Ишқибозликдан бошланган тадбиркорлик

137

– Беданачилик камхаражат, шу билан бирга, сердаромад соҳа эканини эшитгандим-у, ўзим шу юмуш билан шуғулланиб яна бир карра бунга амин бўлдим, – дейди фарғоналик тадбиркор Алишер Ҳакимов. – Бундан 4 йил аввал ишқибозлик учун 50 та бедана сотиб олгандим. Кўп ўтмай беданалар тухумга кирди. Дастлаб оиламиз эҳтиёжига яраб турди. Кейинчалик ортиқчасини қўни-қўшниларга, ёнимиздаги дўконларга тарқата бошладик. Кундан-кунга талаб ҳам, даромадимиз ҳам ошиб бораверди. Шундан сўнг бедана боқиш ва кўпайтириш ҳаракатига тушдим. Айни пайтда беданаларим сони икки мингдан ошди.

Мутахассисларнинг маълумотига кўра, битта бедананинг кунлик озуқа миқдори 26 грамм омихта емидан ошмас экан. Боз устига бедана 200 грамм семириши учун бир килограмм озуқа кифоядир. Камчиқим бу парранданинг тухум бериш даври тугаса, гўшти ҳам яхшигина даромад келтиради. Бедана палапонларининг қарийб 80 фоизи яшаб кетади. Гўшти ва тухумининг шифобахш хусусиятлари сабаб уларга талаб доим юқори. Бедана тухуми таркибида A, PP, B1, B2 витаминлари ва минерал моддалар бўлиб, қувват жиҳатидан товуқ тухумига қараганда анча юқори кўрсаткичга эга.
– Беданаларни кўпайтириш учун уйда инкубация ташкил қилдим. Албатта, бунинг учун, аввало, билим ва тажриба зарур. Шу мақсадда соҳанинг ўзига хос жиҳатларини андижонлик беданабоқарлардан ўрганиб қайтдим. Ҳозир ушбу таж­рибалар менга қўл келаяпти, – дейди А.Ҳакимов. – Беданани боқишга кетган харажат бир неча ҳисса даромад билан қайтади. 1000 та беданадан бир кунда ўртача 500-600 тагача тухум олиш мумкин. Келгусида уларнинг сонини янада кўпайтиришни режалаштирганман.
Президентимиз томонидан жорий йил 13 ноябрь куни имзоланган «Паррандачиликни янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» ги қарор тадбиркорларга янги имкониятларни туҳфа этди. Айниқса, экспортга мўлжалланган маҳсулотлар ҳаж­мини ошириш борасида белгиланган молиявий ислоҳотларни амалга оширишда мазкур ҳужжатнинг аҳамияти катта бўлди. Бу каби қўллаб-қувватлаш тадбиркорлар фаолиятини самарали ташкил этишга хизмат қилиши шубҳасиз.

Жамшид АБДУВАҲОБОВ

Бошқа хабарлар