Бош мақсад–инсон ҳуқуқлари

30

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази муассислиги ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ҳаммуассислигидаги «Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари» илмий-маърифий журналининг 4-сони ўқувчилар эътиборига ҳавола этилди. Уч тилда чоп этилаётган журналдан юртимиз ижтимоий-ҳуқуқий ҳаётида рўй бераётган ўзгаришлар, инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилишга доир мақолалар ўрин олган.

Журналнинг илк саҳифаларида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми иштирокчиларига табриги берилган.
Самарқанд шаҳридаги Форумлар мажмуасида ўтказилган ушбу тадбир БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий бюроси, БМТнинг Ўзбекистондаги доимий ваколатхонаси, БМТ Тараққиёт дастурининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси ва Истанбулдаги минтақавий маркази, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори ҳамда Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, Европа Кенгаши Парламент ассамблеяси ҳамкорлигида ташкил этилган. Ушбу нуфузли анжуман «Осиё форуми: «Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси: замонавий таҳдидлар ва реал воқелик» мақоласида батафсил ёритилган.
Журналда ўқувчи эътиборини жалб қилувчи яна бир рукн инсон ҳуқуқлари Декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллигига бағишланган. Унда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Мишель Бачалетнинг «Инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш: вена декларациясини ҳамда ҳаракатлар дастурини ва кейинги ишларини кенг миқёсда амалга ошириш», Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекис­тон Республикаси Миллий маркази Таълим бўлими мудири Фарҳод Ҳайит­боевнинг «Ўзбекис­тонда бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция: ижроси ва амалга ошириш принциплари», Андижон давлат университетининг илмий бўлими мутахассиси, мустақил изланувчиси Мавлуда Алимованинг «Фуқаролик жамиятини шакллантиришда жамоатчилик назорати институтининг роли» ва Навоий давлат педагогика институти Бош­ланғич таълим кафедраси ўқитувчиси Дилдора Нумонованинг «Ўзбекистоннинг замонавий маънавий-маданий тараққиётида аёллар масъулиятини ошириш» мавзусидаги мақолаларида фуқаро ҳуқуқлари ва сиёсий ҳуқуқлар, умуминсоний ғояларга қандай эришишга оид кўплаб ҳуқуқий қарашлар мавжудлиги ҳақида фикр билдирилган.
Бундан ташқари, журналдан Конституция­мизнинг 26 йиллигига бағишланган туркум материаллар, О.Бўриев ва М.Усмоновнинг «Темурийлар Ренеcсанси – Уйғониш даврида Туронда маданий юксалиш ва ҳозирги замон» мақоласи, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича мамлакатимизда бўлиб ўтган анжуман, тадбир ва тақдимотлар ўрин олган.

Муқаддас РАЗЗОҚОВА,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар