Ҳаётнинг қувончга бой янги саҳифалари

772

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 12 сентябрдаги «Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори асосида Сирдарё вилоятида ҳам аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш борасидаги тадбирлар тизимли равишда амалга оширилмоқда.
Хусусан, яқинда бир гуруҳ сирдарёлик эҳтиёжманд оила вакилларига янги уй-жойлар топширилди.

Ҳаяжондан уйқу келмади

Илҳом Боймуродов 22 ёшида фалажлик билан оғриб қолди. Серфарзанд оилада улғайгани учун ҳам оила даромадлари уни бир-икки бор вилоят касалхонасида даволатишга имкон берди, холос. «Беморлик ҳолатида бўлса ҳам турмуш қуриб, бахтли оила тузаман», деган Лобархон аҳдига содиқ қолишда кўп қийинчиликларга дуч келди.

– Касаллигим туфайли ишлай олмайман. Бу орада икки нафар қизлик бўлдим. Яшашга бирор манзил излаб 6 йиллик турмушда кўп қийин­чиликларни бошдан кечирдик, – дейди Илҳом Боймуродов. – Охирги пайтлар оилам билан бир ҳовли чеккасидаги ҳеч қандай ­шароитга эга бўлмаган ошхона биносида яшашга мажбур бўлдим. Шундай пайтда вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасидан вакиллар келиб ахволимни ўрганишди. Уй-жой олиб бериш учун дас­турга киритилдингиз, дейишса, ишонмагандим. Уйни излаш, харидорни кўндириш, тозалаб пардоз бериш, кўчиб ўтиб жойлашиш каби барча хизматларни бизни безовта қилмай қатор ташкилот вакиллари ўзлари бажаришди. Кеча барча юмушлар ниҳоя­сига етказилгач, номимга расмийлаштирилган уй ҳужжатларини тутишди. Турмуш ўртоғим билан шу куни ухлай олмадик. Биринчи марта хотиржам бўлдик.
Боёвут тумани марказида жойлашган икки хонали хонадонда барча шароитлар муҳайё дейиш мумкин. Иситиш тизими, ювиниш хонаси, хонадоннинг биринчи қаватда жойлашуви каби қулайлик­лар I гуруҳ ногирони бўлган Илҳомжоннинг тўғри парвариш олиши учун асқотадиган бўлди. Уйнинг ҳовли қисмида тандирхона, янги жиҳозланган болалар майдончаси бор.
Янги уйни йўқлаб келган илк меҳмонлар ҳам туман ташкилот вакиллари бўлишди. Туман хотин-қизлар қўмитаси оилага жавон совға қилди. «Оила» маркази раҳбари Саодат Қорабекова янги гилам, ЎзЛДП туман кенгаши вакиллари озиқ-овқатлар билан йўқлаб келишди.
Оиланинг ҳаётида янги саҳифалар очилишни бош­лади. Бу саҳифалар сермазмун ва ёқимли лаҳзаларга бой бўлишини тилаймиз.

«Орзудаги уй экан»

Гулистон туманидаги «Аҳи­л­­­­лик» маҳалласида 4 сотих майдонга эга ҳовли уйга кўчиб кирган Шаҳноза Эгамбердиева 2 нафар фарзандини ёлғиз тарбия қиляпти.
…Шаҳноза турмуши бузилгач, ота уйида яшай бош­лайди. Онасининг вафотидан сўнг меҳр топилмаган уйда яшай олмай, 2 йил муддат очиқ майдонга ўрнатилган вагонда ҳаёт кечиришга мажбур бўлди.
– «Қачондир бошпанам бўлади» деган орзу ҳам қилгим келмасди, – дейди у. – Чунки орзунинг ушалишига ишончим йўқ эди. Тандирхона, оғилхона, ошхона каби қўшимча қурилмалари бор бўлган шинам ҳовлининг соҳибаси бўлганимдан жуда бахтлиман.
Шаҳнозанинг ўзи бош­пана тутган вагон деворларига фарзанди Азизжон чизган уй расмига қараб эзилган кунлари кўп бўлган. Бугунги барча ташаккурлари чин қалбдан айтилмоқда.

Умиданинг умидлари

Умида Андасова 4 нафар фарзанди билан турмуш ўртоғидан айрилди. Волидаси ёрдамида фарзандлари парваришини давом эттирди. Бироқ онаси ҳам вафот этгач, ҳеч бир меҳрибон қўл бошини силамади. Маблағсиз ва бошпанасиз қолди.
– Бошимдан нималар ўтмади, ижарама-ижара сарсон бўлдим, – дейди у кўзларида ёш билан. — Фарзандларим билан чиқинди қутиларидан елим халта, идиш тўплаб кун кечирдим. Ёрдам сўраганларим фарзандларимни Меҳрибонлик уйига топширишимни маслаҳат беришди. Бундай ҳолатга тушмаслик учун ҳаракат қилдим. Лекин ҳар сафар болаларим ёшлиги, уларга кўз-қулоқ бўладиган бирор кўмакчим бўлмагани учун ҳеч ишни удда қила олмадим. Ночорликдан далада дов-дарахтга пана тортиб кун кечирган кунларим бўлган. Маҳалла маслаҳатчилари ёрдамида фуқаролик паспорти, фарзанд­ларига гувоҳнома олишга муяссар бўлди. Унинг яшаш шароитини ўрганиб, давлат томонидан уй олиб бериш дастурига киритишди. Умида икки хонали уй соҳибасига айланди.

Ватанга садоқатли бўлади

Сирдарё туманида яшовчи Шавкат ва Зебинисо Усмоновлар оиласи ҳам эҳтиёжманд оилалардан ҳисобланади. Оила икки нафар фарзанди билан 5 йил давомида масжид биносида яшаб келган. «Исломобод» маҳалласи хотин-қизлар бўйича маслаҳатчиси Санобар Абдуқодирова кўмагида фарзанди Эъзоза мактабгача таълим муассасасига қатнай бошлаган. Бандлик бошқармаси тавсияси билан Шавкатжон йўл қурилиш корхонасига ишга жойлашди. Улар манзилли дастур асосида 2 сотих майдонга эга 3 хонали ҳовли соҳиби бўлишди.
– Давлатимиз кўрсатган ғамхўрлик учун фарзандларимизни муносиб авлод қилиб тарбиялашга ваъда берамиз, – дейди Зебинисо. – Илоҳим, фарзандларимиз Ватанимиз хизматини қиладиган юртпарвар бўлиб улғайишсин.

Эртаклари ушалган болам

Сардобалик Ҳулкар Шукурова уч қиз ва икки нафар ўғилни ёлғиз тарбиялаб келмоқда. Яхшиямки, тикувчиликдан хабари бор экан. Рўзғорини тебрата олди. Бироқ фарзандлари билан бирга яшашга бошпана тополмай кўп қийналди. Кўпинча опасидан ёрдам олиб турди. Фарзандлари ҳам Гулистон шаҳридаги опасиникида яшаб мактабга қатнашди.
– Яхши ўқисанг, катта одам бўласан. Ўшанда ўз уйимизни сотиб оламиз. Унинг хоналари кўп бўлади. Биттаси сеники, биттаси синглингники бўлади, деган орзуни болаларим эртак қилиб айтишимни яхши кўрарди, – ­дейди қаҳрамонимиз.
Бугун бу беғубор орзулар ушалиб, оила Гулистон шаҳрида ўз уйларига эга бўлди. Уйнинг энг чиройли хонаси, албатта, болалар хонаси бўлган. Ахир, хона меҳр ва иштиёқ билан ясатилган-да!

«Энди ижарада  турмаймиз»

Насиба Усмонова қарийб 27 йилдан буён ижара уйларда яшаб келмоқда. Доимо меҳнат қилди, бировдан бир сўм сўрамади. Лекин ёлғиз қўл билан топгани рўзғордан ортмади. Бахтсиз автоҳалокат сабаб 7 йил тўшакда ётиб қолди. Фарзандлар айни улғайиб қизини узатадиган, ўғилларини уйлантирадиган палла эди ўшанда. Парваришга муҳтожлиги, рўзғор юмушларига кўмакчи заруратидан даволанишдан ортган пулларга тўй қилишди. Хуллас, 4 хўжалик битта ижара уйда яшаб келди. Эҳтиёжманд сифатида рўйхатда бўлган ушбу оила манзилли дастур асосида 4 хонали уйга кўчиб ўтди.
– Ижарада турганнинг топгани йиғилмайди экан, – дей­ди Насиба опа. – Минг шукур, уй соҳиби бўлдик. Энди топганимизга барака бериб, фарзандларимга уй олишни ният қиляпмиз.

Озода МАМАДАЛИЕВА,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар