САЛОМГА ЯРАША АЛИК БЎЛСИН-ДА…

177

Корхонанинг aсоссиз равишда «кўчага қувилган» олти нафар ходими ишга тикланди

«Избоскан тумани йўллардан фойдаланиш» унитар корхонасининг олти нафар собиқ ходими Андижон вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасига арз билан келди: «Раҳбариятнинг буйруғи билан кўчада қолдик. Салкам икки ой бўляпти – бекормиз. Ишимизга қайтишга ёрдам беринглар».

Битта соҳада узоқ вақтдан бери меҳнат қилиб келаётган, шунинг ортидан 6 та оиланинг қозонини қайнатаётган бу ходимлар нега ишдан бўшатилди? Ёки вазифасига нолойиқми? Икки ой аввал ишга қабул қилинган ходимларни кутилмаганда «кўчага қувишни» қандай тушуниш керак?
Гап шундаки, вилоят автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармасининг буйруғига кўра, Андижон шаҳрида жойлашган автосафнинг бино-иншоотлари, тегишли ер майдонлари, барча асосий воситалари ҳамда штат жадвалидаги ишчи-ходимлари «Избоскан тумани йўллардан фойдаланиш» унитар корхонасига қонунчиликда ўрнатилган тартибда оператив бошқариш ҳуқуқи асосида беғараз бериладиган бўлди. Бир гуруҳ мутахассислар қатори Қаҳрамон Абдураҳмонов, Козимжон Назиров, Баҳромжон Солиев, Ғайратжон Мамажонов, Комилжон Тожибоев, Нозимжон Ҳайитов ҳам корхона раҳбарининг 2018 йил 1 июнь кунги буйруғи билан навбатчи механик, чилангар сингари вазифаларга ишга қабул қилинди. Бироқ кўп ўтмай, 1 августдан ишдан озод этилиши хусусида юқорида номлари зикр этилган олти кишининг ҳар бирига огоҳлантириш хатлари берилдики, барчаси «Ие, бу не кўргулик? Ҳали янги жамоа билан тузук-қуруқ танишиб ҳам улгурмадик-ку?! Ишдан бўшатишга асос борми?» дея ҳайрон қолишди.
Жавоб қисқа-лўнда бўлди: «Лавозимлар қисқартирилди, бошқа гап йўқ».
Бугун одамларнинг ҳуқуқий онг ва маданиятини юксалтириш, қонунлардан хабардорлик даражасини ошириш ҳақида кўп бонг уриляпти. Аксарият кўнгилсизликлар оддий қонун-қоидаларни билмасликдан келиб чиқаётгани ҳам бор гап. Не дейсизки, оддий фуқаро эмас, бутун бош­­ли корхонанинг раҳбарияти-ю ходимлар бўлими бошлиғи меҳнат қонунчилигини билмаса?!
Шубҳасиз, айни вазиятда Меҳнат кодексининг бир нечта моддаси қўпол равишда бузилган. Аввало, ходимларга огоҳлантириш хатлари иш берувчи томонидан эмас, вилоят автомобиль йўллари ҳудудий бош бош­қармаси ходимлар бўлими бошлиғи Х.Шукурова ҳамда мазкур корхона ходимлар бўлими бошлиғи М.Мамадалиева томонидан имзоланган ҳолда етказилган. Жамоа шартномасининг «Меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиниши фақатгина касаба уюшма қўмитасининг олдиндан розилигини олиб амалга оширилади» деган банд­лари «унутилган». Жараёнга бош-қош турганлар Меҳнат кодексининг 108-моддаси талаби бўйича меҳнат шартномаси бекор қилинган куни иш берувчи ходимга унинг меҳнат дафтарчаси ҳамда меҳнат шартномаси бекор қилиниши ҳақидаги буйруқнинг нусхасини бериши шартлигини хаёлига ҳам келтирмаган. Кун тартибидаги масала билан боғлиқ бирор-бир ҳужжат ҳуқуқшунос кўригидан ўтмаганлигига нима дейсиз?
Мурожаат вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси мутахассислари томонидан атрофлича ўрганилди. Қонун бузилиш ҳолатларини бартараф этиш юзасидан унитар корхона директори вазифасини бажарувчи Ж.Валиевга тақдимнома киритилди. Бироқ корхона томонидан «саломга яраша алик» бўлмади – тақдимнома ижросига беписандлик билан қаралди.
Шундан сўнг бирлашма олти нафар ходимнинг манфаатларини кўзлаб судга даъво аризаси билан мурожаат этди. Фуқаролик ишлари бўйи­­ча Избоскан туманлараро судининг сайёр мажлисида корхонанинг олти нафар ходим билан тузилган меҳнат шартномаларини бекор қилиш ҳақидаги буйруғини ғайриқонуний деб топиш ҳамда мажбурий прогул кунлари учун иш ҳақларини ундириш бўйича ҳал қилув қарори қабул қилинди.
Ишдан бўшатилган ходимлар-ку ўз вазифасига қайтди. Айни жиҳатлар сабоқ бўлиб, корхона мутасаддилари ҳуқуқий саводини оширишса, меҳнат қонунчилигини «сув қилиб» ичиб юборишса, қанийди!

Нурилло НЎЪМОНОВ,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар