Таълим сифатини ошириш — бош вазифа

268

Маълумки, бағрикенглик тамойилларига қатъий амал қилинган жойда ҳамжиҳатликда улкан мақсадларни амалга ошириш учун шарт-шароит юзага келади. Туманимизда истиқомат қилаётган барча миллат ва элатларнинг таълим олиш имкониятлари ҳуқуқий жиҳатдан таъминланган. Мавжуд 55 та умумтаълим мактабларидан 46 тасида таълим ўзбек тилида, 5 тасида тожик, 3 тасида қозоқ ҳамда 1 тасида рус тилида олиб борилади.

Президентимизнинг 2012 йил 10 декабрда қабул қилинган «Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ умумтаълим мактабларининг 1-синфидан бошлаб чет тилларини ўқитиш йўлга қўйилди. Шу асосда Вазирлар Маҳкамаси томонидан узлуксиз таълим тизимининг Давлат таълим стандарти тасдиқланиб, унга мувофиқ чет (инглиз, немис ва француз) тили фанларидан ўқув дастурлари ишлаб чиқилди ва амалиётга жорий этилди. Ушбу Давлат таълим стандарти ва ўқув дастурларига умумэътироф этилган Европа Кенгашининг «Чет тилни эгаллашнинг умумевропа компетенциялари: ўрганиш, ўқитиш, баҳолаш» тўғрисидаги халқаро ҳужжати (CEFR) меъёрлари асос қилиб олинди. Ҳозирда ҳар бир ҳудудда иқтидорли ва тажрибали хорижий тил ўқитувчилар гуруҳи шакллантирилиб, улар тренерликка тайинланган.
Фан ва техника жадал суръатлар билан ривожланаётган бугунги кунда ­кўплаб илмий билимлар, тушунча ва тасаввурлар ҳажми ҳам шунга монанд-мос равишда кескин ортиб бормоқда. Бу, бир томондан, фан-техниканинг янги соҳа ва бўлимлари тараққий этиши туфайли унинг дифференциаллашувини таъминлаётган бўлса, иккинчи томондан, фанлар орасида интеграция жараёнини вужудга келтирмоқда. Бундай шароитда юқори малакали педагогларга бўлган талаб ортиб, баркамол авлодни асрлар давомида шаклланиб келган умуминсоний ва миллий қадриятлар руҳида тарбиялаш лаёқатига эга, фаннинг фундаментал асос­лари, педагогика ва психология методларини мукаммал эгаллаган, касбий тайёргарлиги юксак даражада бўлган ҳамда замонавий педагогик ва ахборот технологияларини амалиётда қўллаш кўникма ва малакасига эга ижодкор педагогларни тайёрлаш талаб этилади.
Ҳеч кимга сир эмаски, таълим-тарбия жараёнида педагогик инновацияларни кенг кўламда қўллаш жаҳон тараққиётининг глобал тенденцияси ҳисобланади. Педагогик инновациялар кўламининг ортиши, мамлакатда модернизация жараёнининг тез суръатларда ривожланаётганлиги сабабли айни даврда таълим соҳасига янгиликларни тизимли равишда киритишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Аммо таълим жараёнларига ўқитишнинг янги мазмун, шакл, метод ва воситаларини татбиқ этиш бўйича педагогик тадқиқотларнинг жорий этиш даражасини ҳозирча етарли деб бўлмайди.
Дарҳақиқат, янгиланган таълим тизимини жорий этишда ҳар бир ўқитувчи ўз фани ва баркамол авлод таълим-тарбиясига оид янгиликларни мунтазам ўрганиб, уларни ўз меҳнат фаолиятида изчил қўллай билиш маҳоратига эга бўлиши ўта муҳим. Бугун фан ва техника соҳасидаги янгиликларни ўқув дастурлари мазмунига тез киритиш талаб этилади ва бу орқали замонавий билимларни шакллантиришга замин ҳозирланади. Бугина эмас, замонавий ўқитиш технологиялари, улар билан боғлиқ методик ёндашувлар бўлажак ўқитувчиларда зарурий билимлар, муҳим қонуниятлар, кўплаб фундаментал тушунчаларни нисбатан енгил, чуқур ва мустаҳкам шакллантириш учун қулай шароит яратади.
Зеро, таълим-тарбия жараёнида ўқувчиларда коммуникатив, ахборот билан ишлаш, ўзини ўзи ривожлантириш, ижтимоий фаол фуқаролик, миллий ва умуммаданий, математик саводхонлик, фан ва техника янгиликларидан хабардор бўлиш ҳамда фойдаланиш каби таянч компетенцияларни таркиб топтириш муҳим аҳамиятга эга.
Ўқувчи-ёшлар ўртасида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш устувор вазифага айлангани ҳам бежиз эмас. Чунки тил ва адабиёт ўқитувчисининг энг асосий ва долзарб вазифаларидан бири ҳам шу. Бугунги кунда умумтаълим муассасалари кутубхоналари бадиий адабиётлар билан тўлиқ таъминланаётган бўлса-да, ўқувчиларнинг китоб ўқишга қизиқиши талаб даражасида эмас. Болага китоб ўқитиш учун ўқитувчининг ўзи ўрнак бўлиши керак. Мамлакатимиз Президентининг 2017 йил 12 январдаги «Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида»ги Фармойиши асосида ўқувчилар ўртасида китоб ўқиш маданиятини янада юксалтириш борасида режали тадбирлар амалга оширилмоқда. Ўқувчилар ўртасида ўзаро соғлом рақобат муҳитини яратиш ва уларни китоб мутолаасига рағбатлантириш мақсадида «Энг яхши китобхон ўқувчи» ва «Китобхон мактаб» танловлари туманимизда ташкил этилиб, ҳозирги кунда мактаб босқичи ташкил этиб келинмоқда.
Таълим соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ижобий ишлар, қўлга киритилган кўплаб ютуқлар билан бир қаторда, ечимини кутаётган муаммолар ҳам кўзга ташланади. Булар:
биринчидан, Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2017 йил 6 апрелдаги «Умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг давлат таълим стандартларини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори билан тасдиқланган Давлат таълим стандарти ва ўқув дастурларининг мазмун-моҳияти мутасаддилар, таълим муассасалари раҳбар кадрлари ҳамда фан ўқитувчилари томонидан тўлиқ тушуниб етилмаганлиги боис таълим жараёнида компетенциявий ёндашувга асосланган янги босқичга ўтишда бўшлиқлар юзага келмоқда;
иккинчидан, вилоят миқёсида «Фан ойликлари», фан олимпиадалари, «Билимлар беллашуви» ва бошқа кўплаб тадбирлар ўтказилиши, таълим муассасаларидаги илғор тажрибаларни оммалаштириш мақсадида ташкил қилинган семинарлар ўтказилишига қарамай, ўз фикрини ёзма равишда белгиланган талаблар даражасида баён эта олмайдиган, ўзбек тилининг имло қоидаларини яхши билмайдиган ўқувчиларни учратишимиз мумкин;
учинчидан, умумтаълим мактаблари кутубхоналари бадиий адабиётлар билан таъминланаётгани ҳолда ўқувчиларнинг китоб ўқишга қизиқиши талаб даражасида эмас;
тўртинчидан, чет тили фанларидан яратилаётган дарсликлар (дарслик, ўқитувчи методик қўлланмаси, машқ дафтари ва мультимедиа илова) ва ажратилаётган замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан мақсадли фойдаланишда лоқайдликка йўл қўйиш ҳолатлари учраб турибди;
бешинчидан, таълим ўзбек тилида олиб бориладиган мактаблардаги ўқувчилар рус тилида ўзаро мулоқотга кириша олмайди.
Шундан келиб чиққан ҳолда қуйи­даги вазифаларни бажариш талаб этилмоқда:
биринчидан, она тили ва адабиёт, рус тили, чет тиллари ва қардош тиллардан дарс бераётган ўқитувчиларнинг барчаси ҳам ўз фанидан етарли даражадаги билим, кўникма, малака ва компетенцияларга эга эмаслигини инобатга олиб, уларнинг малакасини оширишда муқобил усулларни қўллаш ҳамда тинимсиз изланишларни йўлга қўйиш;
иккинчидан, 2007 йилгача таълим қардош тилларда олиб бориладиган мактаб­ларда «Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси» кўрик-танлови ўтказиб келинган бўлиб, афсуски, кейинги йилларда ушбу кўрик-танлов ўтказилмаяпти. Кўрик-танловни қайтадан ташкил этиш қардош тиллар ўқитувчилари орасидан истеъдодли ва иқтидорлилари аниқланиши ҳамда уларни қўллаб-қувватлаш орқали қардош тиллар ўқитилишининг сифат ва самарадорлигини оширишга хизмат қилади;
учинчидан, таълим ўзбек ва қардош тилларда олиб борилаётган мактабларда рус тилининг ўқитилиш сифати пасайиб кетаётганлиги сабабли ушбу фан ўқитувчиларининг малакасини ошириш ҳамда фаннинг сифат ва самарадорлигига эришишга қаратилган ечимини кутаётган қатор чора-тадбирларни ишлаб чиқиш каби масалалар олдимизда турибди.
Бу вазифаларни изчил равишда самарали амалга ошириш, ёш авлод таълим-тарбияси йўлида алоҳида ­масъулият ҳис этиб, ўқитиш сифатини такомиллаштириш педагогларнинг биринчи галдаги вазифаси бўлмоғи лозим.

Тимур РЎЗИЕВ,
Навоий вилояти Нурота тумани
ХТБ бош инспектoр методисти

Бошқа хабарлар