Бахшиларнинг яхшилари бойсунда беллашади

178

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 1 ноябрдаги «Халқаро бахшичилик санъати фестивалини ўтказиш тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида Вазирлар Маҳкамаси томонидан халқаро бахшичилик санъати фестивалини ўтказиш тартиби тўғрисида низом ва фестиваль «йўл харитаси» ишлаб чиқилиб, тасдиқланди.
Сурхондарё вилояти ҳокимлиги кенг жамоатчилик билан биргаликда 2019 йил 5-10 апрель кунлари Маданият вазирлиги томонидан ўтказилиши режалаштирилаётган мазкур фестивалга тайёргарлик ишларини бошлаб юборган.
Тасдиқланган низомга кўра ­фестиваль доирасида:
– бахшичилик ва достончилик санъатини ривожлантириш, бахши-шоир, оқин ва жировлар ижодининг шарқ маданияти ҳамда санъатидаги ўрни, шунингдек, аҳамиятини янада ошириш каби масалаларга оид илмий-амалий конференция;
– бахши-шоир, оқин ва жировлар ҳамда фольклор жамоаларининг халқаро кўрик-танлови;
– бахшичилик санъати тарихига оид кўргазма, ўзбек, форс, араб, ­инглиз ва рус тилларида нашр этилган илмий-тадқиқот асарлари ҳамда илмий-маърифий адабиётлар намойи­­ши ўтказилади.
Халқаро ҳайъат томонидан кўрик-танлов иштирокчиларининг чиқишлари икки, яъни достон ва чолғу ижрочилиги йўналишларида баҳолаб борилади.
Низомга кўра иштирокчилар:
– концертларда чиқиш тажрибасига эгалиги;
– ўз ва бошқа давлатларда танлов, фестивалларда иштирок этган бўлиши;
– тегишли маданият ва санъат соҳасидаги юқори ташкилотлар ёки фестиваль дирекцияларининг тавсияномаси талаб этилади.
Кўрик-танловда чиқиш учун фонограммадан фойдаланишга рухсат этилмайди.
Халқаро бахшичилик санъати ­фестивалида иштирок этиш учун ўнлаб давлатлардан таниқли фольклоршунос олимлар, бахши, шоир, оқин ва жировлар, ижодий жамоалар, фахрий меҳмонлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари ташрифи кутилмоқда.
– Яқинда вилоят ҳокимлигида ушбу фестивалга бағишлаб вилоят ташкилий ишчи гуруҳининг йиғилиши бўлиб ўтди, – дейди Сурхондарё вилояти ҳокими ўринбосари Рўзимурод Чориев. – Унда мутасадди ташкилотларга меҳмонларни муносиб кутиб олиш, Сурхон воҳаси тарихи, маданияти, ота-боболаримиз бой мероси, урф-одатлари билан кенг­роқ таништириш, айни дамда Термиз шаҳридаги меҳмонхона ва меҳмон уйларни ҳозирлаш тўғрисида тавсиялар берилди. Бундан ташқари, воҳада яшаб ижод қилаётган бахшилар фаолиятига бағишланган китоблар, альбомларни нашрга тайёрлаш, бахшичилик санъатига оид турли кўргазмалар, миллий созлар ва либослар, ҳунармандчилик буюмлари, тасвирий ва амалий санъат, ҳайкалтарошлик намуналари ҳамда фотосуратлар намойи­­ши ва сотувини ташкил этиш ишлари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари орқали бахшилар фаолиятини кенг ёритиш, энг яхши материаллар учун танловлар жорий этиш хусусида келишиб олинди.
Халқаро бахшичилик санъати фес­тивали ғолиблари диплом, статуэтка ва қуйидаги миқдорларда пул мукофотлари билан тақдирланади:
«Гран-при» соҳиби – 7000 АҚШ доллари;
1-ўрин (ҳар бир йўналиш бўйича) 2 х 5000 – 10000 АҚШ доллари;
2-ўрин (ҳар бир йўналиш бўйича) 2 х 3500 – 7000 АҚШ доллари;
3-ўрин (ҳар бир йўналиш бўйича) 2 х 2500 – 5000 АҚШ доллари.

Рустам ДАВЛАТОВ,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар