Мактабимиз ҳақиқий зиё масканига айланмоқда

18

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йилда Қорақалпоғистонга ташрифи давомида мактабимизда ҳам бўлиб, мавжуд шарт-шароит билан яқиндан танишган, камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли топшириқлар берган эди.

1985 йилда фойдаланишга туширилган илм мас­канининг ҳолати чиндан-да бир аҳволда бўлиб, номигагина таъмирланган муассасада камчиликлар етарли, иситиш тизими издан чиққанди. Қиш кунларида синф хоналаридаги ҳарорат ташқаридагидан бироз фарқ қиларди. Совуқ спорт зали, иситилмаган синф хоналарида тўгараклар кўнгилдагидек фаолият юритмасди.
1176 нафар ўқувчига мўлжалланган мактабимизда бугун барча шароитлар мавжуд. Синф хоналари иссиқ ва шинам. Янги универсал қозонхона ўрнатилгач, иситиш тизимининг бир маромда ишлаши таъминланди. Бу ишлар учун 3 млрд. сўмга яқин маблағ ажратилди.
Мактабимизда 5 та секция ишлаб турибди. Спорт анжомларига эга замонавий зал ҳамиша гавжум. Ўнинчи синф ўқувчилари Юнус Расбергенов билан Мадияр Пирниязов эркин кураш бўйи­­ча ўз вазн тоифасида Қорақалпоғистон Республикаси ғолиби бўлишди.
Барча фанлар бўйича махсус хоналар бор. Фаолият кўрсатаётган 77 та фан тўгарагига тажрибали муаллимлар етакчилик қилмоқда.
Ёш ўқитувчилар тоифаси бор, тажрибали муаллимларга бириктирилган бўлиб, ҳар бир фан ўқитувчиси дарс­ларнинг қизиқарли ва сифатли бўлишини таъминлаш мақсадида кўргазмали қуроллар ва янги педтехнологиялардан самарали фойдаланмоқда.
Ўқитувчиларимизнинг малакасини ошириб бориш мақсадида йил давомида «Илғор ўқитувчи», «Мен инноваторман», «Давр муаллими», «Сиз қонунни биласизми?», «Инглиз тили билимдони» каби кўрик-танловлар ўтказиб борилади. Барча фанларни қамраб олган 9 та метод бирлашмага олий маълумотли, малакали ўқитувчилар раҳбарлик қилмоқда. Мунтазам тарзда ўтказиб бориладиган «Китоблар ярмаркаси», «Китобхонлик кечалари» болаларнинг мутолаага бўлган қизиқишини табора кучайтираётир.
Ўқитувчиларнинг ойлик иш ҳақи босқичма-босқич оширилиши, даромад солиқларининг камайтирилиши, кейинчалик имтиёзли ипотека, истеъмол ва автокредитлар берилиши фаолиятимизга нисбатан юксак эътибор, ғамхўрликлардан нишонадир.
Мактабимиздаги малакали касбдошларимизнинг иш ­тажрибасини оммалаштириш мақсадида туман миқёсида очиқ дарслар ташкил этяпмиз. Дахлдорлик ҳиссини туйган жонкуяр, илғор ўқитувчиларимизнинг меҳнатини баҳолаб, рағбатлантиришда бошланғич касаба уюшма ташкилоти ташаббуси доимо қўллаб-қувватланмоқда.
Президентимизнинг таълим соҳасига қаратаётган эътибори ва биз, устозларга бўлган юксак ишончига, албатта, амалий натижалар билан жавоб берамиз.

Турсунгул АБДУРАҲМОНОВА,
Хўжайли туманидаги 6-умумтаълим мактаби директори

Бошқа хабарлар