Меҳнат дафтарчаси бекор қилиндими?!

174

Юртдошларимиз орасида кўп муҳокамаларга сабаб бўлган мавзулардан бири – меҳнат дафтарчасининг бекор қилиниши масаласи. Дарҳақиқат, Президентимизнинг 2017 йил 24 майдаги «Бандлик соҳасида давлат сиёсатини янада такомиллаштириш ва меҳнат органлари фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига мувофиқ, жорий йилнинг 1 январидан бошлаб мамлакатимиз ҳудудида «электрон меҳнат дафтарчаси» тизимини жорий қилиш кўзда тутилган.

Амалда бўлиб турган меҳнат дафтарчаларидаги қайдлар иш берувчи томонидан босқичма-босқич электрон базага киритилади. Илк марта ишга жойлашаётган шахсларга қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчаси очилмайди. Ўрнига шу ҳужжатнинг электрон муқобилини расмийлаштириш кўзда тутилмоқда.
– Ушбу усул кўпгина қулайликларга эга, – дейди Самарқанд шаҳар Бандликка кўмаклашиш маркази Бўш иш ўринларини умумлаштириш гуруҳи бош мутахассиси Фарҳод Ҳамроев. – Сабаби, корхона ва ташкилотлар ўзларидаги кадрлар иш стажини электрон тартибда юритиши ҳисобига маблағ тежалади. Шунингдек, ишчи ва ходимлар иш стажи ҳисобини юритишдаги ноаниқликлар, асосланмаган ёки тасдиқланмаган маълумотларнинг вужудга келишининг олди олинади.
Бундан ташқари, «электрон меҳнат дафтарчаси» тизимида ходимларнинг маоши, пенсия таъминотига ўтказадиган ажратмалари ҳисоби ҳам автоматлаштирилиб, базада тегишли маълумотлар шакллантирилади. Энг асосийси эса юртдошларимиз пенсия ёшига етгач, тўпланиши лозим бўлган «бир дунё» ҳужжатларни йиғиб овора бўлмайди. Электрон тизимдаги маълумот унга асқотади.
– Жорий йилда яхши ниятлар билан соҳамга алоқадор ишга кирмоқчи бўлиб турибман, – дейди Қорақалпоқ давлат университети талабаси Назокат Шарипбоева. – 2019 йилдан кучга кирган «электрон меҳнат дафтарчаси» тизими менинг анчагина вақтимни тежади. Билишимча, бундан буён барча молиявий тушумлар ҳамда маълумотларим ушбу тизимда сақланар экан. Бу имкониятдан мамнунман.

«Ishonch» мухбири
Давронбек ОРИПОВ
тайёрлади

Бошқа хабарлар