Орол: sos тугмачаси босилди!

93

Еттинчи синфдалигимда Асқад Мухторнинг «Чинор» романини ўқиб қолганман. Мутолаа асносида кўз олдимда жаннатмонанд манзаралар пайдо бўлганди. Шу-шу Орол денгизи ҳақида гап кетса, ўша манзарани кўриш истаги қайта-қайта туғилаверади. Унинг рўёлигини тан олгим келмайди.

Қорақалпоқ заминида туғилиб, Орол дардини танида ҳам, қалбида ҳам ҳис қилиб яшаётганлардан бириман. Шўр сув ичиб, вужудимда тош ва қумлардан «коллекция қилиш»га аллақачон улгурганман. Олий таълимни Нукусда олиб, талабалик йилларим Чимбой ва Қораўзак туманларида пахта етиштиришда «фаол» иштирок этиш жараёнида олислардан сувга қатнаб, сувсизлик нима эканлигини кўрганман. Ҳозир Урганчда яшайман, аммо ота-онам, укаларим, яқинларим ичаётган сув тобора шўрланаётгани қалбимни тиғлайди.
Орол дардини мен Ўрозбой Абдураҳмонов асарларини ўқиб янада чуқурроқ ҳис қилганман. «Минтақада Қорақум, Қизилқум ва Устюрт текислиги камлик қилгандек, ўтган асрнинг саксонинчи йиллари Оролқум саҳроси пайдо бўлди. Йўқ, бу саҳро осмондан тушгани йўқ, унинг барпо бўлишига табиат инжиқлигининг ҳам алоқаси йўқ, биз саҳрони ўз қўлимиз билан яратдик. Қорақум билан Қизилқумнинг қон томирлари бўлган Амударё билан Сирдарёларнинг юқори оқимларига ҳар хил тўғонлар қуриб, «саҳрони боғ-у бўстонга, оламни гулистонга айлантирамиз, биз табиатдан устунмиз, орқага чекиниш йўқ!» деган шиорлар остида, қўриқ ерларни ўзлаштирдик, ўзлаштиравердик. Натижада, табиатнинг мусаффо инъоми бўлган Орол денгизининг ўзи биздан чекинди, қочди…», деб ёзади ёзувчи.
Манбаларда қайд қилинишича, Орол денгизи суви чучук бўлган. Туз миқдори бир литр сувда 10-11 граммни ташкил қилган. Балиқнинг 60 дан зиёд тури учраган. Унга Сирдарё ва Амударёдан ҳар йили деярли 56 куб километр сув қуйилиб турган. Ўтган асрнинг олтмишинчи йилларигача Орол денгизининг сатҳи 53,4 метрни, сувнинг ҳажми 1064 куб километрни ташкил этган. Денгиз сатҳи 1960 йиллардан пасайишни бошлаган. 1989 йилда Шимолий (Кичик) ва Жанубий (Катта) Орол денгизига ажралган. 2014 йилда Жанубий (Катта) Орол денгизининг шарқий қисми буткул қуриб, денгизнинг атиги 7297 км. қисми қолган.
Отам Мўйноққа кемада боргани ҳақида гапириб беради. Орол балиқлари ниҳоятда тотли, собиқ Иттифоқда харидоргир бўлганини сўзлайди. 1970 йилларнинг ўрталарига келиб денгиз сувининг шўрланиши натижасида балиқлар камая бошлаган. Иқлим ўзгарган. Одамларнинг тирикчилиги тобора қийинлашган. 1980 йилларга келиб, Орол фожиасини яширишнинг имкони қолмагач, айримлар нажот излаб, бошқа ҳудудларга кўчиб кетишади.
Маълумотларда келтирилишича, денгиздаги кучли шўрлашишни фақат артемияларгина енгиб келган. Мутахассисларнинг шоҳидлик беришича, улар асосан хлорли, сульфатли, карбонатли, бир литрида 300 граммгача тузи бор шўр сувда яшайди, сув ўтлари, бактериялар билан озиқланади.
Ўтган асрнинг 90-йилларида Орол ҳақида жуда кўп гапирилди, ёзилди. «Агарчи, шу кунга қадар Орол тўғрисида ёзилган битиклар, нутқлар ва ваъдалардан сув чиқариш мумкин бўлганида эди, денгизни аллақачонлар тўлдирган бўлардик. Лекин сув жонивор Оролга фақат икки дарёдангина келади…», дея нола қилади Ўрозбой Абдураҳмонов.
2018 йилнинг 27 май санаси Қорақалпоғис­тон ва Хоразм аҳолисининг ёдидан ҳеч қачон чиқмаса керак.
Ҳаво илиб қолгани учун ҳовлидаги супада ухлаётгандик. Ярим тунда ёпирилиб келган шамолдан чўчиб уйғондик. Кўрпа-тўшакларимизни олиб, ичкари кирдик. Эрталаб қарасакки, ҳовлимизни оппоқ туз қоплаган эди. Шу куни ўғлим кун бўйи тут кесишда қатнаш­­ди. Эртаси куни вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказига олиб боришимга тўғри келди. Унинг ҳолатини кўрган шифокорлар ўпкасини зудлик билан рентген текширувидан ўтказишни маслаҳат қилишди. Бир ҳафтадан зиёд муолажа олди.
Қизим эса сал шамол турса «Туз бўрони бошланди», дея ваҳимага тушадиган бўлиб қолди. Ушбу бўрондан Қорақалпоғистон ва Хоразм халқи озмунча талофат кўрмади. ­Қишлоқ хўжалик экинларидан кўнгилдагидек ҳосил олишнинг имкони бўлмади. Ҳудудда бронхиал астма ва аллергик ренит касалликлари ривож­ланди. Маълумотларга кўра, минтақада ҳар йили атмосферага кўтарилаётган қум ва туз миқдори 100 миллион тонна атрофида.
Ҳа, Орол фожиасининг асоратлари тобора газак ола бошлади. Яхшиямки, мамлакатимиз раҳбари ўз вақтида SOS тугмасини босди.
«Мана икки йилдирки, Президентимиз халқимиз дардига ора кириб, Орол фожиасининг аниқ ташхисини қўйди: денгизни ичиб қўйган пахтани сув кам талаб этиб, мўл ҳосил берадиган экинлар билан алмаштиришни маслаҳат берди. Агар, ҳеч бўлмаса, чорак аср илгари мана шундай чора-тадбирлар қўлланганда эди, дарёларимиз тўлиб оқиб, кўнгли тўқ халқимиз денгизини ўзи тўлдириб олмасмиди? Президентимиз Оролга қўйган ташхисини БМТ минбарига олиб чиқиб, денгизнинг харитасини ёйиб, бор ҳақиқатни оламга айтди» деб ёзади Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўрозбой Абдураҳмонов.
Ниҳоят, қуруқ гаплар йиғиштирилиб, амалий чораларга ўтилди. Муаммолар реал баҳоланди. Уларга аниқ ечимлар изланди. Президент Олий Мажлисга Мурожаатномасида Орол денгизи атрофидаги ҳолатга ҳам тўхталиб, бу йўлда амалга оширилаётган кенг кўламли ишларни алоҳида таъкидлади.
«Ҳечдан кўра кеч яхши», дейди халқимиз. 2017 йилда қалбимизда алангалаган умид учқуни 2018 йилнинг охирига келиб мустаҳкам ишончга айланди.
Маълумотларга кўра, ҳимоя ўрмонзорлари барпо этишда икки мингга яқин элдошларимиз иштирок этмоқда. Орол фожиасини енгишга кўзи етган халқ улуғ мақсад йўлида тобора жипслашмоқда. Қиш изғирини бу мақсаддан қайтаришга қодир эмас.
Қадалаётган ҳар бир саксовул уруғи умид ва нажот фариштаси янглиғдир. Саксовулнинг фойдали жиҳатлари ҳақида кўп эшитганмиз. У ўзидан кислород чиқаради. Тузни ўзига йиғиб олади. Шамолнинг таъсирини камайтиради. Қумни кўчишдан сақлайди.
Фақат бугина эмас. Ўрмонзор бўй кўрсатганидан кейин Оролбўйида янгича ҳаёт бошланади. Чорвачилик ривожланади. Одамларнинг турмуш шароитлари яхшиланади. Эртанги кунга бўлган ишонч янада ортади.
Яна бир маълумот: яқинда Оролнинг қуриган ҳудудида Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди.
Тадбирда хайрли ишга қўл урилгани, яъни жонли эфир орқали Мўйноқда олиб борилаётган кенг кўламли ишларга ўз ҳиссамни қўшаман, дея хайр-саховат қилишни хоҳловчилар учун махсус ҳисобрақам очилгани эълон қилинди. Ушбу ҳисобрақамга қисқа вақт ичида юртдошларимиздан 6 миллиард сўмдан ортиқ пул келиб тушгани таъкидланди. Мазкур ҳисоб рақамига келиб тушган пуллар эса оғир ­шароитда меҳнат қилаётган юртдошларимизга ҳар томонлама шароит яратиш ва ўрмонзор барпо қилишдаги бошқа мақсадларга йўналтирилади. Демак, Оролбўйидаги умидбахш ишлар ўз самарасини беражак.

Муҳаббат ТЎРАБОЕВА,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар