Эртанги кундан умидимиз катта

179

Якунланган 2018 йил Давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси тармоғи учун ўта сермаҳсул, қувончли ва муваффақиятли йил бўлди десак, асло муболаға бўлмайди.
Касаба уюшмалари тарихида биринчи маротаба Ички ишлар ҳамда Божхона органларида фаолият юритаётган махсус унвонга эга бўлган ходимлар касаба уюшмаси аъзолигига жалб қилинди. 3500 тага яқин корхона ва ташкилотларда фаолият юритиб келаётган 152 минг нафардан ортиқ ходим касаба уюшмаси ҳимоясига олинди.
Ўтган йили 14 та Тармоқ келишуви янги муддатга имзоланди, Ички ишлар вазирлиги, Адвокатлар палатаси ҳамда Божхона қўмитаси билан илк бор Тармоқ келишувига эришилди. Ушбу Тармоқ келишувлари асосида жойларда жамоа шартномалари тузилди.
Бундан ташқари, Меҳнат кодексининг 9-моддаси ҳамда тармоқ касаба уюшмаси Уставига асосан 47 та корхона ва ташкилотда меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя этилиши ўрганилди ҳамда аниқланган қонунбузилишларни бартараф этиш бўйича иш берувчиларга тақдимномалар киритилди ва юз нафардан ортиқ ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари тикланди.
Ютуқ ва муваффақиятларимиз ҳақида узоқ гапириш мумкин. Бироқ бугунги кун, бугунги давр талаби ўз ишимиз ва фаолиятимизни танқидий кўриб чиқиб, мавжуд имкониятлардан янада кенгроқ фойдаланиш, ходимларнинг ижтимоий ҳимоясини янада юксалтириш борасида янгича қараш, янги ғоя ва инновацияларни жорий этишни тақозо қилмоқда.
Янги йилда тармоқ корхона ва ташкилотларида меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя этилиши юзасидан текшириш ишлари янада кучайтирилади. Корхона ва ташкилотларда жамоа шартномалари орқали ёшлар учун Меҳнат кодексида белгиланган имтиёзлардан ташқари қўшимча кафолатлар берилишига эришишга алоҳида эътибор қаратилади. Касаба уюшмаси ташкилоти тузилмаган корхона, ташкилот, муассасаларда ишловчи ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида касаба уюшмаси аъзолигига кенг жалб қилиш ишлари янада кучайтирилади. Тармоқ ташкилотларида меҳнат қилаётган аёлларнинг меҳнат шароитларини яхшилашга кўмаклашиш, аёллар меҳнати ва уларнинг соғлиғини муҳофаза қилиш устувор вазифаларимиздан бири бўлиб қолади.
Президентимиз Мурожаатномада «Халқ вакилларида ҳар йилга қандай ном берилишидан қатъи назар, бундан буёғи якка-ю ягона мезон – ким бизга баҳо беради, деган савол кўндаланг туриши керак. Бизга баҳони фақат халқимиз беради», дея таъкидлаб ўтди. Дарҳақиқат, тизимда ҳар қанча иш қилмайлик, бунинг натижаси, аввало, халқимиз, ходимларимиз манфаатлари, фаровонлиги, розилигида акс этиши лозим. Ўйлаймизки, янги йил ҳам халқимиз ва касаба уюшма аъзоларимиз қалбини шодликка, хонадонини барака ва сурурга тўлдирадиган саодатли йил бўлади.

Анваржон АБДУМУХТОРОВ,
Давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари
касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси

Бошқа хабарлар