Эртанги кун шуъласи

84

Мактабгача таълим тизими узлуксиз таълимнинг бирламчи, энг асосий бўғини ҳисобланади. Мутахассислар фикрича, инсон умри давомида оладиган маълумотларнинг 70 фоизи 5 ёшгача бўлган даврга тўғри келади. Айнан шу даврда болада илк кўникма шаклланади. Мактабгача таълим тизимида сифатли тарбия топган бола умумтаълим мактабига ортиқча ­қийинчиликсиз мослашади.

Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилганига ҳам бир йилдан зиёд вақт ўтди. Мамлакатимизда қарийб 1000 та болалар боғчаси қурилиб ишга туширилгани, мактабгача ёшдаги болаларнинг 35,4 фоизи таълимга жалб этилиб, умумий қамров аввалги йилга нисбатан 7 фоиз­дан ошгани, бу масканларда таълим мазмуни сифат жиҳатдан янгиланиб, илғор дунё тажрибаси кенг жорий этилаётганини чинакам инқилобий ўзгариш деб баҳолаш мумкин.

Мактабгача таълим бўйича қабул қилинган қарорнинг нақадар ҳаётийлигини таъкидлаш мақсадида биргина мисол келтираман. Ўтган асрнинг охирги йилларида Бахмал туманида болаларни мактабгача таълимга қамраб олиш кўрсаткичи жуда паст даражада эди. Туман ҳокимлиги раҳбарлигида аҳоли яшаш манзилларида бўш турган биноларни таъмирлаш, 6-7 нафар болани бир гуруҳга жамлаган ҳолда хонадон боғчалари, дарсдан сўнг бўшаган синф хоналарида 5-6 ёшли болалар учун қисқа муддатли гуруҳлар ташкил этиш, мактаблар қошидаги тайёрлов гуруҳларини кенгайтириш ҳисобига мактабгача ёшдаги болаларнинг қарийб 30 фоизи таълимга жалб этилиб, қамров сезиларли даражада кўтарилганди. Шундай ҳаракатлар туфайли туман таълим самарадорлиги бўйича қатор йиллар вилоятда пешқадамликни қўлдан бермай келди.
Ўқув-тарбия жараёнига бошқарувнинг янги механизмлари ва сифат-самарадорлигини жорий этиш, жамиятда ўқитувчи касбининг нуфузини ошириш, умумтаълим муассасаларининг моддий-техник ҳолатини яхшилаш орқали халқ таълими тизимини янада такомиллаштириш қанчалар ҳаётий зарурат эканини 2018 йилнинг 5 сентябрида «Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент фармони қабул қилингани ҳам яққол тасдиқлаб турибди. Унга биноан бошланғич ва юқори синф ўқитувчиларининг ойлик маошлари тенглаштирилиши, жорий йилдан эса ойлик иш ҳақи миқдори 54 фоизга, олий тоифадаги педагог­ларникини 64 фоизга етказиш кўзда тутилгани, шунингдек, педагог ходимларга яна қатор имтиёз­лар берилиши таълим-тарбия давлат ва жамиятнинг нафақат бугунги, балки эртанги кунини ҳам ҳал қиладиган муҳим ва устувор масала эканининг амалдаги исботи десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Унда нодавлат умумтаълим ташкилотлари тармоғини янада ривож­лантириш, адолатли кадрлар сиёсатини юритиш, 2019 йил 1 январдан бошлаб Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан туман (шаҳар)лар кесимида танлов асосида умумтаълим муассасалари фаолияти самарадорлиги бўйича рейтинг тузиш ва унинг якунларини оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилиш, Давлат инспекциясининг веб-сайтида жойлаштириш, ўқувчилар билим даражасини халқаро дастур ва тадқиқотлар даражасига етиши алоҳида қайд этилган.
Фахрий педагоглар билан суҳбатлар жараёнида шу нарсага амин бўлдимки, таълимда 3 ҳолатга алоҳида эътибор қаратиш лозим: сифат, адолат, шаффофлик. Эътибор қилсак, давлатимиз раҳбарининг ҳам, халқимизнинг ҳам талаби шу. Ютуқлар калити ҳам аслида шунда. Ҳассос шоиримиз Абдулла Ориповнинг «Муаллим камолот ичра кўзгудир» деган ташбеҳини бир ёдга олайлик-а!
Халқимиз хоҳиш-истагига кўра 11 йиллик умумий ўрта таълим қайта тиклангани, академик лицейлар фаолияти, шунингдек, педагог кадрларни тайёрлаш тизими давр талабига мувофиқ такомиллаштирилаётгани ҳам алоҳида эътиборга молик. Шу ўринда таъкидлаш керакки, бугунга келиб ўқитувчилар ўртасида соғлом рақобатни шакллантириш бўйича кенг қамровли ишларга йўл очилди. Ўқитувчи замон талабига жавоб берсагина ишлайди, акс ҳолда малакали, изланувчан мутахассисга жойини бўшатиб беради.
Ҳозирда Жиззах вилояти халқ таълими бошқармаси тасарруфида 542 та умумтаълим мактаби бўлиб, уларда 246 мингдан зиёд бола тарбияланади. 12 минг нафар ўқувчи эса «Баркамол авлод» болалар ижодиёт марказларидаги тўгаракларда ўз маҳоратларини оширмоқда.
Айни пайтда умумтаълим мактаб­ларида фаолият юритаётган 21 минг нафарга яқин ўқитувчининг 92 фоизи олий маълумотли кадрлар экани қувонарли ҳолдир. Шунга қарамасдан, вилоятда математика ва информатика, рус тили, биология, чет тили бўйича мутахассис кадрларга эҳтиёж мавжуд. Бинобарин, педагогика йўналишидаги олий ўқув юртлари мутасаддилари жойлардаги ҳақиқий аҳволни чуқур ўрганиб, тегишли чора кўрсалар, мақсадга мувофиқ бўларди.
Қолаверса, педагогик жамоалар ва кўп сонли ота-оналар мактаб давридаёқ болаларни ўқитувчилик касбига қизиқтириши алоҳида аҳамият касб этади. Шу ўринда биргина мисол: ­республика миқёсида мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказилган сўров натижаларига кўра бор-йўғи 7 фоиз ўқувчи ўқитувчилик касбини танлаганига нима дейсиз? Ваҳоланки, Хитойда бу кўрсаткич 55 фоизни ташкил этади. Бундан ташқари, шу пайтгача умумтаълим мактаби ва ўрта махсус ўқув юртини тугаллаётган битирувчиларда олий ўқув юртига «ўқишга кира оламанми?» деган «ҳадик» ҳам бор эди. Чунки кўп йиллар давомида битирувчиларнинг атиги 9-10 фоизигагина талабалик насиб этарди.
Жорий йилда олий ўқув юртларига қабулнинг адолатли ва шаффоф усули жорий этилиши туфайли кўплаб иқтидорли ёшлар эзгу орзуларига эришдилар. Аминмизки, бу ўз навбатида, қабул фоизларини ҳам оширади. Рес­публикамизда янги олий ўқув юртларининг ташкил этилиши, жаҳондаги нуфузли университетлар филиалларининг иш бошлаши, қабул квоталарининг кўпайиши ҳисобига умумтаълим мактаблари битирувчиларининг олий маълумот олиш даражаси яқин вақтларда бугунга нисбатан бир неча ­фоизга ошиши табиий ҳол, албатта.
Мамлакатимизда ёшлар тарбиясига берилаётган жиддий эътибор туфайли таълим тизимида ҳам салмоқли ишлар қилинмоқда. Вилоятимизда 2018 йил инвестиция дастури бўйича 27,8 млрд. сўмлик қурилиш таъмирлаш ишлари эвазига 22 та таълим даргоҳида капитал реконструкция ва мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, улар белгиланган муддатларда фойдаланишга топширилди.
«Обод қишлоқ» дастури доирасида 35 та таълим даргоҳида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. Улардан 19 тасида ишлар якунланиб, қолган қисмини ҳам шартнома муддатларида фойдаланишга топшириш кўзда тутилмоқда. Бу умумтаълим мактабларида ўқитишнинг икки сменалигига барҳам берибгина қолмай, ўқув сифатига ҳам ижобий таъсир этиши шубҳасиздир.
Файласуф Конфуций «Агар сен халқингни бир йил боқмоқчи бўлсанг, бўғдой эк, ўн йил боқмоқчи бўлсанг, дарахт эк, асрлар давомида боқмоқчи бўлсанг, билим, илм эк» дея бежиз таъкидламаган.
Бу билан нима демоқчимиз? Таълим даргоҳлари ва унинг мутасадди раҳбарлари биргина бюджет маб­лағларига кўз тикиб қолмасликлари лозим. Улар маҳаллий ҳокимликлар ва жамоатчилик ёрдамида кўпдан-кўп яратувчанлик ишларига қодирдир. «Излаган имкон топади», дейди доно халқимиз. Зиё масканларининг ҳар томонлама ривожланиши учун ички имкониятлардан фойдаланишга ҳам ўрганиш керак. Бу борада Бахмал, Ғаллаорол, Зомин туманлари мактабларида ибратли тажрибалар мавжуд. Вилоятдаги кўпчилик мактабларда ўқувчилар боғи, саноатбоп теракчилик ва кўчатчиликни етиштириш йўлга ­қўйилган. Ўқувчилар ўзлари эккан дарахт­ларнинг ўсиши учун жон куйдиряпти, меҳнат қиляпти. Бу бола тарбиясида муҳим ўрин тутиб, унда табиатга меҳр уйғонади, қолаверса, улар зиммасидаги масъулият ҳиссининг ошишига ёрдам беради. Боғлардан келадиган фойда эса мактаб, ўқувчилар манфаати учун ишлатилса, бунинг нимаси ёмон?
Ўтган йили Жиззах шаҳрида «Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги она тили ва адабиёт фанини чуқурлаштирилиб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернатини ташкил этиш тўғрисида»ги ҳукумат қарори билан замонавий бино қурилди. Мана, иккинчи йилдирки, мактаб-интернатда вилоятнинг шаҳар ва туманларидан танлов асосида саралаб олинган ўғил-қизлар ўқишяпти. Яхши ниятда бошланган иш ҳозирданоқ ўз мевасини бера бошлади.Мактаб ўқувчиларидан Висола Турсунбоева ва Гулсанам Баҳриддинованинг шеърий тўпламлари нашр этилиб, ўқувчиларга тақдим этилди.
Вилоятда таълим-тарбия узвийлигини тўғри ташкил этаётган жамоа­ларнинг иш тажрибалари асосида қатор ютуқлар қўлга киритилмоқда. Ғаллаорол туманидаги 87-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабининг 9-синф ўқувчиси Гулинур Сулаймонова немис тили бўйича билимлар беллашувининг ­Республика босқичида фахрли ўринни эгаллади. У айни пайтда немис адабиёти дурдоналарини ўзбек тилига таржима қилиб, маданиятимиз ривожига ўз ҳиссасини қўшмоқда. Ўқувчининг бу ютуқларга эришишига 32 йиллик меҳнат ­фаолиятига эга олий тоифали немис тили ўқитувчиси Фарида Султонованинг хизматлари катта. Заҳматкаш устоз, фахрий педагог шогирдлари билан узлуксиз иш олиб боради. Ҳафтасига тўрт кун тўгарак машғулотлари ўтади. Ўқувчиларнинг грамматик саводини ошириб, мавжуд бўшлиқларни тўлдириб боради. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.
Вилоят халқ таълими ходимлари фахрийлар кенгаши истиқболда улкан режаларни кўзда тутмоқда. Ёш авлод тарбиясига меҳнати сингган фахрий педагогларнинг яшаш шароит­ларини яхшилаш, уларнинг даволанишлари, дам олишлари учун тегиш­ли чора-тадбирларни белгилаш режалаштирилган.
Баркамол авлодни тарбиялаб етиштириш Президентимизнинг эзгу тилаги эканини ҳар қадамда сезиб ва ҳис қилиб турибмиз. Шу ўринда «Замонавий мактаб» давлат дастурининг тайёрланиши, ҳудудларда янги қиёфадаги Президент мактабларининг иш бошлаши хайрли ва савоб ишларнинг узвий давомидир. Бу қутлуғ жараёнда жиззахлик маорифчиларнинг ҳам олдинги сафларда бўлишига ишончимиз комил.

Саидаҳмад МИРЗАБЕКОВ,
Жиззах вилояти халқ таълими тизими ходимлари фахрийлар кенгаши раиси

Бошқа хабарлар