Купердан «супер» ғалаба

37

Кеча Бирлашган Араб Амирликларида ўтказилаётган Осиё Кубогининг «F» гуруҳидан ўрин олган учрашувлар бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон терма жамоаси Уммон термасига қарши майдонга тушди ва қийинчилик билан бўлса-да 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди.

Баҳс аввалида футболчиларимиз ҳимоявий ўйин услубини танлаб, асосан қарши ҳужумларга таяниб ҳаракат қилишди. Уммонликлар эса бирин-кетин ҳужумлар уюштириб, дарвозамиз олдида хавфли вазиятлар ярата бошлашди.
Яхшики, 34-дақиқада Одил Аҳмедов йўллаган жарима зарбаси гол билан якунланди.
Иккинчи бўлимда ҳам негадир кутилган тактик ўзгаришлар амалга оширилмади. Натижада футболчиларимиз кўплаб вазиятларда позицион хатоларга йўл қўйишди. 71-дақиқада захирадан майдонга тушган рақиб футболчиси Муҳсин Ал-Ҳассанийнинг зарбасидан сўнг ҳисоб тенглашди. Босим янада кучайди. Ким билсин, аргентиналик мураббий Эктор Купер ўз вақтида таркибда ўзгариш қилмаганида оқибати нима билан тугарди? 86-дақиқада захирадан майдонга тушган Элдор Шомуродов гол уриб, ҳисобни 2:1 га етказди ва бу якунда ҳамюртларимизнинг ғалабасини таъминлади. Қолган дақиқаларда футболчиларимиз кўпроқ вақтни чўзиш билан банд бўлдилар. Иккинчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда дарвозабон билан бирга-бир вазиятга чиқиб бораётган рақибга нисбатан «сўнг­­ги умид» фолини ишлатган Егор Кримец майдондан четлатилди.
Учрашувда ғалаба қозонган бўлсак-да, ўйин давомида кўп­лаб камчиликлар кўзга ташланди. Ҳимоявий ўйин термамизга қимматга тушиши мумкинлиги сезилиб қолди. Хайриятки, футболчиларимиз бутун ўйин давомида рақиб дарвозасига бор-йўғи 3 марта зарба берган бўлсалар-да, унинг иккитасини гол билан якунлашди. Бундан ташқари, дарвозабон Игнатий Нестеровнинг муқаррар голларни бартараф қилиши якуний натижага катта ҳисса қўшди.
Терма жамоамизнинг ­кейинги баҳсларда янада ёрқинроқ ўйин кўрсатиб, ишончли ғалабаларга эришишига умид қиламиз.
Ҳамюртларимиз гуруҳ босқичидаги навбатдаги ўйинларни 13 январда Туркманис­тон, 17 январда эса Япония термасига қарши ўтказишади.

Зиёдбек ИСМОИЛОВ,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар