Мардлик ва жасорат сабоғи

121

Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 27 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармойиши ижросини таъминлаш мақсадида мамлакатимизда 2018 йилнинг 15 декабридан жорий йилнинг 15 январига қадар ватанпарварлик ойлиги ўтказилмоқда. Ойлик доирасида кўплаб тадбирлар уюштирилиб, уларга кенг жамоатчилик жалб этиляпти.

Тошкент гарнизони ҳарбий комендатураси томонидан «Ватан – муқаддас, уни ҳимоя қилиш шарафли бурчдир!» шиори остида ўтказилган ўқувчи ёшлар билан учрашув шундай хайрли тадбирлардан бўлди. Унда ҳарбийлар ўз фаолиятидаги қизиқ воқеалар, ҳаётда асқотадиган тажрибалари билан ўртоқлашди. Иштирокчиларни, айниқса, қандай билим ва кўникмага эга ёшлар ҳарбийликка танлаб олиниши қизиқтирди. Ҳарбийлар жисмоний тайёргарликдан ҳам олдинроқ руҳий тайёргарлик муҳим экани, кишининг иродаси жисм бақувватлигига эмас, руҳ соғломлигига боғлиқлигини айтишди. Ўқувчиларда ҳарбийлар ҳаёти ҳақида тўлиқ ва тўғри тасаввур ҳосил қилиш мақсадида кўргазмали чиқиш­лар ташкил этилди.
– Учрашувда ўзимиз учун мардлик ва жасорат сабоғини олдик, – дей­ди Яшнобод туманидаги 153-мактаб ўқувчиси Тоҳир Шодмонов. – Энди ҳарбий бўлиш ҳақидаги орзуим янада қатъийлашиб, аниқ мақсадга айланди. Келажакда, албатта, Ватан ҳимоячиси бўлиб, юртим сарҳадларини ҳимоя қиламан.
– Ҳарбий хизматчилар бизга замонавий қуроллар, машқлар кўрсатишди. Бу жуда қизиқ бўлди, – дея суҳбатга қўшилди Тоҳирнинг тенгдоши Мадина Мирзаева.
– Ўзини шу юрт, шу эл фарзандиман деган ҳар бир ёш учун Қуролли Кучлар сафида хизмат қилишдек вазифани адо этиш шарафли бурч ҳисобланади, – дейди майор Абдуғани Қаюмов. – Ўқувчилардаги қизиқишни кўриб, бунга қатъий амин бўлдим. Биз бундан хурсандмиз, шундай ёшларимиз билан фахрланамиз.
Кўзлари чақнаб турган, келажакда ҳарбий бўлишга, Ватан йўлида хизмат қилишга қатъий аҳд қилган ўқувчилар учун мазкур учрашув ҳақиқий ибрат мактаби бўлди.

Абду РАҲМОНОВ

Бошқа хабарлар