ЎЗБЕКИСТОН КАСАБА УЮШМАЛАРИ ФЕДЕРАЦИЯСИ — КАСАБА УЮШМАЛАРИ УМУМКОНФЕДЕРАЦИЯСИ САФИДА

83

Тошкент шаҳрида Касаба уюшмалари Умумконфедерация­­си (КУУ) Ижроия қўмитасининг сайёр йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Касаба уюшмалари Умумконфедерациясининг нуфузли делегацияси вакиллари – КУУ Ижроия қўмитаси раҳбарлари ва аъзолари, чунончи, Касаба уюшмалари Умумконфедерацияси Президенти ­Михаил Шмаков, Касаба уюшмалари Умумконфедерацияси вице-президенти, МДҲ ўрмон хўжалиги тармоқлари Халқаро касаба уюшмалари Федерация­­си раиси Виктор Карнюшин, Касаба уюшмалари Умумконфедерацияси Бош котиби Владимир Шербаков, тармоқ касаба уюшмалари Халқаро бирлашмалари мутасаддилари, Арманистон, Беларусь, Озарбайжон, Тожикистон, Қирғизистон каби хорижий давлатларнинг касаба уюшмалари марказлари раҳбарлари, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раҳбарияти ва масъул ходимлари, тармоқ касаба уюшмалари Рес­публика кенгашлари ва ҳудудий касаба уюшма ташкилотлари бирлашмалари раҳбарлари иштирок этдилар.

Йиғилишни Умумконфедерация Президенти ­Михаил Шмаков олиб борди.
– Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси замон билан ҳамнафас одимлаётган, ўзининг аниқ мақсад ва позициясига эга кучли ташкилот саналади, – деди Умумконфедерация Президенти. – Хабаримиз бор, Халқаро меҳнат ташкилоти бир неча йиллар муқаддам Ўзбекистонда болалар меҳнатидан фойдаланилмоқда, деган тахминни илгари сурган эди. Ўзбекис­тон касаба уюшмалари Федерациясининг саъй-ҳаракатлари билан Халқаро меҳнат ташкилоти мамлакатда болалар меҳнатига бутунлай барҳам берилганлигини тан олди ва буни расман эътироф қилди. Ташкилот раҳбари Рай Гайдер Ўзбекистонга ташрифи давомида Федерация фаолиятига юқори баҳо берди. Биз ҳам Ўзбекис­тон касаба уюшмалари Федерациясини тенг шерик, муносиб ҳамкор деб ҳисоблаймиз. Умумконферация фаолиятининг янада такомиллашувида Ўзбекистон касаба уюшмаларининг кўмагига таянамиз.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиков йиғилиш иштирокчиларини самимий қутлади ҳамда Ўзбекистонда биринчи марта КУУ Ижроия қўмитаси йиғилиши ўтказилаётганлиги мамлакатимиздаги 6 миллион нафардан ортиқ касаба уюшма аъзолари учун муҳим воқеа эканлигини билдирди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ўрни ва нуфузи ошиб бормоқда. 2018 йил давомида мамлакатимизга Россия, Беларусь, Тожикис­тон давлатлари раҳбарларининг расмий ташрифлари амалга оширилгани ўзаро муносабатларнинг янада мустаҳкамланишига хизмат қилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан турли соҳаларда, айниқса, ижтимоий-меҳнат муносабатлари соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар аҳоли ҳаёт сифати ва фаровонлигини оширишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. «Инсонлар эрта ё индин эмас, бугун бахтли яшашлари шарт» тамойили асосида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар туфайли мамлакат ижтимоий-иқтисодий салоҳияти муттасил юксалмоқда.
Кейинги икки йилда 50 миллиард доллар қийматида инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилганлиги жаҳон ҳамжамиятининг ўзига хос эътирофи бўлиб, ушбу жараёнда мамлакатдаги энг катта жамоат бирлашмаси бўлган касаба уюшмалари ҳам фаол иштирок этаётир. Биринчи навбатда муносиб иш шароитлари, меҳнат муҳофазаси, ижтимоий мулоқот, меҳнатга яраша ҳақ тўлаш, гендер тенгликни таъминлаш масалаларига эътибор қаратилмоқда.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Умумконфедерацияга аъзо бўлиши ҳар томонлама аҳамиятли бўлиб, халқаро муносабатларни йўлга қўйиш, БМТнинг ихтисослаштирилган ташкилотларида Ўзбекистон манфаатларини ҳимоя қилишда ЎзКУФ ушбу ташкилот кўмагига таянади. МДҲ давлатлари касаба уюшмалари фаолияти, меҳнат муносабатларининг йўлга қўйилиши юзасидан таҳлилий маълумотларга эга бўлиш имкониятлари кенгаяди. Айниқса, мигрантларнинг меҳнатларини муҳофаза қилишда КУУ билан ҳамкорликнинг аҳамияти катта. Шуларни инобатга олган ҳолда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Касаба уюшмалари Умумконфедерациясига аъзо бўлишга азм-у қарор қилди ва бу юзасидан тегишли тартибда мурожаат этди.
Ижроия қўмита йиғилиши ушбу масалани атрофлича кўриб чиқди. Умумконфедерация Бош котиби ўринбосари Альберт Попанов Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси барча ҳужжатларни меъёр талаблари асосида тақдим этганлигини, аъзолик масаласи Умумконфедерация Устави талаблари асосида ҳал қилинишини билдирди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосари Бахтиёр Маҳмадалиев ижроия қўмита аъзоларини Федерация фаолияти билан таништирди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари томонидан бевосита корхона, ташкилот ва муассасаларда фаолият кўрсатаётган ходимлар ва уларнинг оила аъзолари ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, меҳнат соҳасидаги ижтимоий шерикликни ривожлантириш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Шу мақсадда иш берувчилар ва касаба уюшма қўмиталари ўртасида имзоланаётган жамоа шартномаларининг ижтимоий таркиби кучайтириб борилмоқда. Натижада, бугунги кунда корхона, ташкилот ва муассасаларда иш берувчи билан ходимлар ўртасидаги меҳнатга, ижтимоий-иқтисодий масалаларга ва касбга оид муносабатларни тартибга солувчи норматив ҳужжат бўлган жамоа шартномалари турли соҳа ходимлари манфаатлари ҳимоясини кучайтириш ҳамда даромадларини ошириш манбаига айланиб бормоқда.
Мазкур жараёнда Ўзбекистон Респуб­ликаси Вазирлар Маҳкамаси, Касаба уюшмалари Федерацияси, Савдо-саноат палатаси ўртасида 2017 – 2019 йиллар учун тузилган ижтимоий-иқтисодий масалаларга оид Бош келишув алоҳида аҳамиятга эга. Бош келишув асосида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри миқёсида 14 та ҳудудий келишув, республика миқёсида 100 га яқин тармоқ келишуви, бевосита корхона, ташкилот ва муассасаларда эса 170 мингдан ортиқ жамоа шартномалари амал қилмоқда. Энг муҳими, бугун давр талабидан келиб чиққан ҳолда жамоа шартномалари ва келишувлари орқали ходимлар бандлигини таъминлаш, янги иш ўринларини яратиш, кадрларни ­тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш масалалари ҳал этилаётир.
Бугунги кунда жамоа шартномасида ходимлар ижтимоий ҳимоясини таъминлаш мақсадида белгиланган тадбирларни бажариш учун республика бўйи­­ча бир ходимга сарфланган маблағ миқдори ўртача 2,9 млн. сўмни ташкил этмоқда. Ўзбекистон касаба уюшмалари меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларига алоқадор бўлган ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқиш жараёнида ҳам фаол қатнашмоқда. Ходимлар меҳнатига муносиб иш ҳақи тўланиши, хавфсиз меҳнат шароит­лари яратилиши, улар меҳнати ва саломатлигини муҳофаза қилиш масалалари ҳам касаба уюшмаларининг доимий диққат марказида бўлмоқда. Шунингдек, кўп йилдан бери меҳнат қилиб келаётган тажрибали мутахассислар, пенсия ёшидаги ходимлар ва меҳнат фахрийлари ҳам жамоа шартномалари орқали ижтимоий ҳимояга олинмоқда.
Ижроия қўмита аъзолари кун тартибидаги масалалар юзасидан ўз фикрларини билдирдилар. Касаба уюшмалари Умумконфедерацияси Бош котиби Владимир Шербаков, Арманистон касаба уюшмалари Конфедерацияси раиси Эдуард Тумасян, Беларусь касаба уюшмалари Федерацияси раиси Михаил Орда, Темир­йўлчилар касаба уюшмалари халқаро конфедерацияси Бош котиби Геннадий Косолапов ва бошқалар Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Касаба уюшмалари Умумконфедерациясига аъзо бўлиши ҳар томонлама манфаатли эканлигини эътироф қилдилар.
Ўз навбатида, Касаба уюшмалари Умумконфедерацияси вакиллари Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаб­буси билан ишлаб чиқилган ва амалда изчил татбиқ этилаётган «2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегия­­си» доирасида Ўзбекистонда ҳаётга жорий қилинаётган мутлақо янгича ижтимоий сиёсат, инсон манфаатлари йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалий натижалари дунё ҳамжамияти ва нуфузли халқаро ташкилотлар ҳамда экспертлар томонидан эътироф этилаётганига алоҳида эътибор қаратдилар. Шунингдек, бугун нафақат Ўзбекистонда, балки Марказий Осиё минтақасида янги тамо­йиллар кучга киргани, кўп йиллардан бери мавжуд бўлган муаммоларни ҳал этиш, савдо-иқтисодий ва маданий-ижтимоий алоқаларни кенгайтириш, аҳолининг барча қатламлари ижтимоий ҳимоясини кучайтириш учун қулай имкониятлар очилгани эътироф этилди. Мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар миқёси жиҳатидан бетакрорлиги билан аҳамиятга молик эканлигини, мазкур ислоҳотлар ҳар бир инсонга йўналтирилганлиги, энг муҳим ижтимоий масалаларни ҳал этиш учун мақсадли дастурлар амалга оширилаётгани, иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда йирик ўзгаришлар рўй бераётгани боис дунё ҳамжамияти эътиборини тортаётгани ва эътирофига сазовор бўлаётгани таъкидланди.
Касаба уюшмалари Умумконфедерацияси (КУУ) делегацияси вакиллари Ўзбекистонда давлат, касаба уюшмалари ва иш берувчилар ўртасида йўлга қўйилган самарали ижтимоий шериклик ва ижтимоий мулоқот ҳамда унинг ижобий натижаларини, шунингдек, мамлакатимизда турли тармоқлар ходимларининг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш йўналишларида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан олиб борилаётган кенг кўламли ишларни юқори баҳоладилар. Ўзбекистон касаба уюшмаларининг қонун ижодкорлиги соҳасидаги иштироки, бандликни таъминлашга кўмаклашиш, меҳнатни муҳофаза қилиш, меҳнаткашлар, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш, аҳоли билан қайта алоқани йўлга қўйиш йўналишларидаги фаолияти диққатга сазовор эканлиги қайд этилди. Мамлакатимизда касаба уюшмаларига бирлашиш эркинлиги тўла таъминланаётгани, меҳнат жамоаларида жамоа шартномаларининг амал қилаётгани, Ўзбекис­тон касаба уюшмалари Федерациясининг етакчи касаба уюшма ҳаракатлари билан халқаро ҳамкорлиги ривож­ланаётгани алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Йиғилиш Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясини Касаба уюшмалари Умумконфедерациясига аъзо қилиш тўғрисида қарор қабул қилди.
Касаба уюшмалари Умумконфедерацияси Ижроия қўмитасининг Тошкентда бўлиб ўтган сайёр йиғилишида Ўзбекис­тон Республикаси Президенти Шавкат ­Мирзиёевни Касаба уюшмалари Умумконфедерациясининг фахрий олтин нишони билан тақдирлаш тўғрисидаги таклиф киритилди.
Ўзбекистон Республикаси меҳнаткашларининг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини таъминлаш, умуммиллий миқёсда ижтимоий шерикликни мус­таҳкамлаш, Ўзбекистон касаба уюшмалари нуфузини ошириш борасидаги улкан ҳиссаси учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни Касаба уюшмалари Умумконфедерация­сининг Фахрий олтин нишони билан тақдирлаш тўғрисидаги таклиф бир овоздан қўллаб-қувватланиб, қабул қилинди.

Муҳаббат ТЎРАБОЕВА,
«Ishonch» мухбири

Сўз – сайёр йиғилиш иштирокчиларига

Қодири ҚОСИМ,
Тожикистон мустақил касаба уюшмалари Федерацияси раиси:
– Бугунги йиғилишда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Касаба уюшмалари Умумконфедерациясига аъзо бўлиб кириши ҳақидаги муҳим масала кўриб чиқилди ва бу, ҳеч бир муболағасиз, Марказий Осиё минтақасидаги барча аъзо ташкилотлар учун ажойиб янгилик бўлди. Чунки Ўзбекистоннинг
Касаба уюшмалари Умумконфедерация­си аъзолиги – бизнинг умумий ютуғимиздир. Негаки, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси минтақадаги энг кўп сонли аъзога ва таж­рибага эгадир.
Кези келганда, алоҳида таъкидлашни истардимки, давлатларимиз раҳбарларининг иродаси билан бир-бирига яқин бўлган республикаларимиз ва халқларимиз ўртасида яхши қўшничилик муносабатлари ривож­ланиб, янги босқичга кўтарилди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Касаба уюшмалари Умумконфедерацияси (КУУ)га аъзо бўлиб киргани билан яна бир бор самимий қутлайман. Икки ташкилот ўртасидаги илиқ ва дўстона муносабатлар мустаҳкамланиб, кенгайиб, янада юқори босқичга кўтарилишига ишончим комил.

Михаил ОРДА,
Беларусь касаба уюшмалари Федерацияси раиси:
– Касаба уюшмалари Умумконфедерация­­си нафақат МДҲда, балки халқаро касаба уюшма ҳаракати ва БМТ тизимидаги халқаро ташкилотлар доирасида ҳам катта таъсир кучига эга.
Бугунги йиғилиш Касаба уюшмалари Умумконфедерацияси учун муҳим воқеа бўлди. Ишловчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишдан илҳом олган, кўп йиллик фаолиятга эга бўлган янги аъзоларимиз нафақат нуфузли миллий кучга айланди, балки халқаро касаба уюшмалари ҳаракатида муносиб равишда эътироф этилиб, ҳурмат-эътибор қозонди. Ишончим комилки, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси КУУнинг ҳудудий ва халқаро миқёсдаги таъсири ҳамда кучига янги туртки беради. Бу, шубҳасиз, барча иштирокчи мамлакатлар манфаатига хизмат қилади.

Мирбек АСАНАКУНОВ,
Қирғизистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси:
– Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кўпмиллионли аъзоларга эга ўта нуфузли ташкилотлардан биридир. У ҳозиргача Касаба уюшмалари Умумконфедерациясига аъзо бўлмаган бўлса-да, нафақат Марказий Осиёдаги, балки жаҳон миқёсидаги касаба уюшмалари ташкилотлари учун ҳам намуна бўлиб келган десам, бор ҳақиқатни айтган бўламан. Юртингиз ташкилотининг КУУга аъзо бўлиб кириши унинг салоҳияти ҳамда обрў-эътиборини янада юксакларга кўтарди.
Қирғизистон ва Ўзбекистон касаба уюшмалари яқин ҳамкорликни йўлга қўйган. Жумладан, ўтган 2017 йили икки мамлакат ўртасида Ҳамкорлик битими имзоланган эди. Ушбу битимга асосан алоқаларимиз муттасил ривожланиб бормоқда.

Геннадий КОСОЛАПОВ,
Темирйўлчилар касаба уюшмалари халқаро
конфедерацияси Бош котиби:
– Бугун Ўзбекистон темир йўл тармоғи жадал ривожланаётган давлатлардан бири саналади. Энг муҳими, ушбу тармоқда касаба уюшма аъзолари сафи йилдан йилга кенгаймоқда. Бу Ўзбекистон тажрибасидан бошқа давлатлар ҳам ибрат олиб, конфедерацияси фаолиятига татбиқ қилишига сабаб бўладиган жиҳатдир. Бизнинг Ўзбекистон авиация ходимлари касаба уюшмаси билан ҳам ҳамкорлигимиз бор. Уларнинг тажрибалари ҳам муҳим.
Шу маънода, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерация­сининг КУУга аъзо бўлиши таркибдаги касаба уюшмалари учун ҳам улкан аҳамиятга эга. Энди тажриба алмашув майдонимиз янада кенгайди. Ўзбекистондан ўрганадиганларимиз ниҳоятда кўп. Бу ҳамкорлик яқин келажакда ўз самарасини беришига ишонаман.

Агиль ДАДАШЕВ,
Озарбайжон касаба уюшмалари
Конфедерацияси раисининг ўринбосари:
– Озарбайжон ва Ўзбекистон касаба уюшмалари азал-азалдан яқин ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган. Икки йил аввал Тошкентда ХМТ томонидан ўтказилган тадбирда юртингиз касаба уюшма ташкилотлари мутасаддилари билан учрашган эдик. Ўшанда бизни тизимда фаолият кўрсатаётган касаба уюшма ташкилотлари, фаоллари билан яқиндан таништиришганди. Ушбу мулоқотлар бизда катта таассурот қолдирган эди. Энг муҳими, бизга яхши маълумки, Ўзбекистон касаба уюшмалари тизимида ўз ишининг усталари, етук мутахассислар фаолият юритади.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясини бугунги муҳим қадам – КУУ аъзолигига қабул қилингани билан муборакбод қиламан. Ушбу аъзолик Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тараққиёти йўлида амалий қадам бўлишига шубҳа йўқ.

«Ishonch» мухбири Давронбек ОРИПОВ ёзиб олди

Бошқа хабарлар