Оила устуни… — аёл

345

Энг ўжар, энг манман эркаклардан тортиб амир-у умаролар, донолар-доноси саналмиш донишмандлар ҳам хулқ-у одоб борасида хотинлардан бошқа ҳеч бир инсонга итоат этган эмас. Мактаб ва турли илм масканларида фаолият кўрсатиб келган чўнг фикрли кишилар ҳузурида сабоқ олган олим-у уламолар ҳам ўз оналаридан олган тарбиялари билан яшаб, ана шу тарбияни сўнгги кунларига қадар сақлаб келган. Шу сабабдан ҳам машҳур файласуф Афлотун «Инсонлар ҳар вақт аёллар истаганидек бўлади», деган гапни айтган.

Тарбия топган аёл ота-онаси, эри, боласи, қўшнилари, ишхонасидаги ходимларнинг тарбияси-ю, хулқи-одоби билан ўзига ром қилади. Табиийки, бахтли ҳаёт кечиради. Бироқ тарбиясиз аёл бунинг аксини қилиб, ота-онаси, боласини эл аро боши хамликка мубтало этади. Инсон қанчалик бой, обрў-эътибор соҳиби бўлмасин, оиласида тарбияли аёли бўлмаса, ҳар қанча уринмасин, ўзини бахтиёр ҳисоб­лай олмайди. Бахт дегани оила теграсида роҳатли умр кўриш ҳам демакдир. Зеро, оиласида роҳат-фароғат кўрмаган инсон унинг ташқарисида ҳам роҳат кўролмайди. Шу боис миллатни тарбия қилмоқ учун аёлларни тарбияламоқ, ушбу тарбия­­ни болаларга ҳам сингдира оладиган даражага олиб чиқмоқ лозим.
Бунга эришиш осонликча кечмайди, албатта. Бугун баъзи аёлларимиз ўз оиласи, турмуш ўртоғи, қайнона-қайнотасига терс муомалада бўлиб, ахлоқсизлиги туфайли турли балоларга мубтало бўлмоқда. Ўз фарзандлари, оиласини ташлаб, тўғри келган хорижий давлатларга чиқиб кетмоқда. Қаровсиз қолган оила тўзиб, болалар жиноятга қўл урмоқда. Бугун телеэкран орқали баҳс-мунозаралар уюштирилиб, матбуотда тарбиянинг издан чиқишига кимдир оила, мактаб, яна биров маҳалла айбдор деб баҳолаётгани ҳам бежиз эмас.
Наздимизда, бунга энг катта сабабни оиладан, уни бошқариб бораётган ота-­онадан қидириш керак. Бунда, айниқса, она, аёлнинг иштирокига алоҳида эътибор берилса, мақсадга эришиш анча осон кечади. Агар аёлларимиз тарбияни илм-у фазилат даражасига кўтариб, бу билан шуғулланишга астойдил бел боғласа, оилада тарбия ҳам, ахлоқ ҳам тўғридан-тўғри фарзандларимизга кўчади.
Куни кечагидек ҳамон кўз ўнгимда. Илгарилари рухсат сўраб онамизга мурожаат қилсак, «отангдан сўра» деган гапни эшитардик. Ота шаънига заррача ниш тегадиган бўлса, дарҳол онамиз «сенларни боқаман деб ўзини ўйламаган отангга муносабатинг шуми?», деб қаттиқ ёзғирар эди. Шу боис ота гапирганда акамиз ҳам индамай эшитиб турар, «катта одам гапирганда эътироз қилмай эшитиб туриш керак», деб бизга маслаҳат берарди.
Рухсатсиз дастурхон атрофидан турилмас, таом ейиш қоидаларига қатъий риоя қилинарди. Ҳозирда эса кечки овқатга ҳам ҳамма баб-баравар йиғилмайди, дуч келган жойда тановул қилиб кетилаверади. Натижада ота-бола, она-бола ўртасидаги мулоқот камайиб, тарбиявий қадриятларимизга эътибор қаратилмай қўйди.
Онанинг тарбиявий насиҳатларида гап кўп. Негаки, насиҳат деган нарса унутилганларни эсга солиш деганидир. Кимки унга қулоқ тутмаса, таълим-тарбия сабоғидан бебаҳра қолади. Бу, шубҳасиз, инсон боласини таълим-тарбия, илмдан маҳрум қилишга йўл очади. Болаларга жуда эрта ёшдан бошлаб тарбия берилмаса, ана шу ҳолатнинг ўзи ҳам тарбиясизликнинг урчишига йўл очиши тайин. Ахир, тиб илмидан бехабар бўла туриб, беморларни даволаб бўлмайди-ку?
Баъзи одамлар қўлидаги бор мол-­дунёсини болаларига бахшида этишга тайёр. Аммо энг хатарли, қўрқинч туғдирадиган илмсизлик, таълим-тарбия, фазл-у камолга эътиборини қаратмайди. Мана шу ҳолатнинг ўзи ҳам тарбиясизликдан бош­­қа нарса эмас. Боланинг ўз ота-онасига нисбатан қўпол, қўрс муомала қиладиган бўлиши, ёшлигидан маишат, ялқовлик, текинхўрликка берилиши қўрқинчли ҳолатдир. Болаларининг шафқати кўланкасида роҳатли умр кечириш умидида асраб-авайлаб ўстирган фарзанди ортидан ёмон гапларни эшитса, ота-онага бундан ҳам ортиқ жазо борми? Ҳолбуки, бундай ярамас ҳолатларнинг юзага келишига аксар ҳолларда ота-онанинг ўзлари сабабчидир. Шу боисдан ҳам, энг аввало, аёлларимизга турмушга чиққунга қадар жуда чуқур оилавий тарбия, одамгарчилик, турмуш қуришга ҳар тарафлама тайёр туриш, борга-йўққа кўнишга, қаноатга, оиланинг муқаддаслигини тушунтириб боришга ҳаракат қилиш керак. Аёлнинг ҳусни-жамоли, унинг киядиган зарҳал кийимлари, олтин ва биллур тақинчоқлари эмас, балки ота-­онасидан олган хулқи, таълим-тарбияси асл зийнатдир.

Маҳмуд НАЗАРОВ,
филология фанлари номзоди

Бошқа хабарлар