Катталар ҳам эртак ўқисин(ми?)

706

Мусиқа, тасвирий санъат, адабиёт… Уларнинг бари санъатнинг таркибларидир. Бундан ташқари, тинглай билиш, баҳолай олиш, мутолаа қилиш кабиларга ҳам санъат дея таъриф берилади. Маромига етган ҳар бир ҳаракатга «санъат даражасига кўтарилибди» дея ­таъриф бериш ҳеч биримизга сир эмас. Энди санъат сафига киритганларимиздан бири – мутолаага тўхталсак ва адабиётнинг энг оддий, бирламчи ва қизиқарли турларидан бири – эртаклар ва уларнинг бугунги кундаги ўрни хусусида сўз юритсак…

Александр Поп бундай деганди: «Ўқиган асарингиз сизни фикран юксалтириб, қалбингизда эзгулик ва мардлик туйғуларини уйғотса, у ҳолда бу китоб хақида бир фикр билдириш учун шу туйғуларнинг ўзи етарлидир. Умид билан очилиб, фойда билан ёпилган китоб яхши китобдир».
Зеро, адабий дид болаликдан шаклланади. Бунда эртакларнинг ҳиссаси беқиёсдир. Адабиётнинг энг қизиқарли намуналаридан бири саналган эртаклар фақат болаларга эмас, балки катталарга ҳам маънавий озуқа бера олади. Эртаклар, аввало, яхшилик билан якунланиши билан ўта аҳамиятга моликдир. Шу шартнинг ўзиёқ жажжи болажон қалбига эзгулик, тўғрилик, умид уруғларини экади. Айнан шунга кўра ота-оналар болаларини эртак мутолаасига ошно қилишлари ҳам қарз, ҳам фарздир. Чунки кўп бор таъкидланганидек, китобларга, адабиётга, илмга бўлган меҳр, ҳурмат айнан инсоннинг болалик чоғларида шаклланади. Демакки, эртаклар бу саъй-ҳаракатда биринчи кўприк вазифасини бажаради.
Жаҳон адабиётида ҳам, миллий адабиётимизда ҳам эртак­лар алоҳида мавқега эга. Балки катта-катта асарлар ёзган адиб­ларни ҳамма: ёши улуғлар ҳам, болалар ҳам бирдек танимаслиги мумкин, аммо эртакчи адиб­ларимизни ёки эртак қаҳрамонларини фақат болажонлар эмас, балки ҳамма танийди. «Қор маликаси» қанчалик машҳур бўлса, Ҳанс Крис­тиан Андерсен, Жанни Родари, ака-ука Гримлар, Анвар Обиджон каби адиблар ҳаммага бирдек таниш ва севимлидир.
Эртаклар болаларимизга устозлик мақомида уларнинг саводхонлигини оширишга ёрдам берибгина қолмай, маънавий озуқа беришга ҳам ҳисса қўшади. Эртак ўқиган боланинг сўз бойлиги, фикрлаши, дунё­қараши, нарса ва вазиятларга ёндашиши тенгдошларидан фарқ қилади. Бунда эртаклар ҳаётни теранроқ анг­лаш учун кўзойнак вазифасини ўтайди. Бу кўзойнакдан фойдаланиш эса кўп ҳолларда ота-оналарга боғлиқдир. Чунки ота-онасининг қўлида китоб кўрган фарзанд уларга эргашади, ўрганади, тақлид қилади.
Бу демакки, нафақат болалар, балки катталар ҳам гоҳ-гоҳида эртак мутолаасига мурожаат қилсалар ёмон бўлмасди. Зеро, эртак мутолааси ҳар қандай ёшдаги инсонни завқлантира олади.
Одатда уй қураётганимизда пойдеворнинг пишиқ бўлишига эътибор берамиз. Зеро, тарбия ҳам шундай. Болаларимизнинг келажакдаги камоли бугунги бераётган тарбиямизнинг қай йўсинда кечишига боғлиқ бўлиб, китобга, адабиётга ошно бўлган бола келажакда ёмонлар сафида тилга олинмаслиги турган гап.
Бугун дўконларда эртак китоб­ларнинг сон-саноғи йўқ. Танлов имкониятининг кенглиги шу қадарки, бир зум ақлинг шошиб қолади. Шу сабаб болаларимизни нафақат ўзбек, балки жаҳон халқларининг эртаклари билан таништиришни одат қилсак янаям яхши. Ахир, бугунги замоннинг талаби шу-да!
Файласуф Сенеканинг «Китобсиз яшаш кўр, кар, соқов каби ҳаёт кечиришдир», деган сўзларини яна бир карра ёдга олайлик-а. Китоб кундалик ҳамроҳимиз бўлсин. Бу билан ўз-ўзимизни тарбиялашни тўхтатмаган бўламиз. Ахир, тарбиянинг асл моҳияти ҳам шунда: у бешикдан то қабргача давом этиши керак.

Зуҳро АСАДОВА

Бошқа хабарлар