Мантиқ ва туйғу

199

Жалолиддин Румий яшаган даврда тасаввуф таълимоти бутун Шарқ мамлакатларида кенг тарқалган, оддий халқ қатори ҳукмдорлар ҳам нуфузли тасаввуф шайхларини ҳурмат қилар, улар билан ҳисоблашишга мажбур эдилар. Жалолиддин ёшлигиданоқ бобоси ва отаси ёрдамида турк мутасаввифларининг бой меросидан баҳраманд бўлган. Шом, Ҳалаб, Дамашқ, Қайсария сингари йирик илм марказларида ўзининг билимини янада мустаҳкамлаган эди. У ўз умрини тасаввуф таълимотининг энг илғор жиҳатларини – бағрикенглик, инсонпарварлик, адолат, меҳр-мурувват ғояларини тарғиб қилишга бахшида этди. Шу сабабли у қолдирган маънавий ва ирфоний мерос бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотган эмас.

Шоирнинг сўнгги кунлари ҳақида шогирдлари, дўстлари кўплаб хотиралар ёзишган. Шулардан бири Шамсиддин Афлокийнинг «Маноқиб ул-орифин» асаридир. Унда ёзилишича, шоир оғир хаста пайтида Кўнё­­да бир ҳафта ер қимирлайди. Шунда у дўстлари ва шогирдларига қараб, «Бечора ер ёғли луқма истаяпти» дейди. Бунда у ўз вафотини кўзда тутган эди.
1273 йилнинг совуқ қиш кунларидан бирида Мавлононинг жўшқин ҳаёти ниҳоясига етади. Шоир ўз ўлимини мангуликнинг илк қадами сифатида кутиб олади. У туғилишни илоҳий нурдан узилиш ва ўлимни яна ўша нурга қўшилиш деб билар эди. Унинг вафоти Кўнё шаҳрида жуда катта мотамга айланади. Дафн маросимида мусулмонлар, насронийлар, яҳудийлар бирдек иштирок этадилар. Чунки у ўз умри давомида инсон фарзандларини бирликка, аҳилликка чақирган, динлар ва эътиқодлар турлича бўлса ҳам, Яратувчи ягона эканлигини тарғиб қилган донишманд эди.
Шоир Кўнёдаги Эрамбоғчага, отаси қабри ёнига дафн этилган. Орадан 750 йилга яқин вақт ўтган бўлса-да, Мавлоно мақбараси жаҳондаги энг машҳур зиёратгоҳлардан бири бўлиб қолмоқда. Ҳар йили декабрь ойида бу ерда ўтказиладиган рақс-у самоъ мажлисларига дунёнинг турли мамлакатларидан минг­лаб зиёратчилар келади. Румийнинг шогирдлари ва фарзандларига васияти шундай бўлган: «Сизларга васиятим шуки, хоҳ пинҳон, хоҳ ошкор оз еб, оз ухланг, оз гапиринг, гуноҳлардан сақланинг, тунлари бедор бўлиб, ҳавойи орзу-истаклардан воз кечиб, оми ва нодонлар даврасини тарк этиб, улуғлар ва солиҳлар билан суҳбат қуриб, Аллоҳга тақво қилинг. Одамларнинг яхшиси – одамларга фойдаси тегадиганидир. Сўзнинг яхшиси – ози ва мақсадга етказадиганидир. Ва ҳамд ёлғиз Аллоҳгадир».
Жалолиддин Румий ҳақидаги китоб­ларни ўқиб, ён дафтаримга кўп ҳикматларни ёзиб қўйганман. Сабоқларимда улардан фойдаланиб келаман. Бунинг учун Ўзбекистон халқ шоири Жамол Камол ва истеъдодли адибимиз Улуғбек Ҳамдамдан миннатдор бўлишимиз керак. Мана, ўша ёзувларимнинг баъзилари: «Дўкондаги нарсалар омбордагиларнинг бир қисмидир. Омборда бор нарсаларнинг ҳаммасини дўконга сиғдириб бўлмайди. Инсон ана шундай дўконга ўхшайди. Унга Тангрининг сифатлар хазинасидан бирор-бир парча (эшитиш, кўриш, ҳис этиш, сўзлашиш, ақл-фаросат, билим, мардлик, жасорат кабилар) берилган. Демак, инсонлар Тангрининг сотувчиларидир ва улар бу иш билан машғулдирлар. Кундузи савдо қилиб, идишларни бўшатадилар, кечаси эса бўш идишларни яна тўлдирадилар, тўлганларини қувватлантирадилар».
«Инсон гапирувчи ҳайвондир. Ҳайвонлик унда доимийдир, айрилмасдир. Сўз ҳам шундоқ. Инсон тили билан ҳеч нарса демаса ҳам, ичида ҳамиша гапиради, фикр қилади. Бу – лойқа сув тош­қинига ўхшайди. Тошқиннинг тоза суви инсоннинг сўзи, балчиғи эса – ҳайвонлигидир. Бироқ, балчиқ унда ўткинчи бўлиб, вақти билан ундан асар ҳам қолмайди, яхши ёки ёмон бўлишига қарамай, сўзлар, ҳикоят ва билимлар қолади».
«Очлик – бир савол. Вужуд уйида бир танглик бўлиши билан: «Ғишт бер, лой бер», дейди. Овқат емаслик эса «Бунга ҳали эҳтиёж йўқ» деган жавобдир. Табибнинг бемор қўлини ушлаши савол бўлса, томирнинг уриши жавобдир. Одамнинг юзига боқиш – савол, унинг ранг-рўйи эса – сўзсиз жавоб. Уруғ сочмоқ – савол, унинг кўкариши – тилсиз айтилган жавоб. Уруғнинг униб чиқмай, чириб кетиши ҳам жавоб. Жавоблар сассиз бўлгани учун, саволлар ҳам сассиз бўлиши мумкин. Зеро, жавоб бермаслик ҳам жавобдир».
Маҳмуд Асад Жўшоннинг Мирзо Кенжабек таржимасида чоп этилган «Тасаввуф ва гўзаллик» китобида қуйи­даги ривоят бор. Бир хонақоҳда улуғ бир Шайх ҳузурига илм истаб келган ёшларни ўқитар, турли юмушларни бажаришга буюрар, вақти-соати келганда салоҳиятларига қараб, «Бўлди, бўтам, энди сен фалон юртга, сен эса писмадон юртга бор, олган илмингни ўша ерда намоён эт, насибанг ўша ерда» деб шогирдларига фотиҳа берар экан. Баъзи талабалар хонақоҳда узоқ қолиб кетишса, баъзилари тиришқоқлик қилиб, тез орадаёқ йўлга тушишар экан.
Шу хонақоҳнинг ошхонасида бир киши анчадан бери ҳолва пиширар экан. Бир куни у узун сопли куракчаси билан қозонда ҳолва тайёрлаётган экан, Шайх ҳузурига келган муридларнинг устоздан фотиҳа олиб, турли юртларга кетишаётгани хаёлидан ўтибди, «Мендан кейин келганлар ҳам кетаяпти, бошқалари келаяпти, кетаяпти, Мен эса бу ерда ҳолва тайёрлаб ётибман. Бизга ҳам бирор вазифа берилармикин, «Бўлди, сен фалон юртга бор, тирикчилигингни ўтказ» дейишармикин. Бу ноҳақлик эмасми?» деб ўйлабди. Шу фикр ҳаёлидан ўтиши билан ҳолва пишаётган қозоннинг олдида… Шайх ҳазратлари пайдо бўлибди ва унга: «Бўлди, етишдинг» деб ҳолвачини Ҳиндистон ўлкасига жўнатибди. Йўл олдидан шогирдига шундай дебди: «У ерларда нима топсанг, қоқ иккига бўламиз, ярми сеники, ярми меники бўлади, шуни унутма», дебди.
Ҳолвачи тайинланган манзилга етиб бориб, чекка бир жойда қўним топибди. Илми, гўзал хулқ-одоби, чиройли ибодати, ҳаммага яхшилик қилиши сабаб одамлар унга ҳурмат-эҳтиром кўрсатишибди, номи бутун юртга тарқабди. Орадан бирмунча вақт ўтиб, юртнинг ҳукмдори вафот этибди. Одамлар кимни ҳукмдорликка тайинлаш тўғрисида бош қотириб туришганида, бир киши: «Мана шу муборак зотни тайинлаймиз», дебди. Бу таклиф ҳаммага маъқул келибди.
Хуллас, собиқ ҳолвачи юртга подшоҳ бўлибди. Адолат билан иш тутиб, халққа кўп яхшиликлар қилибди, юрт обод бўлиб, хазина бойликка тўлибди. Орадан кўп йиллар ўтиб, бир куни саройга Шайх ҳазратлари кириб келибди. Подшоҳ устозга иззат-икром кўрсатибди, тахтидан тушиб, у жойга Шайхни ўтқазиб, ўзи пастга тушиб, у кишининг қаршисида тиз чўкибди, иккалалари узоқ суҳбат қуришибди. Одамлар подшоҳнинг бу ишларидан ҳайратга тушишибди. Орадан бир неча кун ўтгач, Шайх ҳолвачига: «Сени бу ерга жўнатганимда, нима топсанг қоқ иккига бўламиз, деганим ёдингдами? Ёдингда бўлса, қани келтир топган-тутганингни», дебди. Ҳолвачи: «Ҳа, ёдимда, топган-тутганимнинг ҳаммаси сизники бўлақолсин», дебди. Шайх «Шартномамиз шундай эдими?» деб эътироз билдирибди. Ҳолвачи мол-мулки, уй-жойи – нимаси бўлса, ҳаммасини айтибди. Шайх жиддий туриб, ҳамма нарсани иккига бўла бошлабди. Бундан ҳолвачининг юраги сиқилибди. Тақсимот тугагач, Шайх муридидан: «Уйландингми?» деб сўрабди. – «Ҳа, уйландим, беш нафар фарзандим бор», дебди подшоҳ. Шайх: «Иккитаси сеники, иккитаси меники, бешинчисини иккига бўламиз», дебди. Подшоҳ: «Йўқ, устоз, бешинчиси сизники бўла қолсин, хизматингизни қилиб юради», деган экан, Шайх бу таклифга кўнмай, «Мен адолатли одамман, тенг бўлиб оламиз», деб болта келтиришни буюрибди. Подшоҳнинг капалаги учибди, «Боламни худди қўйни нимталагандек иккига бўлса, фарзандимдан айрилиб қоламан-ку, ҳе, сендақа устозни», дея қўлидаги курак билан Шайхга ҳамла қилибди. Ҳамласидан ўзи ҳам чўчиб, хаёли жойига келибди. «Ё Аллоҳ, хайрият хаёл экан», дебди. Шу пайт қараса, Шайх ҳазратлари эшик кесакисига суяниб унга қараб турган экан. Қўрққанидан эгилиб салом берибди. Шайх бўлса унга қараб, бамайлихотир: «Кавлайвер, бўтам, бу калланг билан хонақоҳда ҳали кўп ҳолва пиширасан» , деган экан.
Кўринадики, инсоннинг яхши хулқи, одамларга тегаётган нафи, эзгу фазилатлари муҳим. Ота-онасини, устозларини севмайдиган, халқнинг, мамлакатнинг тарихига, қадимдан сақланиб келаётган урф-одатлар, анъаналарга беписанд бўлган, уларга амал қилмайдиган, илм олишга қизиқмайдиган кишилар ҳаётда ҳеч нимага эришмайди, шахсий манфаатлари доирасида қолиб кетадилар.

Аҳмаджон МЕЛИБОЕВ

Бошқа хабарлар