Тафсилот

86

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2019 йилнинг 5 январь куни «Ўзбекис­тон Республикасида туризмни тезкор ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармон ва «ТУРИЗМ ТАРМОҒИНИ ЖАДАЛ РИВОЖ­ЛАНТИРИШГА ОИД ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА»ги қарорни имзолади. Мазкур ҳужжатларга биноан, Ўзбекистон Республикасида 2019 –2025 йилларда Туризмни ривожлантириш концепцияси ва чора-тадбирлар режаси тасдиқланди. Бундан ташқари, соҳага оид бир қанча ўзгаришлар киритилди.

Аэропорт ва вокзалларда ибодатхоналар

Эндиликда Ўзбекистондаги барча халқаро аэропортлар ва темирйўл вокзалларида ибодат амалларини бажаришга мослаштирилган хоналар пайдо бўлади. Фармонга биноан ибодат амалларини бажариш ва таҳоратхоналар учун жойларни 2019 йилнинг 1 июнига қадар жиҳозлаш топшириғи берилган.

Янги виза турлари жорий этилади

Фармонга мувофиқ, асли ўзбекистонлик бўлган, юртимиз ҳудудида таҳсил олаётган, илмий-тадқиқот ва таълим фаолиятини олиб бориш истагида бўлган, даволаш-профилактика муассасалари таклифига биноан ташриф буюрувчи ҳамда сайёҳлик фаолияти субъектлари ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита сўровига кўра хорижий фуқароларга «Vatandosh», «Studentvisa», «Academicvisa», «Medicalvisa», «Piligrimvisa» каби янги виза турлари жорий қилинади.

Сайёҳлар учун янги имкониятлар

2019 йилнинг 1 февралидан 45 давлат фуқаролари учун 30 кунлик муддатга визасиз режим жорий қилинади.

Хорижликлар Ўзбекистондан уй сотиб олиши мумкин
106 мамлакат фуқароларига Ўзбекистонда турар-жой сотиб олиш ҳуқуқи тақдим этилади. Бунинг учун ушбу давлатлар фуқаролари Ўзбекистон ҳудудларидан муайян суммадаги кўчмас мулк иншоотларини харид қилишлари керак бўлади.
Транспорт тизими ягона электрон портали яратилади
Уч ой ичида республика транспорт тизими ягона электрон портали яратилади, у блокчейн технологиялари асосида рейслар (автобус, авиа ва темир йўл) қулайлигини инобатга олган ҳолда чипталар сотувини амалга оширади.

Меҳмонхона хизматларида қандай ўзгаришлар БОР?

Ўзбекистонда жисмоний шахсларнинг яшаш жойи (пропискаси), фуқаролиги, қариндошлик ёки никоҳ муносабатларидан, шунинг­дек, шахсий ҳаёт ҳуқуқини чеклайдиган бошқа омиллардан қатъи назар, меҳмонхонага келган мижозларга меҳмонхона хизматлари тақдим этилади.

Бошқа хабарлар