Иш берувчида гап кўп

75

Мана 2018 йил ҳам тарихда қолди. Барча соҳаларда ғалвир сувдан кўтарилиб, ишлар сарҳисоб этилди, янги режалар белгилаб олинди. Таққослаш, солиштириш орқали ютуққа эришилгани ёки камчиликларга йўл қўйилгани ҳақида хулоса қилинди.

Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Қамаши тумани кенгаши ҳам ўтган йилда амалга оширган ишларини сарҳисоб қилди. Маълум бўлишича, ўтган йили 2017 йилдагидан кўпроқ ходим ижтимоий суғурта маблағлари ҳамда касаба уюшма аъзолик бадаллари ҳисобидан турли сиҳатгоҳларда дам олдирилган. Эътиборлиси, улар орасида нафақат ходимлар, балки уларнинг яқин қариндошлари ҳам бўлган. Масалан, Қамаши қишлоқ хўжалик ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси Жалол Эргашевнинг отаси Қурбон бобога, Чимқўрғон сув омборидан фойдаланиш бўлими гидротехниги Эркин Султоновнинг онаси Майрам момога йўлланма тақдим этилган.
– Оёқ бўғимларимда шамоллаш бор эди, – дейди Майрам момо Оролова. – Бронхит, астма хасталик­лари ҳам безовта қилиб турарди. «Қашқадарё соҳили» санаторийсида дам олганимдан сўнг оғриқлар, безов­таликлар йўқолди. Касаба уюшмалари ва санаторий ходимларидан миннатдорман.
Табиийки, туман кенгашининг маблағи корхона ва ташкилотлардаги барча ижтимоий-иқтисодий ҳимоя тадбирларини амалга оширишга етмайди. Шу боис кенгаш масъуллари бошланғич ташкилот иш берувчиси ҳамда касаба уюшма қўмитаси фаоллигини ошириш, ижтимоий шерикликнинг барқарор бўлиши, ходимлар манфаатининг елкама-елка таъминланишини қўллаб-қувватлайди.
«Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили» дастури ижросини таъминлаш мақсадида иш берувчи маблағларидан 13 нафар фахрийга пенсия­­га чиқиши олдидан моддий ёрдам берилди ва қимматбаҳо совға билан тақдирланди. Турли фермер хўжаликларида меҳнат қиладиган 96 нафар ходим гўзал ва қадимий Шаҳрисабз, тармоққа қарашли касб-ҳунар коллежларида ишловчи 45 нафар ходим эса Самарқанд шаҳрини зиёрат қилиб келди. Тўқбой фермер хўжалиги томонидан уч нафар ишчининг олий ўқув юртларида таҳсил олаётган фарзанд­лари шартнома пуллари қисман тўлаб берилди.
Иш берувчи маблағлари ҳисобидан «Қамашидон», туман ветеренария лабораторияси, туман ўрмон хўжалиги, Чимқўрғон сув омборидан фойдаланиш бўлими ходимларига уй-жой қуриш ва мамлакатимизда ишлаб чиқарилган, узоқ муддат фойдаланиладиган товарларни харид қилиш учун фоизсиз ссудалар ажратилди.
– Ходимларимизни Қамаши туманида жойлашган «Қизилтепа» дам олиш мас­канида соғломлаштириш яхши анъанага айланди, – дей­ди «Қамаши пахта тозалаш» акциядорлик жамияти касаба уюшма қўмитаси раиси Алишер Бекбўтаев. – Биринчидан, йўлланмалар нархи бошқа сиҳатгоҳлардан арзон: 12 кунга 720 минг сўм. Ходим шундан 324 минг сўмини тўлайди. Иккинчидан, масофа яқин. Учинчидан, бош оғриғи, асаб ва қон-томир касалликлари, гинекологик хасталиклар, остеохондроз каби кўп учрайдиган дардлар муолажа қилинади.
Албатта, камчиликлар ҳам йўқ эмас. 574 нафар ходим ишлайдиган корхонада ишдан бўш вақтларда спорт билан шуғулланиш учун шароитлар яратилса, хизматчилар турли мусобақаларда фаол қатнашиб, касаба уюшма имтиёзларидан фойдаланишса, нур устига нур бўлар эди…
Тармоқ касаба уюшмаси туман кенгаши нодав­лат сектор корхоналари, ташкилотлари ва масъулияти чекланган жамиятларини аъзоликка қабул қилиш борасида ҳам тизимли ишлар қилмоқда. Жумладан, йил бошидан буён 110 та нодавлат ташкилотда касаба уюшма ташкилоти тузилиб, 474 нафар ходимнинг ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий манфаатлари ҳимояга олинди.

Акмал АБДИЕВ,
«Ishonch» мухбири


Бошқа хабарлар