Раҳмонов нега ранжиди?

734

Кўнгил нозиклигини гулга қиёслаш мумкин. У бир оғиз яхши гапдан яшнаса, озгина қўполликдан озор чекади. Олтмиш ёш остонасидаги одамни юпатиш, далда беришнинг машаққатини бошдан ўтказганларгина билади.

ЕТТИНЧИ МУРОЖААТ

Тойлоқ тумани тиббиёт бирлашмаси шифокор-лаборанти Хайрулло Раҳмонов Самарқанд вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасига мурожаат қилишга мажбур бўлди. У ўзини ўртаётган муаммони шунча пайтдан буён истиҳола қилиб ичга ютиб келганини, бир воқеа сабаб пинҳона дардлари юзага қалқиб чиққанини баён қилган.
– Тойлоқ тумани тиббиёт бирлашмаси маъмуриятининг меҳнат соҳасидаги қонунларни бузиш ҳолати юзасидан жорий йилнинг ўзида 6 та ариза ва шикоятларни ўргандик, – дейди Самарқанд вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси юридик бўлими мудири Улуғбек Ғаниев. – Барча ҳолатларда иш берувчининг қонунни қўпол равишда бузгани аниқланиб, ноҳақликка дуч келган ходимлар касаба уюшмалари ёрдамида ўз иш ўрнига тикланди. Хайрулло Раҳмонов еттинчи аризачи.
Тойлоқдаги ҳолатни юридик бўлим ходимлари билан биргаликда ўрганишга ҳаракат қилдик.

«Қорнимга эмас, қадримга йиғлайман»

Маълум бўлишича, яқинда нишонланган тиббиёт ходимлари касб байрами арафасида тиббиёт бирлашмаси кадрлар бўлими бошлиғи Фазлиддин Пардаев Хайрулло Раҳмоновга вилоят миқёсида нишонланадиган байрам тантаналарига таклиф этилгани ҳақидаги хабарни етказади. Меҳнат фаолиятида сира бундай тадбирларга бормаган кекса шифокор ясан-тусан қилиб байрам нишонланаётган манзилга ошиқади.
– Самарқанд шаҳридаги бир мажмуа­­да вилоят тиббиёт муассасаси фидойилари ва фахрийлари йиғилган экан, – дей­ди Хайрулло Раҳмонов. – Тойлоқ туманига ҳам алоҳида жой белгиланибди. Бошлиғимиз ва ҳамкасбларим жойлашган столга яқинлашдим. Бироқ раҳбаримиз «Бу ерда таклифномаси борлар ўтиради. Меҳмонлар учун белгиланган жойга ўтинг», деди. Бу гапдан бўладиганим бўлди. «Бу ёққа ўт» дейдиган бир одам топилмади. Ноқулай вазиятдан чиқиш учун тадбирдан астагина чиқиб кетишимга тўғри келди. Ҳали-ҳануз ўзимга келолганим йўқ. Таниш-билишлар, оилам, набираларнинг тантана қандай ўтгани тўғрисидаги саволларидан юрагим ўртанади. Нима, мен иккинчи даражали одамманми? Қарийб қирқ йилдан буён ҳеч кимдан таклиф этмадинг, дея гина-кудурат қилмаган бўлсам… Ўзлари чақириб, бундай хўрлашга қандай ҳаққи бор уларнинг? Юзлаб шифокорлар жой эгаллаган мажмуада менга ўрин бўлмагани, ўсал бўлиб қайтганим юрагимга ханжардек ботади. Инсон қорни учун эмас, қадри учун йиғлайди, деганлари рост экан.
Тойлоқ тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Гулнора Рустамова ҳижолатпазликни изоҳлашга ожиз эканини билдирди.
– Хайрулло Раҳмонов яхши одам, – деди у. – Бошқармадан байрамга таклиф этилгани ҳақидаги хабарни кадрлар бўлими орқали унга мен етказганман. Аҳволни ўнг­лаймиз… Яқинда унга қўшимча яна 0,25 ставка иш бердик…

«Пул меники, бироқ…»

– Тиббиёт бирлашмаси раҳбари топшириғи билан ҳар ойда ойлик маошимиздан чегирма олиб қолиш одатга айланган. Энг ачинарлиси, бу ҳолатга ходимларнинг рози ёки норозилиги ҳеч кимни қизиқтирмайди. Масалан, ҳали фойдаланмаган электр энергияси учун олдиндан 9 минг квт. электр энергиясига пул тўлаб қўйганман. Бироқ мендан сўраб-нетиб ўтирмасдан қарийб 1,5 миллион сўмга яқин маблағни мажбуран ушлаб қолишди. Боз устига, шу тахлитда ер солиғи, мулк солиғи, ободонлаштириш, истеъмолчилар ҳимояси ҳамда бошқа мақсадларни кўзлаб мажбурий равишдаги ушлаб қолиш­лар маошимизнинг баракасини учириб юбораётир, – дейди Хайрулло Раҳмонов. – Уч нафар фарзандим олийгоҳда ўқийди. Тиббиёт бирлашмаси бошлиғи «марҳамати» билан бир йилдан буён 0,75 фоизлик иш ставкасида меҳнат қилаяпман. Бир умр тер тўксанг-у, унга бундай муносабатда бўлишса, ­кўнглинг озор чекар экан…
Тойлоқ тумани тиббиёт бирлашмаси ҳисобчилари Сардор Мирзаев ҳамда Наж­миддин Пардаев ҳамкорлигида мажбурлаб ушлаб қолиш ҳолатига ҳам бир қур назар ташладик. Аввалига «буни биз ўйлаб топмаганмиз, ўз аризасига биноан бўлаётир», деб турган ҳисобчиларнинг кўп ўтмай шашти пасайди. Чунки, Хайрулло Раҳмоновнинг бунга ёзма розилик хати топилмади. Хуллас, бу ҳолатда ҳам аризачи ҳақ экан.

Хулоса

Тойлоқ тумани тиббиёт бирлашмасидаги аризабозликдан англадикки, жамоадаги маънавий муҳит ҳавас қиларлик даражада эмас. Тизимда аён бўлган камчиликларга Самарқанд вилояти тиббиёт бошқармаси раҳбарлари холис баҳо беришига ишончимиз комил.

Нурилла ШАМСИЕВ,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар