Бўстонда чарақлаган сайёра

47

Вақт – қайта тиклаб бўлмас хазинадир, унинг ҳар бир сониясидан унумли фойдалана олишимиз шарт. Ундан тўғри ва самарали фойдаланадиган одамлар улкан натижаларни қўлга киритишини тарих бир неча марта исботлаган.

Бўстонлиқ тумани тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Сайёра Файзиева ана шундай вақтни қадрлаган ва вақт қадрлаган инсонлардан. Сайёрахоннинг ҳаёт йўлига назар ташлар эканмиз, бунинг ёрқин исботини кўрамиз.
Бўлажак шифокорни ҳаёт жуда эрта синади: қизалоқ етти ёшида онасидан жудо бўлди! Бу зарбадан қадди букилиб қолган ота қизи учун ўзини қўлга олди. Қизимиз қўли енгил шифокор бўлади, дея ширин энтиккан рафиқасининг орзуларини рўёбга чиқаришга бел боғлади.
Сайёра сабр-бардошли бўлишни, машаққатлар-у тўсиқларни енгиб ўтишни ёшлигидан ўрганди. Астойдил уриниб, она орзусини ушалтирди: малакали шифокор бўлди. Одамлар корига яради, ўз ишининг устаси сифатида эл оғзига тушди. Туғилиб ўсган гўшаси Паргис қўрғони аҳли ҳурматига сазовор бўлди.
Карами кенг Аллоҳ Сайёрахонга олижаноб турмуш ўртоқ насиб этди, фарзанд аталмиш неъмат билан сийлади. Ҳаётда муҳими ҳам шу, аслида. Яхши инсонлар фарзанди бўлмиш Фарҳоджон Сайёрахонни ҳар томонлама қўллаб-қувватлади. Шифокор сифатида малакасини ошириш, маҳоратини сайқаллаштиришга шароит яратиб берди. Ахир, оиласидан кўнгли тўқ одамгина касбида юқори чўққига эришади. Сайёрахон ҳам эмин-эркин меҳнат қилди. Мудом муҳтожлар корига яради. Бу бахтли оилада дунёга келган уч ўғил ҳам Ватанимиз ва халқимизга ҳалол хизмат қилиб келмоқда.
Меҳнат қилган қадр топади. Бўстонлиқ туманида оқсаб қолган тиббиёт соҳасини кўтариш таклифини қабул қилган Сайёра Файзиева енг шимариб ишга тушди, бир йил ичида ижобий ўзгаришлар қилишга эришди. Саккиз йилдан бери ҳал бўлмаётган «Сойлиқ» қишлоқ врачлик пункти 2018 йил август ойида фойдаланишга топширилди. Уч йил олдин қурилиши тўхтаб қолган марказий касалхонанинг туғуруқ бўлими ҳам ўтган йил августдан иш бош­лади. «Тез тиббий ёрдам» хизмати такомиллаштирилди, замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан таъминланди. Шунингдек, Бурчмулла, Пском каби олис ҳудудларда яшайдиган аҳоли сифатли тиббий хизматдан баҳраманд бўлмоқдалар.
Жорий йилда 1974 йилда қурилган марказий касалхона капитал таъмирдан чиқарилади. Туманнинг Олғабос ҳудудида ҳам тиббий хизмат такомиллаштирилади. Иш қизғин, Сайёра Файзиева билан бафуржа гаплашиш имконсиз. Имкон топилганда ҳам у майин табассум билан: «Қилинаётган ишларни овоза қилиш шартмикин», дейди. Ватан ва халқ равнақи йўлида жон куйдираётган бундай фидойи­ларни элга танитиш керак. Улардан ҳар қанча ўрнак олса, арзийди.

Асад АСИЛ,
ёзувчи

Бошқа хабарлар