Ўзгармаётган одамлар

138

Табиатимизда ёзилмаган, лекин қонимизга сингиб кетган қонунлар бисёр. Аммо замонавий дунёда бу ўзгармас қонунларга ҳам путур етаётгандек. Техника инқилоби – телефон, интернет бунга йўл очиб беряптими ёки замон ўзгариб ­боряптими, деган савол кишига тинчлик бермайди. Бир қарашда замон ўз жойида турибди, лекин…
Келинг, шу «лекин» хусусида пича мулоҳаза юритсак.

Бир неча ой Президентимиз топшириғига асосан ташкил этилган Жамоатчилик комиссияси вакиллари пойтахтимиз туманларида уйма-уй юриб халқ билан мулоқот қилиб, асл вазиятни ўрганди. Қийналган, битта хонадонда уч-тўрт оила яшаётган, ишсиз, дори ҳам ололмаётган, ҳақиқатан ҳам кўмакка муҳтож ҳолатлар анчагина экани маълум бўлди. Уларга ўз вақтида тегишли ёрдам кўрсатилди. Шу билан бирга кўнгилни хира қилувчи манзаралар ҳам бор. Тоғни урса талқон қиладиган йигитлар ишсизликдан нолиб ўтирибди, фарзанд ва уй ишлари билан шуғулланиши лозим бўлган оила бекалари эса бир-икки сўм илинжида кўчада писта сотиб ўтирибди. Баъзи хонадонларда (афсуски, бундайлар ҳам талайгина) турмуши бўлмай қайтиб келган қизларнинг уй-жойи йўқ, улар фарзандларига алимент ҳам ундира олишмаган. Бир қориндан талашиб тушган ака-ука улғайгач бир-бирига ёв. Ҳовли битта, қозон-товоқ алоҳида. Қўли калта аканинг сув ҳақини тўлашга пули йўқ, ука эса ҳовлидаги водопроводга қулф осган. Кунда ғиди-биди, жанжал. Баъзи хоналарига йиллаб одам кирмаган бўлса-да қўша-қўша иморат солаётган яна бир ака ота уй илинжида жигарлари билан қирпичоқ. Турмушга чиқиб кетган, рўзғори бўлак сингил ҳам, таассуфки, шу дардда.
Фарзандига дашном берган ўқитувчини ота-она ҳамманинг олдида ер билан битта қилган, бундан илгаригидан-да ҳаволанган ўғил ўқитувчисига мушт кўтарган. Кимнидир алдаб, пулини олиб қочганлар-у ўғрилигини барча билиб турса ҳам эл ичида бемалол юрган юзсизлар қанча. Кимнингдир масъулиятсизлиги ёки нафс балосига йўлиққани боис яна кимлардир касалхонага ордер ололмай, дард чекаётганлар сафини кўпайтирган.
– Одамни тузадиган ҳам, бузадиган ҳам пул. Лекин кўпроқ бузади, ўғлим, – деганди университетда ўқиб юрганимизда кекса бир устозимиз. – Оддий мисол, талабаларни олайлик. Пора бергани ўқимайди. Пора билан ишга жойлашади. Илмсиз кадр ўрнашган ишида унум бўлишини асло ўйлаган эмас. Берган пулларини ортиғи билан ундириб олиш пайи­­да бўлади, холос. Атрофига ўзига ўхшаганларни тўплайди. Бунақада иш олдинга силжирмиди?..
Хаёлим ёшлик йилларим томон югургилайди.
Қишлоқда, ўзгача оқибатли одамлар ичида ўсиб-улғайганман. Бири бирига ёрдам берадиган, ҳар қандай ҳазилни-да ўрнига қўйиб, ўзгаларнинг ҳазилини-да кўтарадиган эл. Ҳар ёзда оғилни сувашда бутун қишлоқ йиғилиб келар, бир кунда ҳашар билан лой ишларимизни тугатиб кетишарди. Биров-бировга таъна қилмас, ўтказиб қўйдим-ку, сен ҳам менинг нимамдадир туриб берасан, демасди. Суҳбатлар ҳам самимий, фойдали кечар, кимнинг нима айби бўлмасин, юзига солинмас, айниқса, ўзи бўлмаган киши ҳақда гап кетса, катталар ўзи йўқнинг кўзи йўқ, бу яхши одат эмас, миянг бутун эди-ю сен боланинг, деб гапирганнинг оғзига урарди. Ғийбати йўқ эркаклар тилига эмас, билагига ишонар эди.
Аёллар ҳам ҳангома қилиш учун бир-бириникида тўпланар, суҳбат ҳам бекор ўтмай, бир гал урчуқ йигиришса, иккинчи гал кигиз босишар, ҳашар қилиб гилам тўқишарди.
Оилада ўнта фарзанд бўлса ҳам ота-она ким билан қолишни истаса, уйда ўша қолар, бошқа ака-укалар уй-жойини бўлак қилиб чиқиб кетарди. Мерос, васият, нотариус деган тушунчалар мутлақо бегона эди. Чиққан қиз чиғириқдан нари, деганларидек қиз бола бу хонадондан ўз улушини талаб қилиш у ёқда турсин, улушим бор деб ўйламасди ҳам. Ота уйида бир-икки кун, нари борса, уч кун меҳмон бўлар, ортиқча қолиб кетса, ота-онаси сенинг уйинг энди ўша хонадон, деб қайтариб юборарди. Қиз шўрлик бағритош ота-онасидан хафалигини билдирмаслик учун кўздаги ёшини яшириб, аразлаб келган эса-да дарди ичида ортига қайтарди. Айнан шу туфайли тушган ерида тошдек қотиб, ўзидан тинчиб кетарди. Фалончининг уйи бузилибди, фалончи қайтиб келибди, деган гап бўлмас эди.
Тўйлар ҳам ҳовлида камтарингина ўтар, ёш-у қари қамишдан бел боғлаб хизмат қиларди. Биз ўқувчилар ўша тўйга ўқитувчимиз бориб қолса, ҳурмати шунчалик эди-ки, девор паналаб уйимизга қочиб қолардик. Мен сендан камманми, деган тушунча йўқ эди. Бир-бирига беллашиб, бели синиб, элга дастурхон ёзганни кўрмаганмиз. Қиз томон рўзғорга керак нарсаларнигина қилар, куёвга қайнотаси ёрдам таклиф қилса, унамас, билагимда кучим, ўзимга яраша ақлим бор, қизингиз оч қолмайди, дея қатъий рад этарди. Нима бўлганда ҳам ғурур кучли эди-да…
Одамларда ҳам ортиқча мол-мулк йўқ, бунга уринишмас ҳам эди. Устим бут, қорним тўқ, борига шукур, турмушим ҳам ёмон эмас, деб борига қаноат қилишган. Қарияларнинг инсонга умр бир марта берилади, ортингдан яхши ном, оқибатли фарзандлар, қилган амалинг қолади, шунга муносиб бўлиш керак эр киши, деган ибратомуз гапларини кўп бор эшитганман. Бу халқни янада жипслаштириб, бир-бирига яқинлаштирган бўлса ажаб эмас.
Ўзгача оқибат бор эди одамларда.
Шуларни кўз олдимдан ўтказиб, ўшал онлар соғинчи билан энтикаман. Қишлоғим томон кетарканман тезроқ етиб боришни ўйлайман.
– Қиз чиқариш ҳам осон бўлмай қолди, ука, – шофёрнинг гапидан хаёлим бўлинади.
– А?!
– Қиз узатаётган эдим, дейман, шунга юрибмиз такси суриб. Бўлмаса бинойидек ишим бор. Дам олиш кунлари, бўш пайтим таксичилик қиламан, солиқчилардан қочиб-пусиб дегандек. Лицензиянг бўлмагандан кейин шунга мажбурсан-да киши. Ушлаб олишса, тирикчиликнинг томири қирқилади. Бир замонлар қизни ҳовлидан олиб кетаверишарди. Энди эса қиз тўйлар ҳам тўйхонада бўляпти, ука. Аёлларга ҳам столга ароқ қўйишаётгани-чи? Буниси ортиб тушяпти. Кейин хотин зотига жиловни берма экан, гоҳ униси кам дейди, гоҳ буниси. Кечагина мебелини олиб бергандим, бугун улар истаган гиламга пулим етмай қайтяпман. Бир-икки кун ухламайман-да энди. Ишқилиб машинамнинг тагидан шамол эсиб турса бўлди.
– Одамлар ўзгариб кетяпти, болам, – дейди кекса бир ҳамроҳимиз. – Фарзандларимизга қандай тарбия беряпмиз, билмай қолдим. Яқинда рўзғори бўлак, бозорда мол олиб-сотадиган ўғлим мени чув туширса-я. Ҳеч ақлимга сиғдиролмаяпман. Бир она-бола сигирни ушлаб турган экан, ўшанга харидор бўлдим. Ўғлим-ку, дея ўйлаб ўтирмай сўраган пулни санаб бердим. Кейин билсам устига яхшигина қўйган экан. Нега бундай қилдинг, болам, десам, кўзини лўқ қилиб, бу бизнес, ота, дейди. Нима дердим, отангни алдашгача борадиган бизнесинггаям ўт тушсин, дердим-у боламсан-да, омадингни берсин, деб қўя қолдим.
Кўнглимга қайта хижиллик иниб, уйимиз рўпарасида тушиб қоламан. Болалигим ўтган ­қадрдон кўчадан юриб, қўшнилар баҳамжиҳат лой қориган ҳандақ ёнидан ўтиб, аёллар кигиз думалатган супага чиқаман. Кексалик нуқси урган отам билан дийдорлашамиз. Қўшнининг оғили устида кўзтаниш икки-уч кишининг куймаланаётганини кўриб, ҳашарми, деб сўрайман. Отам ҳорғин тортади.
– Қаёқда, болам, ҳашар қолибдими бу замонда… Ҳозир мушук текинга офтобга чиқмайди. Пулга суватаётган-да.
– А?!
Кўз олдим хиралашади. Болалигимдаги ўша беғубор туйғулар туманлар ичига сингиб кетгандек бўлади. Элас-элас англаганим отамнинг гапларидан қуйидагилари миямга муҳрланади:
– Бир нарса асло ёдингдан кўтарилмасин, болам. Кўзи тўқликнинг ўзи саодат. Энг катта бойлик ҳам аслида шу…

Салим АБДУРАҲМОНОВ,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар