» кетган бола болтанинг тиғи калла кўзига «кўндаланг келиб текканда» фожиавийлик ривожи чўққига чиқади: илгари унинг томоғига тиқилган «нимадир» болаларча исён бўлиб, қўрқинчнинг кучи билан юзага чиқади – у қичқириб юборади.
Ўрозқулнинг энг катта бахтсизлиги бефарзандлик бўлса, бундан ҳам катта бахтсизлиги болага, болаларга ҳавас билан қарай олмаслигидир. Худбинлик, аламзадалик унинг бутун борлиғини қамраб олган. Унинг кўзига «бутун борлиқ… ноҳақ яратилгандай» туюлади. Бундай дамларда у хотинини уриб, унинг дод-фарёдини эшитиб, ҳузур қилади. Бахтсизлигининг аламидан чиқади. Бу – унингча адолатсиз, ноҳақ яратилган дунёдан қасос олиш усули. Шохдор она буғу шохини юлиб олиш учун телбаларча жаҳд қилиш ҳам шу қасоснинг бир кўриниши ҳисобланади.
Таниқли руҳшунос олим Эрих Фромнинг таъкидлашича, «бошқа одамни тўлиқ эгаллаш, уни ўз иродасининг чорасиз объектига айлантириш, унинг мутлақ хўжайини – Худоси бўлиш… ва бундан лаззатланиш садизм­нинг моҳиятини ташкил этади. Бундай мақсадга эришиш воситаси – уни камситиш ва талаш. Зеро, азоб бериш ва ўзини ҳимоя қила олмайдиганларни қийнашдан ҳам даҳшатлироқ инсон устидан ҳукмронлик қиладиган бошқа ҳокимият йўқ». Ўрозқул ана шундай шафқатсизлик қулидир.
Шохдор она буғу ёки ҳар қандай бошқа бирон тимсол кўрсатилиб, «шу сенинг худоинг» дейилганда ҳам, ўрозқуллар қиёфасида мавжуд бўлган одам зоти уларни ўлдириб, еб, пачақлаб, турли номақбул йўллар билан бўлса ҳамки, қасос олиш йўлидан қайт­майди. Яхшиямки, Шохдор она буғулар ҳақидаги ривоятлар даврида ҳам туркийлар тасаввуридаги Кўк Танг­­ри реал жисм бўлиб, одамлар орасида юрмаган. Қолаверса, Кўк Тангри ҳар бир туркийнинг тасаввури, тафаккури ва қалбида мавжуд бўлган. Бинобарин, Тангри сўзи ифодасида абадийлик тушунчаси мужассамлашган.
Шохдор она буғунинг шохи юлиб олинган, кўзи оқиб тушган, гўшти пиширилган, ҳамма шу гўшт тановвули билан банд, эркаг-у аёл ичкиликбоз­лик қилаётган паллада бетоб бола ­ёвузлик ва жоҳиллик дунёси билан хаёлида тўқнашиб, ундан қандай қилиб қутулиш, уни қандай қилиб маҳв этиш йўлларини излайди, яъни ҳаёт учун курашади. Ниҳоят, у ўзи билган одамлар орасидан Қулибекни топади. Чунки у ҳам буғубеклар авлодидан, ҳақгўй, ҳалол, кучли, жасоратли… Ёвузликка қарши фақат Қулибек кураша олади. Қулибек бола хаёлида ёвузлик тимсоли бўлган Ўрозқулни ўлдирмоқчи бўлганида, унинг ўзи ўртага тушади: «Майли, ўлдирмайлик, лекин бу ердан абадий кетсин, қораси ўчсин»… Қулибек эса қолган одамларга қарата «Шундай одам билан қандай яшаб келдиларинг? Уят эмасми сизларга!» дейди. Бу гаплар боланинг кўнглида илгаридан бор бўлган. Бола Ўрозқул билан ёлғиз ўзи ҳам курашади. Ўз хаёли дунёсида уни «ҳавода силкитиб-силкитиб, дарёнинг нақ ўртасига итқитади». Шу жараёнда Ўрозқулнинг бор ожизлик­лари намоён бўлади. У дарёнинг ўртасига отиб юборилганда сузиб кета олмайди, чунки «балиққа айланиб қололмайди».
Қулибек бола учун оптимизм – ҳаётбахшлик, келажакка умид, ҳаётнинг бардавомлилиги тимсолидир. Бола унда, болалик тасаввуридан келиб чиқиб, ўз паноҳи, ундан ҳам аввал бобосининг паноҳини кўради, инсон ҳаёти, умуман, ҳаётнинг узлуксиз давомийлигини кўради. Мана шу оптимизм – бола ҳаёти фожиасининг давоми ҳаёт экан, бу ҳаёт абадийлигини ифодалайди.
Буюк адиб ҳаёт лавҳаларини шунчаки эрмак учун эмас, балки одамлар учун тасвирлайдики, токи инсон мана шу тасвирда ўзини ўзи кўрсин, англасин. Қиссани ўқиган инсон Мўмин чол тимсолида ҳам ўзини ўзи кўради, унинг фазилатларини ўз ­дунёқарашидан келиб чиқиб баҳолайди. Унинг меҳнаткашлиги, сабр-бардоши, ўз илдизи – Шохдор она буғуга бўлган меҳр-у муҳаббати, буғубеклар авлодига ўзлик деб қараши, эътиқодда содиқлиги, инсоний фазилатлари кишида унга нисбатан илиқ муносабатларни уйғотади. Лекин бу эзгуликлар набирадан бошқа ҳеч ким томонидан қадрланмайди. Буғубеклар авлодидан кимдир биров хизматга айтмаса, астойдил хафа бўладиган Мўмин чол унга зуғум ўтказса, хафа бўлмаслиги ҳам ўз қадрини билмаслиги, унинг ўз «мен»ига эга эмаслигини, қадри ва қадриятини баланд тута олмаслигини кўрсатади. Шунинг учун одамлар уни, ҳеч бўлмаганда, оқсоқол сифатида ҳам эъзозламайди. Лекин бу жиҳатлар Мўмин чолнинг мўртлиги ёки характерининг бўшлигидан эмас, балки унинг табиатидан, у ўзи шаклланган дунёқараш ва руҳий-маънавий муҳитдандир.
Асар давомида бўй чўзиб келаётган фожиавийлик етилиб, охир-оқибат ўз поёнига етади: Шохдор она буғу ўлдирилади; бола ҳалок бўлади; Мўмин чол ўз ҳалокатини ўзи юзага чиқаради – чин дунёга йўл олади.
Ёзувчи Шохдор она буғу қисмати тасвири орқали одамзоднинг ўз илдизидан узилиши, жаҳолат бандасига айланиши, маънавий қашшоқлашишини аждодбошиси ҳаётига зомин бўлгани, унинг гўштини тановвул қилиш билан инсон ўзини ўзи маҳв этиш томон қадам ташлаётганига ишора қилади. Инсон ўз илдизидан узилмаслиги, унга боғланадиган риштани ўзи узмаслиги шартлигини англаши ва ҳис қилишини уқтиради. Бола ҳаётининг тасвири билан инсоннинг ўз келажаги олдидаги бурч ва масъулиятини яна бир бор таъкидлайди. Мўмин чол тимсолида ўз «мен»ига эга бўлиш, ўзи ва қадриятларини англаш зарурлигига эътибор қаратади.
Агар адабиёт қуллиги, жоҳиллиги, жаҳолат чангалида, ғурбат ва зуғум дунёсида эканини, ўзини ўзи англаб етмаётганини, яшашга ноқобиллигини кўрсатиб берганда ҳам кўра олмаса, кўзи очилмаса, юзига солганда ҳам юзи ёришмаса, қалбини титратса ҳам қалби ёнмаса, бундай одам ҳалокат томон кетаётган бўлади, бундай одамлар жамияти ҳам таназзулга юз тутган бўлади.

Буюк адиб инсонларни ана шулардан огоҳ этиб, одамзодга зиё сочган десак, асло муболаға эмас. Шу маънода улуғ адибнинг асарлари бутун туркийларни бирдамликка, бир аждод авлодлари деб қарашга чорловчи улкан меросдир. Бу улуғвор ғоя бутун инсониятга ҳам қаратилгани билан янада аҳамиятли бўлиб, Чингиз Айтматов ижодининг туб мазмун-моҳияти инсонийликка дахлдор эканига ёрқин исботдир.

Хурсанд ШАРАФИДДИНОВ,
филология фанлари номзоди

Бошқа хабарлар