Қурувчининг қадди-ю қадри қачон баланд бўлади?

346

Каттақўрғонлик Ўктам Эрдонов қурувчи. Кўп йиллар шу соҳада меҳнат қилган. Аммо у қурилишда шикастлангач, бармоқлари ишламай, уйида ўтириб қолди. Аммо ҳеч кимга нолимади, тақдир экан, деб қўя қолди. У меҳнат қилган ташкилот ҳам бепарво бўлди, жароҳатланган ходими борлигини мутлақ унутди… Шу тахлит кунлар ўтаверди…

Ўктамнинг бахтига Президентимизнинг 2017 йил 12 сентябрдаги «Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ора кирмаганида, билмадик, яна қанча вақт уйда ўтирган бўларди. Қарор асосида унинг қийналган оиласига давлатимиз томонидан ёрдам кўрсатилди, ўзи бепул даволанди. Тиббий муолажадан сўнг, унинг бармоқлари ишлаб кетди. Қурувчи ишга қайт­­ди. Иқтисоди ночорлашган оиласини тиклашга интилди. Бир фурсат меҳнат қилгач, давлатимиз ажратган галдаги маблағ эвазига яна қайта даволаниб, соппа-соғ бўлди.
Шу ўринда савол туғилади? Агар шундай ижтимоий кўмак бўлмаганда, қўлигул қурувчи ишидан ажраб қолаверармиди?
Бу савол бизни мулоҳазага чорлади. Аммо аввал қурилишлар ҳақида батафсил сўз юритсак.
Бугун қурилиш майдонида жавлон ураётганларнинг аксарияти 20 дан 40 ёшгача бўлган кишилар. Айни навқирон, чарчаш нималигини билмайдиган, ишлаб рўзғорни кўтарадиган ёшлар. Бунёдкорликлар жадаллигини ана шу навқиронлар таъминлаб бераётгани ҳам бор гап. Аммо…
– Тонг ёришгандан то шомгача меҳнат қиламиз, – дейди қурувчи Акбар Носиров. – Бошланган қурилишни ниҳоясига етказгунча тиним бўлмайди. Якшанба, саккиз соатлик иш, деган тушунча йўқ. Раҳбарларга бу ҳақда оғиз очган кунингиз паттангиз қўлингизга берилади.
– Меҳнат ҳуқуқига доир қандай имтиёзлардан фойланаяпсиз, – сўраймиз ундан.
– Шунча ишлаб расман меҳнат таътилига сира чиқмаганман. Касал бўлсангиз, соғайгач, ишни давом эттиришингиз мумкин. Лекин касаллик варақасига ҳақ тўлаш деган гап йўқ. Биз доимо мавсумий ишчи сифатида ишга қабул қилинамиз. Аммо бу мақом қурилишда ишлаётганларнинг ҳаммасига ҳам берилавермайди.
Самарқанд шаҳридаги қурилиш бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишдик. Энг ачинарлиси, бирорта қурилиш майдонида кўп қаватли бинолар барпо этишда иштирок этаётганлар коржомалар, зарур хавфсизлик воситалари билан таъминланмаган. Бирор қурувчининг бошида каска кўринмади. Қурилиш­ларда меҳнат муҳофазаси талабларидан мутлақо қаноат ҳосил қилиб бўлмайди.
Мана, масалан, «Samarkand snebn» масъулияти чекланган жамияти томонидан шаҳардаги Рудакий кўчасига ёндош майдонда кўп қаватли уй барпо этилаётир. Якшанба куни бўлишига қарамасдан бу ерда ўн чоғли қурувчи меҳнат қилаётган экан.
– Қарийб бир йилдан буён мазкур иншоот қурилишини амалга ошириб келяпмиз, – дейди корхона иш бош­қарувчиси Баҳодир Санақулов. – 20 нафарга яқин қурувчи ёлланма ишчи сифатида рўйхатга олинган. Ишчи кучига талаб катта. Ёз ойларида 20 кунлаб қурилиш ишлари тўхтаб қолган пайтлари ҳам бўлди. Қурилишда ишловчилар асосан Россия ва бошқа давлатларга чиқиб кетаётганлиги боис ишчи кучи етишмайди.
Бошқарувчидан меҳнат муҳофазасига доир бирор бир жўяли жавоб ололмадик. Шу кўчадаги «Ғlorensya Samarkand» МЧЖ бунёдкорлари ҳам дам олиш куни ишлашга қарор қилган. Аммо бу ерда ҳам меҳнат муҳофазаси талабларига риоя этиш унутилган.
Ана энди муддаога келсак. Биз беҳуда меҳнат муҳофазасига урғу бераётганимиз йўқ. Негаки, ўтган 2018 йилнинг ҳар бир ойида қурилишда ишлаб чиқариш билан боғлиқ кўнгилсиз ҳодисалар рўйхатга олинган. Масалан, Оқдарё туманидаги «Ynusjon ayli» оилавий корхонаси ишчиси Нодиржон Авазов қурилиш ишлари олиб бораётган чоғда 5,5-6 метр баландликдан тушиб кетган. Худди шундай ҳолат «Қурилиш инвест» МЧЖ ишчиси Абубакир Тоғаев билан ҳам содир бўлган. Нарпай туманидаги «Olmos» МЧЖ ишчиси Сайфиддин Раҳматовни электр токи урган бўлса, Самарқанд туманидаги «Elite class shoes» МЧЖ қурувчиси трос узилиб кетиши натижасида қўлда ясалган бадиядан жароҳатланган. Хуллас, улар орасида бетон зина босиб қолганлардан тортиб, темир устун тагида қолганларгача бор. Юқоридаги ҳолатлар жароҳат жиддийлиги боис ошкор бўлганлари. Қурилишда енгил тан жароҳати олиб, меҳнат қобилиятини йўқотганлар сони ҳам ҳам анчагина. Таассуфланарлиси, ишлаб чиқариш билан боғлиқ ҳодисага учраганлар географиясига назар солганимизда улар 19-35 ёшдаги норғул йигитлар бўлиб чиқди. Ҳали меҳнат кўникмаси, иш тажрибаси, етарлича ҳаётий тажрибага эга бўлмаган бир қатор ёшларимиз меҳнат сафидан чиқиб қолмоқда.
– Аксарият хусусий корхоналарда меҳнат муҳофазасига ортиқча ғалва деб қаралади, – дейди Самарқанд вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши Меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими мудири Усмон Каримов. – Ишлаб чиқариш билан боғлиқ барча кўнгилсизликлар касаба уюшмалари таркибига кирмаган қурилиш ташкилотларида рўй бермоқда. Вилоятимизда қурилиш соҳасида фаолият кўрсатаётган 50га яқин ташкилот касаба уюшма аъзолилига қабул қилинган. Бу ташкилотларда иш ­шароити аттестациядан ўтказилиб, меҳнат ва техника хавфсизлиги бўйича ўқувлар, тушунтиришлар олиб борилди. Меҳнат хавфсизлиги устидан жамоат назорати фаолияти йўлга қўйилди. Натижада, ўтган бир йил мобайнида ишлаб чиқариш билан боғлиқ бирор бир кўнгилсизлик содир этилгани йўқ.
– Хусусий ташкилотларни касаба уюшмалари сафига тортиб, ходимлар манфаатини ҳимоялаш мумкин эмасми, – сўраймиз суҳбатдошимиздан.
– Мумкин. Тармоқ касаба уюшма ташкилоти билан ҳамкорликда деярли барча қурилиш ташкилотларида бўлганмиз, аъзолик афзалликларини тушунтирганмиз, – дейди Усмон Каримов. – Аммо уларнинг аксарияти таклифларимизни ўринли қабул қилишмайди. Кўпчилигига касаба уюшмалари сафига аъзо бўлиш мажбурий эмаслигини, лекин иш берувчи сифатида меҳнат муҳофазасини таъминлаб беришга мажбур эканлигини англатишга интиляпмиз. Шу чоққача қурилиш ташкилотларининг бошини қовуштирадиган идора йўқ эди. Энди-чи? Қурилиш вазирлиги, жойлардаги бошқармалари иш бошлади. Бу ташаббусни улар ўз қўлларига олишига умид боғлаб турибмиз.
Бизни доимо шундай савол қийнайди. Жамиятда қадри баланд бўлиши керак бўлган қурувчига нега бугун эътибор йўқ?
Ҳар қадамда «Ҳайдовчи ҳушёр бўл, сени оиланг кутаётир» деган ёзувга дуч келамиз-у, биронта янги қурилаётган иншоотда меҳнат ва техника хавфсизлиги ҳақида тушунчи берувчи кўргазмали воситаларни-ку гапириб ўтирмайлик, ҳатто «Қурувчи ҳушёр бўл…» деган даъват йўқ. Нега? Ахир, қурувчи ҳам одам, акамиз ёки укамиз… Улар ҳақида қачон ўйлаймиз?…

Нурилла ШАМСИЕВ,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар