Жамоатчилик комиссияси Юнусободда

96

Президентимиз ташаббуси билан халқимиз ҳаётини янада фаровонлаштириш, юртимизнинг туман ва шаҳарларини обод мас­канларга айлантириш, шунингдек, давлат ҳокимияти органлари ҳамда мутасадди раҳбарларнинг аҳоли билан бевосита мулоқотини йўлга қўйиш орқали мавжуд муаммо ва камчилик­ларни бартараф этиш мақсадида ташкил этилган Жамоатчилик комиссиясининг фуқаролар билан мулоқотлари Юнусобод туманида давом этмоқда.

«Буюк Турон», «Минор», «Мирзо Улуғбек», «Матонат» маҳаллалари аҳли иштирокидаги учрашувда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси, Жамоатчилик комиссия­­си раҳбари Қудратилла ­Рафиков тумандаги ҳолатни таҳлил қилар экан, қилинган ишлар ҳамда истиқболдаги вазифаларга эътиборни қаратди.
Шундан сўнг маҳаллалардаги мавжуд ҳолатни ўрганиш, уйма-уй юриб хонадонлардаги вазият билан танишиш мақсадида ташкил этилган ишчи гуруҳ томонидан аниқланган масалалар ҳамда маҳалла фуқароларининг мурожаатлари тингланиб, мутасаддилар ҳукмига ҳавола қилинди.
Жумладан, «Буюк Турон» маҳалласида 1930-1935-йилларда қурилган кўпқаватли таъмирталаб ҳолга тушиб қолган уйлар мавжуд. Уй-жойга муҳтож оилалар бор. Бундан ташқари, маҳалла ҳудудида қурилиш ишлари кетаётгани туфайли айрим хонадон эгалари юзага келаётган ноқулайлик­лардан норози эканини билдиришди. Шу маҳаллада яшовчи Гулнора Абдуллаеванинг айтишича, 1-уйда марказий иситиш тизимида тез-тез узилиш­лар бўлади. Бир неча марта тегишли ташкилотларга мурожаат қилишганига қарамай, ҳалигача ижобий натижа бўлгани йўқ.
«Матонат» маҳалласида замон талабларига мос маҳалла гузари қуришга эҳтиёж бор. Маҳалла фаоллари ҳудуддаги йўллар ва пиёдалар йўлакчаларини асфальт қилиш, шунинг­дек, бўш турган жойларга болалар майдончасини қуриш каби масалаларни баён этишди. Бундан ташқари, фуқаролар ўзларини қийнаётган уй-жой, коммунал хизматлар юзасидан фикр-мулоҳазалар билдиришди.

«Мирзо Улуғбек» маҳалласи ҳудудидаги 15-кўп қаватли уйнинг ховлисида жойлашган иссиқлик таъминоти тизимига қарашли узел биноси қаровсиз аҳволда. Том қисми ёпилмаган. Бинодан ўтувчи иссиқ сув қувурларининг ўрамалари эскириб, йиртилиб кетган. Қувурлардаги сув иссиқлиги даражасида пасайиш ҳоллари кузатилмоқда. 1-, 2-, 2а-, 70-кўпқаватли уйларда кеч соат 23:00 дан кейин иситиш тизими босими кескин пасайиб, хонадонлар совиб кетади.
Ишчи гуруҳининг ўрганишлари давомида «Мирзо Улуғбек» маҳалласида айрим муаммолар борлиги қайд этилди. Жумладан, Халқобод 1-тор кўчасининг 50 метр масофаси таъмирталаб. 4 та эски симёғочлари қолиб кетган. 23-хонадонда яшовчи опа-сингиллар Д.Латипова ва Т.Латипова 2- гуруҳ ногиронлари бўлиб, дори-дармон ва моддий ёрдамга муҳтож.
17-кўпқаватли уйда яшовчи Г.Дубина подъездда кучли газ ҳиди мавжудлигидан шикоят қилган. 70-уйдаги барча лифтлар носоз аҳволда.
«Минор» маҳалласи раиси Ўткир Муҳаммаджоновнинг айтишича, маҳалла ҳудудида оқова сувлари учун ариқлар йўқлиги сабабли барча кўпқаватли уйлар олдида ёғингарчилик кунлари кўлмаклар ҳосил бўлиб, йўловчиларга катта қийинчилик туғдиради.
Маҳаллада яшовчи Муҳаббат Мирзаеванинг айтишига кўра, 9-мактаб орқа томони ва мусиқа мактабининг олди томонидаги йўллар ёмон аҳволдалиги сабаб ёғингарчилик кунларида мактаб ўқувчилари азият чекмоқдалар. 97-кўпқаватли уй атрофида болалар майдончаси йўқ.
9-мактаб директори Малика Мақсудбекова эса шу яқин атрофда мудофаага кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти жойлашгани, улар асосий кириш қисми олдидаги йўлда амалиёт машиналарида синов ўташи ва бу болалар учун хавф туғдираётганидан арз қилди.
Мудофа вазирлигига қарашли мактабгача таълим муассасаси раҳбарияти мазкур боғчанинг озиқ-овқатлар сақланадиган омборида сув тошгани, совуқ сув қаердандир сизиб чиқиши сабабли икки йилдан бери болалар учун бериладиган озиқ-овқатларни сақлашда қийинчиликка дуч келинаётганини айтиб, муаммони ҳал этишда амалий ёрдам сўради.
Мулоқот чоғида ижтимоий ҳимоя­­га муҳтож, имтиёзли уй-жой масаласида ёрдам сўраган, тадбиркорлик фаолиятини бошлашга қийналаётган фуқароларнинг мурожаатлари тингланди. Юзага чиққан ҳар бир муаммони ижобий ҳал этиш ва кейинги учрашувларда халқ олдида амалга оширилган ишлар бўйича ахборот бериш учун туман ҳокимлиги ҳамда тегишли мутасадди ташкилотлар вакилларига зарур топшириқлар берилди.

Аъзам АБУЛФАЙЗОВ,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар