Муаммоларга биргаликда ечим топилади

67

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида «Меҳнат соҳасидаги муҳим аҳамиятга молик масалалар» мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Вазирлар Маҳкамаси, Касаба уюшмалари Федерацияси, Савдо-саноат палатаси ўртасида ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича 2017 – 2019 йилларга имзоланган Бош келишувга мувофиқ ташкил этилган тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва сенаторлар, вазирлик ва идоралар, Марказий банк, Бош прокуратура, Хотин-қизлар қўмитаси, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди ва бошқа қатор нодавлат нотижорат ташкилотлар мутасаддилари иштирок этди.
Давра суҳбатида 2018 йилда барча жабҳалар қаторида ижтимоий-иқтисодий соҳада ҳам кўплаб муҳим ўзгаришлар рўй бераётгани қайд этилди. Жумладан, 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган аҳолининг реал пул даромадларини ва харид қобилиятини ошириш, кам таъминланган оилалар сони ҳамда аҳолининг даромадлари бўйича фарқланиш даражасини янада камайтириш, бюджет муассасалари ходимлари иш ҳақи, пенсия, стипендия ва ижтимоий нафақалар ҳажмини инфляция суръатларидан юқори миқдорда изчил ошириш, меҳнат бозори мутаносиблигини ва инфратузилмаси ривожланишини таъминлаш, меҳнатга лаёқатли аҳолининг меҳнат ва тадбиркорлик фаоллигини тўлиқ амалга ошириш учун етарли шароитлар яратиш каби вазифалар бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Давра суҳбати иштирокчилари Ўзбекис­тон Республикаси Президенти ташаббуси билан амалга оширилаётган туб ислоҳотлар натижасида меҳнаткашларнинг кенг қатламларини анча йиллардан бери қийнаб келаётган кўплаб муаммолар охирги 2 йил давомида ўз ечимини топ­ганини алоҳида таъкидладилар.
Қайд этилдики, жорий йилда Ўзбекис­тон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан мажбурий меҳнатга барҳам бериш борасида тарихий ҳужжатлар қабул қилинди ва амалий ишлар олиб борилди. Масалан, 2018 йил 10 май куни Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 349-сонли қарори қабул қилинди. Унга мувофиқ, ҳокимлар, барча даражадаги давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларига фуқароларни, жумладан, таълим, соғлиқни сақлаш муассасалари ҳамда бошқа бюджет ташкилотлари ходимларини мажбурий меҳнатга, ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш ишлари, мавсумий қишлоқ хўжалиги ишлари, металл чиқиндилар ва макулатура йиғиш, шунинг­дек, бошқа турдаги мавсумий ишларга жалб қилиш ҳолатларининг зудлик билан олдини олиш ва буткул чек қўйиш, бундай ҳолат рўй берганда эса ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига хабар бериш вазифалари юклатилди. Ушбу Қарор билан, шунингдек, ихтиёрий-мажбурий ҳашарлар ҳам тақиқланди.
2018 йилги пахта йиғим-терими юмушларида болалар меҳнати мавжуд эмаслигини, мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик борасида катта ютуқларга эришилганини хорижий кузатувчилар ҳам эътироф этишди.
Давра суҳбатида касаба уюшма фаолларининг меҳнаткашлар билан жойларда ўтказилган мулоқотлари давомида аниқланган қатор масалалар тегиш­ли вазирлик, идора ва ташкилотлар мутасаддилари эътиборига ҳавола этилди. Хусусан, меҳнатни муҳофаза қилиш, иш ўринларини шаҳодатдан ўтказиш, ходимларни махсус кийим ва шахсий ҳимоя воситалари билан таъминлаш, қиш­лоқ хўжалиги ходимларига бериладиган кафолатлар ва бошқа масалаларга оид кўтарилган саволларга мутасаддилар аниқ ва батафсил жавоб беришди. Бундан ташқари, аҳоли бандлигини таъминлаш ва меҳнат муносабатларини янада такомиллаштириш, бюджет ташкилотларида иш ҳақи, ижтимоий ҳимоя ҳамда меҳнат муҳофазаси ишларини молиялаштириш, «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили» Давлат дастури доирасида касаба уюшмалари амалга оширган ишлари бўйича фикр алмашилди.
Тадбир якунида келгусида ушбу йўналишлардаги масалаларни ҳамкорликда ҳал этиш борасида келишиб олинди.

Тўлқин Шернаев,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар