Икки ярим йилгача хайр

307

Бошқа нашриётларни айта олмайман, аммо «Ёш гвардия»­­да ўзига хос кун тартиби бор эди. Эрталаб ишга биринчи келган киши, албатта, чой қўйиши керак. Бир-икки пиёладан мириқиб ичилгач, муаллифларнинг қўлёзмалари билан ишлаш бош­ланади.

Соат ўн иккиларга яқинлашганида тушлик масаласини ҳал қилиш лозим бўлади. Борди-ю сомса ейдиганлар кўпчиликни ташкил қилса, бирорта чаққонроқ йигитни олдиндан ўчиртга қўймаса бўлмайди. Лағмон ейиладиган бўлса ҳам шундай. Баъзан Эркин ака Миробидов ёки Ҳамид Жалоловнинг кўнгли «думба-жигар», яъниким ўша пайтлари бағоят машҳур бўлган тўрт тийинлик пирожка тусаб қолади. Бошқалар қаршилик қилишмаса, пастга тушиб ўтирмай, хонанинг ўзида овқатлана қоламиз. Бир гал мен, ­бошқа бир гал Саидғани Сайдолимов хизматда бўламиз.
Пирожкахўрлик тугагач, шахмат мусобақаси бошланади. Ўтган кунги олишувда қаттиқ эзилганлар рақибларидан ўч олиш мақсадида астойдил жангга киришадилар. Мусобақа то директоримиз тушликдан қайтгунларича давом этади.
Эркин ака шахматга унча қизиқмайди, томоша қилиб туришни, ютқазаётган томоннинг асабига тегадиган луқмалар ташлашни ёқтиради. Шу боис, баъзи ўйинлар охирига етмай, жанжал бошланиб кетади.
Бир куни китоби нашриёт режасига кирган, аммо қўлёзмаси муҳокамадан ўтмаган бир муаллиф келиб қолиб, шахмат ўйинига киришиб кетди. Устма-уст уч марта ютқизди. Асаби таранг­лашиб турган эди, Эркин ака оловга керосин сепди:
– Ука, аввал ҳам шахмат ўйнаганмисиз?
Муаллифнинг жон-пони чиқиб кетди. «Мени ким деб ўйлаяпсиз, фалон-фалончиларни эзиб юрган одамман. Разрядим бор. Хоҳласангиз, сизни ҳам… эзиб қўйишим мумкин. Ўйнайсизми?», деди жаҳл устида.
– Ўйнайман, – деди Эркин ака босиқлик билан, – менинг разрядим йўқ, аммо битта арзимас шартим бор.
– Қанақа шарт? – ҳайрон бўлди муаллиф.
– Ютқизиб қўйсам, беш йилгача қўлимга шахмат ушламай, эртадан кечгача қўлёзма таҳрир қиламан. Мабодо ютсам, беш йилгача нашриётга келмай турасиз. Омон-эсон пенсияга чиқиб олай, ана ундан кейин бемалол…
Эркин ака шундай дея тахта устига шахмат доналарини шахдам тера ­бошлади. Ўйин бошланди. Бир зумда хонага одам тўлди. Униси уни юр, буниси буни юр, деб тургандан кейин нима ҳам бўларди. Орадан ярим соат ўтиб, ҳар икки томон ҳам дурангга рози бўлишди.
– Хўш, – деди муаллиф Эркин акага қараб, – шартингиз нима бўлди?
– Икки ярим йилгача хайр, – деди Эркин ака ва ўрнидан даст туриб ташқарига чиқиб кетди.

Аҳмаджон МЕЛИБОЕВ

Бошқа хабарлар