Фойдаси ёқади-ю, зарари чақади(ми?)

25

Ҳар бир инсон ҳалол меҳнат билан рўзғорни бут қилсам дейди. Шу сабаб кимдир у, кимдир бу касб-у кор этагини тутади. Қолаверса, ишчан, ташаббускор ва фаол ходим, жамоа кўзгуси сифатида алқаб келиниши ҳам бор гап. Аммо тасодиф туфайли (буни инкор қилиб бўлмайди) ўша ишчи билан бирор кор-ҳол юз берса-чи? Бундай вазиятда ҳам ишхона қараб турмайди, албатта.

– Бу жараёнда зарар, товон каби қонунларимизда кўзда тутилган бир қатор тўловлар мавжуд, – дейди Самарқанд вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси Меҳнат муҳофазаси бўлими мутахассиси Муҳаммад Сатторов. – Аммо аксар ҳолларда иш берувчиларнинг меҳнат қонунларини мукаммал билмасликлари муаммолар урчишига олиб келмоқда.
Мана бир мисол. «Қўшработ тумани йўллардан фойдаланиш» унитар корхонаси ишчиси Бахтиёр Муҳаммадиев 2018 йилнинг 29 январь куни Самарқанд шаҳрида амалга оширилаётган ободонлаштириш ишларига йўлланган эди. Вазифани уддалаб бўлган Б.Муҳаммадиев туманга қайтар чоғида автойўл ҳодисасига учраб жароҳатланади. Бахтсиз ҳодиса туфайли унга Оқдарё ТМЭК томонидан III гуруҳ ногирони, 40 фоизлик меҳнатга лаёқатсизлик даражаси белгиланган. Ҳодиса бевосита ишлаб чиқариш билан боғлиқлиги тўғрисида Н-1 шаклидаги далолатнома тузилган ва ҳисобга олинган. Аммо корхона маъмурияти жабрдийдага меҳнат қобилияти пасайиши билан боғлиқ зарарни қоплаш, ҳар ойлик тўлов ҳамда бир марталик, бир йўла тўланиши лозим бўлган нафақа пулларини тўлаб беришни пайсалга солиб келган.
Ушбу ҳолат Б.Муҳаммадиевнинг мурожаати асосида Самарқанд вилояти касаба уюшмалари томонидан ўрганиб чиқилди. Жамоат ташкилоти талаби билан мурожаатчининг нафақа пуллари ундирилди.
Меҳнат соҳасидаги низоли вазият шу биргина ҳолат эмас. Самарқанд шаҳридаги «Сино» акциядорлик жамияти корхонанинг собиқ ходими Абдуҳамид Раҳимовга соғлиққа етказилган зарар пули нафақасини тўлаб беришни чўзиб келган. Бу масала ҳам касаба уюшмалари аралашуви билан барҳам топди.
Яна бир ҳолат. «Самарқандсувқурилишин­д­устрияси» ишлаб чиқариш бирлашмаси корхонада ишлаб чиқариш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисага учраган У.Турсунқулов оиласини ҳам танг ҳолатда қолдирган. Ваҳоланки, корхона томонидан Турсунқуловлар оиласига боқувчисини йўқотганлик учун 34 019 160, 3 сўм товон пули тўлаб берилиши керак эди. Жабр кўрган оила ҳам касаба уюшмалари ёрдамида ўзларининг қонуний ҳақларини ундириб олишга эришди.
– «Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида»ги қонун қабул қилинганлигига қарийб йигирма йил бўлаяпти, – дейди Самарқанд вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши Меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими мудири Усмон Каримов. – Аммо аксарият раҳбарлар ана шу қонунни унутиб қўйишган ёки билишмайди. Ходимларни мазкур суғурта тури билан суғурталаш арзимаган маблағ эвазига амалга оширилади.
Биз юқорида қаламга олган товон пулларини тўлашдан озорланган корхоналарда ҳам мазкур суғурта йўқ. Оқибатда корхона миллион-миллион сўм иқтисодий йўқотишларга дуч келмоқда. Агар мазкур қонунга ўз вақтида итоат этилганида эди моддий зарарни қоплаш бу даражада «чақиб» кетмасди.

Нурилла ШАМСИЕВ,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар