Фидокорона меҳнатнинг муносиб эътирофи

166

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили» деб эълон қилинган 2018 йил барча жабҳаларда кенг кўламли ислоҳот ва янгиланиш­ларга бой бўлди. Бунинг самараси бугун жамиятимиз ҳаёти ва халқимиз турмушида юз берган ижобий ўзгаришларда намоён бўлмоқда. 

Унда таъкидланганидек, «2017 – 2021 йилларда Ўзбекис­тон Республикасини ривож­лантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси»да белгиланган вазифалар доирасида бажарилган кенг қамровли чора-тадбирлар давлатимиз ва жамиятимиз тараққиётининг мутлақо янги босқичини бошлаб бергани эътироф этилди. Ўзгариш ва ислоҳотлар, шунингдек, инсон манфаатларини таъминлаш ҳамда ёшларга кўрсатилаётган эътибор натижасида уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги ва ташаббус­корлиги муттасил ортиб бормоқда.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси жорий йилда ёш касаба уюшма аъзоларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг илмий изланишлари, салоҳияти ва инновацион ишланмаларини рўёбга чиқариш билан боғлиқ қатор танловлар ва лойиҳаларни амалга оширди. Хусусан, меҳнат соҳасида изланиш ва тадқиқотлар олиб бораётган илмий ходим-изланувчилар фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида «Илмий тадқиқотлар учун грант» онлайн танлови ҳамда стипендиялар танлови, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари, академик лицейлар, умумтаълим мактаб­лари ҳамда ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернатлари ўқувчилари ўртасида «Меҳнат ҳуқуқи билимдони» онлайн-танлови ўтказилди. Бундан ташқари, касаба уюшмалари фаолиятини ташкил этишда фаоллик кўрсатаётган, илм-фан билан шуғулланиб, мамлакатимиз ривожига муносиб ҳисса қўшаётган фаол ёшлар учун «Касаба уюшмаларининг илмий стипендияси» таъсис этилиб, иқтидорли ва эҳтиёжманд оилалардан бўлган талаба ёшларни «Касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда ёшларни соғломлаштириш лойиҳаси» амалга оширилмоқда.
Тантанали тадбирда танлов ва лойиҳалар ғолиби бўлган бир гуруҳ ёшлар муносиб тақдирланди. Жумладан, Касаба уюшмалари Федерациясининг «Илмий тадқиқотлар учун грант» онлайн-танлови ғолиби бўлган 2 нафар илмий изланувчи ёшлар – Тошкент давлат юридик университети мустақил изланувчиси Динара Отажонова ҳамда Қарши муҳандислик иқтисодиёт институти катта ўқитувчиси Отабек Омоновга бир марталик махсус грант маблағлари топширилди.

Ҳудудий саралаш босқичида 1250 нафарга яқин ўқувчи ёшлар иштирок этган «Меҳнат ҳуқуқи билимдони» онлайн-танловида ғолибликни қўлга киритган ёшлар махсус совғалар билан тақдирланди.
Шундан сўнг ёш касаба уюшма аъзолари, шунингдек, олий таълим муассасаларининг ижтимоий ҳимояталаб оилалардан бўлган талабаларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, соғлиғини муҳофаза қилишга кўмаклашиш мақсадида ташкил этилган «Касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда ёшларни соғломлаштириш лойиҳаси» доирасида 14 нафар фаол йигит-қиз ҳамда ёш мутахассисларга тизимдаги санаторийларда бепул соғломлаштириш учун йўлланмалар берилди.
Таъкидлаш зарурки, зўр қизиқиш билан ўтказилган «Касаба уюшмаларининг илмий стипендияси» ва «Касаба уюшмалари стипендианти» лойиҳалари ҳам барча олий ўқув юртлари талабаларини қамраб олди. Касаба уюшмалари стипендиялари энг фаол ва инновацион ғояларга эга бўлган, илм-фан соҳасидаги янгиликларга интилувчан, ташаб­бускор ва иқтидорли ёшларга насиб этди. Ана шундай ёшлардан бир гуруҳи – турли ҳудудлардаги олий таълим муассасалари талабаларидан 14 нафари касаба уюшмалари стипендиялари, 5 нафар талаба эса касаба уюшмаларининг илмий стипендияларига лойиқ кўрилди. Тадбир доирасида ушбу стипендия­лар, диплом ва статуэткалар ўз эгаларига топширилди.
Бундан ташқари, тадбирда «Йилнинг энг фаол ёш мутахассиси» танловининг 20 та номинациясида ғолиб бўлган энг фаол ёш мутахассислар муносиб рағбатлантирилди. Уларга диплом ва қимматбаҳо совғалар тақдим этилди.
Турли соҳаларда намунали фаолият кўрсатиб келаётган, ўз ишининг устаси бўлган, фидокорона меҳнатлари билан юрт равнақига ҳисса қўшаётган, бу йўлда изланиш ва ташаббус кўрсатишдан тўхтамаётган, ижтимоий шериклик асосида халқимизнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва ҳуқуқларини ҳимоялаш борасида юқори натижаларга эришаётган турли соҳа ходимларини рағбатлантириш, бу орқали уларнинг профессионаллик даражаси ва меҳнат унумдорлигини ошириш мақсадида ўтказиб келинаётган «Ўз касбининг моҳир эгалари» танлови ғолиблари ҳам тадбир иштирокчилари диққат марказида бўлди. Жорий йилда ўтказилган мазкур танловда ғолибликни қўлга киритган 30 нафар ўз касбининг моҳир эгаларига Касаба уюшмалари Федерацияси дипломи ҳамда совғалар топширилди. «Меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлигини таъминлаш ишларини энг яхши ташкил этган корхона, муассаса, касаба уюшма ташкилоти ва мутахассислари», «Касаба уюшмаларининг энг яхши спортчиси ва энг яхши мураббий» йўналишидаги номинантлар ҳам муносиб тақдирланди.
Тантанали тадбир давомида «Йилнинг энг яхши санаторийси», «Йилнинг энг яхши шифокори», «Санаторийда фаолият юритаётган энг яхши ҳамшира» номинацияси ғолиб­лари муносиб тақдирланди. Бундан ташқари, Касаба уюшмалари Федерацияси тасарруфидаги ташкилотларнинг энг яхши мутахассислари «Энг яхши қурувчи», «Энг яхши ўқитувчи», «Энг яхши журналист» номинациялари бўйича рағбатлантирилди.
Алоҳида қайд этиш зарурки, Ватанимиз мустақиллигини ­мустаҳкамлаш, унинг равнақи йўлидаги ишларда муносиб ҳисса қўшаётган, ишчи-ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, касаба уюшмалари нуфузини оширишда фаол иштирок этаётган касаба уюшма фаолларини Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг «Эҳтиром нишони» билан тақдирлаш анъанага айланган. Жорий йилда ҳам касаба уюшмаларининг 30 нафар фаоллари ушбу нишон билан тақдирланди.
Тантанали тадбир якунида спектакль намойиш этилди.

Ўзбекистон касаба
уюшмалари Федерацияси
Матбуот хизмати

Бошқа хабарлар