Юртдошимиз — дунёнинг нуфузли аёлларидан бири

246

ВВС хизмати «Women» дастури доирасида 2018 йилда дунё бўйлаб энг таъсирли ва нуфузли, дея тан олинган аёллар рўйхатини эълон қилди. Эътиборлиси шундаки, дунёнинг 60 та давлатидан танлаб олинган энг нуфузи баланд юз нафар аёл қаторидан юртдошимиз Лейло Белялова ҳам жой олди.
Лейло Белялова нодир табиатнинг бебаҳо кўрки бўлган қушлар дунёсини ўрганади. Уларни асраб-авайлаш ҳақида қайғуради. Бу жонзотларнинг мураккаб ҳаётини тадқиқ этиш олиманинг умр мазмунига айланган.

Лейло Белялова «Туркистон тоғ тизмаларининг шимоли-ғарбий ёнбағирларида қушлар экологияси» мавзусида илмий изланишлар олиб бораётган олима. Нега қушлар учбурчак шаклида учади, каптар ва жарқалдирғочларнинг тез учиш имконияти қанча, қушлар оламида куч ва чидамнинг аҳамияти нечоғли баҳоланади каби кўплаб саволларга ундан аниқ жавоб олиш мумкин.
– Инсон ва қушлар ўртасида азалий боғлиқлик бор, – дейди Лейло Белялова. – Қадимда энг тезкор алоқа қушлар воситасида амалга оширилган. Масалан, кабутарлар соатига 300 километргача тезликда уча олади. Тарихда қушларнинг хизматлари алоҳида тақдирланган. Биргина мисол. Биринчи жаҳон уруши пайтида «Шерами» деб номланган кабутар бомбардимонда бир кўзи ва оёғидан ажраган ҳолда ҳам топшириқни бажарган. Унга ҳатто ҳарбий мукофот «Жасорати учун» медали берилган. Қушлар одамларнинг ­дўсти ва ёрдамчисидир.

Табиатни асраш – бурч

– Олима университетимизда ташкил этилган «Flamingo» талабалар клубини бошқариб келмоқда, – дейди Самарқанд давлат университети бирлашган касаба уюшма қўмитаси раиси Хайрулло Тўхтаев. – Тўгаракга ҳайвонот ­дунёсига меҳр қўйган 20 нафардан ортиқ талаба жалб қилинган. Аслида, факультет бўйича турли йўналишларда 5 та ана шундай клублар фаолият юритмоқда. Уларда ёшлар ўз қизиқиш йўналиши бўйича илмий изланишлар олиб боришади. Табиатни асраш – бурч. Бу борада етарлича билим ва маълумот олиш борасида ҳеч бир монелик йўқ. Ҳар бир клубга алоҳида жой ажратилган, ўз соҳаси бўйича бурчаклар яратилган. Масалан, «Flamingo» клубининг жонли табиат бурчаги мавжуд. Ҳозирги кунда бу бинода қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилаётгани сабабли машғулотлар вақтинчалик бошқа жойга кўчирилган.

Ҳамкасблар эътирофи

География ва экология факультети декани, география фанлари доктори Субҳон Аббосов талабаларнинг илмий ёки ижодий тўгараклардаги иштироки, университет маъмуриятининг уларга яратиб бераётган имкониятлари хусусида сўзлаб берди. «Экология» кафедрасидаги суҳбатда эса мамлакатимиз экотизимидаги био хилма-хиллик ва уни сақлаш хусусидаги ишлар билан муфассал танишиш имкониятига эга бўлдик.
– ВВС экспертларининг Лейло опага берган таърифи жуда адолатли, – дейди кафедра мудири Ҳусниддин Боймуродов. – Чиндан ҳам у киши Ўзбекистоннинг тоғ экотизимлари био хилма-хиллигини сақлаб қолиш йўлида илмий изланаётган ва турли хил қушларни ҳимоя қилувчи университет ўқитувчиси деган шарафли номга муносиб. Унинг ҳаракати билан кўплаб ёшларда жонли табиатга меҳр уйғонди. Бунинг натижасида экология соҳаси учун жон куйдирадиган мутахассислар етишиб чиқди.
Лейло Белялова раҳбарлигидаги клуб аъзолари турли мавсумларда Зарафшон қўриқхонаси, Ургут тоғи, Каттақўрғон сув омбори ҳудудидаги экологик мувозанат, қушлар дунёсининг яшаш тарзи, кўпайиши ва турлари хусусида кўпдан-кўп маълумотлар тўплаган.
– Мамлакатимиздаги 500 тадан ортиқ кўл ва ҳавзаларда 4 миллиондан зиёд сувда сузувчи қушлар ин қуриб, полапон очади, – дей­ди эколог, қишлоқ хўжалик фанлари доктори Нурали Холмонов. – Биргина Зарафшон воҳасидаги сув ҳавзаларида 41 турга мансуб ноёб қушлар мавжуд. Бу турларни сақлаб қолишга ҳамкасбимиз қўшаётган улуш эътирофга сазовордир.

Тилаклар рўёби

Қушларни асраш жамияти аъзоси, дунёдаги нуфузли аёллардан бири, дея тан олинган Лейло Белялова ўта камгап. У қарийб йигирма йилдан буён талабалар клуби аъзолари билан қушлар ҳаётини ўрганади.
– Қушлар табиатимизнинг бир бўлаги ҳисобланади, – дейди олима. – Мамлакатимиз 1995 йилдаёқ «Биологик хилма-хиллик тўғрисида»ги конвенцияга қўшилиб, миллий биологик хилма–хилликни муҳофаза қилишга катта эътибор қаратиб келмоқда. Бундан ташқари, юртимизда Рамсар конвенцияси эътироф этилганига ҳам ҳадемай 20 йил тўлади. Табиатнинг ноёб неъмати бўлган қушлар давлат эътиборида экани ғоят қувончлидир.
Олима қушлар савдоси билан боғлик пала-партишликларга чек қўйиш тарафдори. Чунки бу соҳадаги тадбиркорлик қушларнинг ноёб турлари камайиб ёки йўқолиб кетиш хавфини туғдирмоқда. Бундан ташқари, зоодўконларда сотувга қўйилган қушларнинг аксарият ҳолларда оч қолиб кетаётгани, уларга етарлича шароит яратилмагани ҳам ачинарли ҳол.
Ўзини она табиат, ҳайвонот ­дунёсини ўрганишга бағишлаган фидойи олима ҳали бардам. Олима юртимиз осмони қушлар парвозига бурканишини истайди. Зеро, қушлар тинчлик ва мусаффолик ҳукм сурган заминдагина чаппар уриб, қанотини кенг ёяди. Юртимиз довруғини дунёга таратаётган фидокор инсоннинг эзгу тилаги рўёбга чиқмоқда.

Нурилла Шамсиев,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар