Устувор вазифалар белгиланди

250

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг V Мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиков бошқарди.

Кун тартибидан дастлаб Ўзбекис­­­тон касаба уюшмалари Федерациясининг Касаба уюшмалари Умумконфедерацияси (ВКП)га аъзоликка киришига оид масала жой олди. Маълумки, хорижий давлатларнинг касаба уюшма марказлари, шунинг­дек, халқаро касаба уюшма бирлашмалари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни ўрнатиш ва ривожлантириш Касаба уюшмалари Федерацияси фаолиятининг муҳим стратегик йўналишларидан бири ҳисоб­ланиб, мазкур йўналишда кўпдан-кўп самарали натижаларга эришилди. Янги ва муҳим амалий қадамлардан бири — Касаба уюшмалари Умумконфедерацияси (ВКП) билан ҳамкорлик алоқаларининг ўрнатилиши эса МДҲ, халқаро ташкилотлар, биринчи навбатда, БМТнинг ихтисослаштирилган ташкилотларида Ўзбекистон манфаатларини ҳимоя қилишда мазкур ташкилот, шунингдек, унга аъзо бўлган хақаро тармоқ касаба уюшмалари бирлашмалари томонидан қўллаб-қувватланиш имконини яратиши шубҳасиз.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва унга аъзо ташкилотларнинг фаолиятида қонунийликни таъминлашда локал ҳужжатларнинг роли тўғрисидаги масала ҳам мажлис иштирокчиларининг диққат-эътиборида бўлди. Тизимда уларни қабул қилиш ва амалга киритиш ҳолатини таҳлил этиш мақсадида тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашлари, Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳри касаба уюшма ташкилотлари бирлашмалари ҳамда тасарруфдаги ташкилотларда бу борада амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилинди.
Шубҳасиз, ушбу таҳлил тизимдаги ташкилотлар фаолиятида ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқишдаги хатолик­ларга барҳам бериш, бу йўналишдаги ишларни такомиллаштиришда муҳим ўрин тутади.
Мажлисда Ўзбекистон Рес­публикасининг «Касаба уюшмалари тўғрисида»ги Қонуни (янги таҳрирда) лойи­ҳаси тўғрисида атрофлича сўз юритилди. Таъкидланганидек, касаба уюшмаларига оид ушбу қонунни қабул қилиш бугунги кун учун ҳаётий заруратдир. Чунки амалдаги қонун 1992 йил 2 июнда қабул қилинган бўлиб, унга гарчи 2001 ва 2016 йилларда ўзгартиришлар киритилган бўлса-да, мазкур ҳужжат касаба уюшмаларининг ҳуқуқ ва фаолиятлари кафолатларини тартибга солади, холос. Касаба уюшмаларини ташкил этиш, шунинг­дек, уларни тегишли рўйхатдан ўтказиш масалалари эса ўз аксини топмаган. Бундан ташқари, унда касаба уюшмаларига оид асосий атамалар тушунчалари берилмаган.
Шу боис, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Раёсатининг 2018 йил 15 августдаги 10-08 «с» сонли қарори билан қонуннинг янги таҳририни ишлаб чиқиш учун ишчи гуруҳ тузилиб, юқори малакали юристлар ва бошқа мутахассислар жалб этилган ҳолда янги қонун лойиҳаси тайёрланди. Мажлис қарорига кўра, мазкур қонун лойиҳасини белгиланган тартибда алоқадор вазирлик ва идоралар билан келишиш ҳамда уни қабул қилиш учун Олий Мажлис палаталарига киритиш ишларини амалга ошириш мақсадида комиссия тузилиб, унинг зиммасига тегиш­ли вазифалар юкланди.
Мажлис кун тартибидаги шу ва ­бошқа масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Ўз мухбиримиз

Бошқа хабарлар