Ҳамкорлик алоқаларининг янги босқичи

185

Бугун Тошкент шаҳрида Касаба уюшмалари Умумконфедерацияси
(КУУ) Ижроия қўмитасининг сайёр йиғилиши ўтказилади. Хўш, ушбу
анжуманнинг юртимизда ўтказилиш сабаби нимада ва унда биз учун аҳамиятли қандай масалалар муҳокама қилинади?

Мамлакатимизнинг халқаро ҳамжамиятдаги ўрни ва нуфузини янада ошириш, хорижий, энг аввало, бир минтақада жойлашган, азалий яқин алоқаларга эга давлатлар билан иқтисодий, ижтимоий, ­маданий-маърифий, гуманитар соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига катта эътибор қаратилмоқда. Бугун Ўзбекистон қўшни мамлакатлар, қолаверса, МДҲга аъзо давлатлар билан барча соҳаларда мустаҳкам алоқаларни йўлга қўйган ва ушбу алоқаларни мустаҳкамлаш йўлида жиддий ­саъй-ҳаракатлар амалга оширилаётир.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан қабул қилинган «2017 – 2021 йилларда Ўзбекис­тон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси»да жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг замонавий шаклларидан унумли фойдаланиш, ижтимоий шериклик самарадорлигини янада ошириш, фуқаролик жамияти институтларини тараққий топтириш, уларнинг ижтимоий ва сиёсий фаоллигини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилган. Бу эса ўз-ўзидан халқаро ҳамкорлик муносабатларини кучайтиришга жиддий муносабатда бўлишни талаб этади. Ушбу йўналишдаги ишларни ривожлантириш жараёни Ўзбекистонда энг оммавий жамоат ташкилоти бўлган Касаба уюшмалари Федерацияси фаолиятида ҳам яққол ўз ифодасини топаётгани қувонарлидир.
Ўз сафида 6 миллион нафардан ортиқ аъзоларни жамлаган Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси дунёдаги барча касаба уюшмалари сингари ишчи-ходимларнинг қонуний ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга қаратилган вазифалар бўйича мақсадли ишларни амалга ошираётганлиги алоҳида таъкидга лойиқ. Вазирлар Маҳкамаси, Касаба уюшмалари Федерацияси ва Савдо-саноат палатаси ўртасида тузилган Бош келишувга мувофиқ 100 дан ортиқ соҳавий, 14 та ҳудудий келишувлар ва 171 мингдан зиёд жамоа шартномалари амал қилмоқда. Шу билан биргаликда, ХМТнинг техник кўмаги билан уч томонлама ижтимоий мулоқот ва шерикликнинг доимий амалда бўлган миллий институтлаштириш органини яратиш масаласи ўрганиб чиқилаётир.
Яқинда бўлиб ўтган «Барқарор тараққиёт мақсадлари доирасида муносиб бандликни таъминлаш: халқаро амалиёт ва Ўзбекистон тажрибаси» мавзусидаги халқаро анжуманда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерация­­си раиси Қудратилла Рафиков таъкидлаганидек, «Ишчи-ходимларни, айниқса, аёллар ва ёшларни ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашни таъминлаш касаба уюшмалари фаолиятининг устувор йўналиш­ларидан бири ҳисобланади. Касаба уюшма ташкилотлари томонидан ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар олдини олиш ва касб касалликлари профилактикасини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилади».

Ушбу жараёнда Федерация хорижий давлатларнинг касаба уюшмалари марказлари, халқаро касаба уюшмалари бирлашмалари билан алоқаларни кенгайтириш соҳасида тизимли ишларни амалга ошираётгани фаолиятда кузатилаётган жиддий ўзгариш­лардан далолатдир. Жумладан, 2017-2018 йилларда Қирғизис­тон касаба уюшмалари Федерацияси, Қозоғистон касаба уюшмалари Федерацияси, Тожикис­тон мустақил касаба уюшмалари Федерацияси, Туркманистон касаба уюшмалари Миллий маркази, Россия ­мустақил касаба уюшмалари Федерацияси билан ўзаро ҳамкорлик тўғрисида келишув ва меморандумлар имзоланиб, амалий ишлар ­бошлаб юборилди.
Ҳар томонлама манфаатли халқаро алоқаларни кенг кўламда тараққий эттириш айни ҳозирги вазиятда касаба уюшмаларининг мазкур йўналишдаги фаолиятини янада кучайтириши табиий ҳолдир. Шу маънода Касаба уюшмалари Умумконфедерацияси билан ҳамкорликнинг йўлга қўйилиши ўта муҳим аҳамиятга молик.
Шу ўринда мазкур ташкилот билан яқин алоқалар ўрнатишга сабаб бўлган асосий омиллар ҳақида тўхталиб ўтамиз. Касаба уюшмалари Умумконфедерацияси (КУУ) МДҲда давлатлараро миқёсда кенг тан олинган халқаро ташкилот бўлиб, бугунги кунда унга Россия, Беларусь, Озарбайжон, Арманис­тон, Молдова, Грузия, Тожикис­тон, Қирғизистон давлатларининг касаба уюшмалари марказлари, шунинг­дек, 26 та халқаро тармоқ касаба уюшмалари бирлашмалари аъзо ҳисобланади.
Беш йилда бир марта чақириладиган съезд Касаба уюшмалари Умумконфедерациясининг олий бошқарув органидир. Ташкилот фаолиятига раҳбарлик қилувчи доимий коллегиал орган – КУУ Ижроия қўмитаси Россия Федерацияси пойтахтида жойлашган.
2017 йил 12 сентябрда ­Москва шаҳрида Касаба уюшмалари Умумконфедерациясининг VIII съезди бўлиб ўтди. Унда Россия мустақил касаба уюшмалари Федерацияси раиси Михаил Шмаков Касаба уюшмалари Умумконфедерацияси раиси, МДҲ ўрмон хўжалиги тармоқлари Халқаро касаба уюшмалари Федерацияси раиси Виктор Карнюшин вице-президент, Владимир Шербаков бош котиб этиб сайланди.
Касаба уюшмалари Умумконфедерацияси (КУУ) МДҲ қатнаш­­чи давлатлари Парламентлараро Ассамблеясида кузатувчи мақомига эга, МДҲнинг Иқтисодий кенгаши, шунинг­дек, бошқа давлатлараро органлар ишида фаол қатнашиб келади. Бундан ташқари, БМТнинг ихтисос­лаштирилган ташкилотлари билан яқиндан ҳамкорлик қилади, унга Европа бўйи­­ча минтақавий маслаҳатчи, БМТ жамоат билан алоқалар Департаментининг нодавлат ташкилотлари Қўмитаси, Иқтисодий ва ижтимоий Кенгашида маслаҳатчи мақоми берилган.
Касаба уюшмалари Умумконфедерацияси билан ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг йўлга қўйилиши МДҲ, халқаро ташкилотлар, биринчи навбатда, БМТнинг ихтисослаштирилган ташкилотларида Ўзбекистон манфаатлари ҳимоя қилинишида мазкур ташкилот, шунингдек, унга аъзо бўлган халқаро тармоқ касаба уюшмалари бирлашмалари томонидан қўллаб-қувватланиш имкониятини яратади.
Бундай шароитда Ўзбекис­тон касаба уюшмалари Федерациясининг мазкур халқаро касаба уюшмалари бирлашмасига аъзо бўлишига эришиш қанчалар муҳим экани ўз-ўзидан тушунарлидир. Шу мақсадда ЎзКУФК томонидан Касаба уюшмалари Умумконфедерацияси билан музокаралар олиб борилди ҳамда ушбу масалани Касаба уюшмалари Умумконфедерацияси Ижроия қўмитасининг сайёр йиғилишида кўриб чиқиш, йиғилишни Тошкент шаҳрида ўтказиш ҳақида келишувга эришилди.
Ушбу сайёр йиғилишда Касаба уюшмалари Умумконфедерацияси (КУУ) делегацияси ­аъзолари, халқаро касаба уюшмалари бирлашмалари вакиллари, хорижий мамлакатлар, хусусан, Арманистон, Тожикис­тон, Беларусь, Қирғизистон, Озарбайжон, Грузия давлатларининг касаба уюшмалари марказлари раҳбарлари иштирок этиши кутилмоқда.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва Касаба уюшмалари Умумконфедерацияси (КУУ) ўртасида ўрнатилаётган мустаҳкам ҳамкорлик алоқалари мамлакатимизда меҳнат соҳаси ривожини таъминлаш, ишловчиларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳамда ҳуқуқий манфаатларини юқори даражада ҳимоялаш борасидаги ишларни янги ва янада юксак даражага олиб чиқишда муҳим ўрин эгаллаши шубҳасиз.

Ўз мухбиримиз

Бошқа хабарлар