Ойдин йўл манзилга элтади

480

Бугунга келиб мамлакатлар ва халқлар билан бир қаторда умум­инсоний манфаатлар ривожи ҳам сезиларли даражада кучайди. Айнан шу паллада Ўзбекистон тараққиётнинг устувор йўналишларини таъминлашга қаратилган ислоҳотларни аниқ-равшан белгилаб олган ҳолда дунё ҳамжамиятининг эътиборини қозониб бораётир.

Ўтган қисқа давр ичида хорижий давлатлар, энг аввало, қўшни мамлакатлар билан дўстона муносабатлар мустаҳкамланди. Марказий Осиё давлатлари билан йўлга қўйилган алоқалар кучайди.
Ҳеч бир муболағасиз айтиш мумкинки, бугун барчамиз Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 28 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгилаб берилган юксак вазифалар руҳи билан яшамоқдамиз.
Мурожаатномада ­республикамиз ҳаётида эришилган ютуқлар билан бир қаторда ҳануз долзарб бўлиб қолаётган масалалар, камчиликлар ошкора таҳлил қилинди. Уларни бартараф этиш, кескин ўзгаришлар борасида тегишли йўл-йўриқ, кўрсатмалар берилди.

Мурожаатномада «Халқимиз генофондини мустаҳкамлаш мақсадида тиббий хизмат сифатини яхшилаш ва кўламини кенгайтириш лозим»лиги, «бош мақсадимиз – нафақат касалликларни даволаш, балки унинг олдини олиш» эканлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Соғлиқни сақлаш, соғлом авлодни шакллантириш устувор йўналиш­лар сифатида алоҳида тилга олинди. 2017 йилда ­бошланган кенг кўламдаги ишларнинг мантиқий давоми сифатида, бугунги кунда кардиология, жарроҳлик, кўз микрохирургияси, урология, терапия ва тиббий реабилитация, эндокринология, пульмонология ва фтизиатрия, акушерлик ва гинекология, дерматология ва венерология, педиатрия ва бошқа йўналишлардаги махсус илмий-амалий тиббиёт марказларида юқори сифатли хизмат кўрсатилмоқда. Ушбу шифо муассасаларида ҳар йили 50 мингга яқин юқори технологияли мураккаб операция­лар бажарилади, 600 минг нафардан кўпроқ беморга амбулатор хизмат кўрсатилади. Олимларнинг долзарб мавзулардаги илмий изланишлари натижасида тиббиётнинг йигирмадан зиёд йўналишлари бўйича 1000 дан ортиқ даволаш-диагн­остика стандартлари ишлаб чиқилди.
Миллат генофонди ҳақида сўз юритилганда, биринчи навбатда, оналар ва болалар саломатлиги, соғлом оила ва унда бенуқсон фарзанд дунёга келиши борасида ғамхўрлик қилиш назарда тутилади. Бугунги кунда ҳомиладор аёллар ва чақалоқларда патологияни барвақт аниқлашни таъминлайдиган замонавий перинатал марказлари, «Она ва бола» скрининг марказлари фаолияти такомиллаштирилиб, туғма ва ирсий касалликларни ташхислаш, даволаш ва улар профилактикасининг замонавий усуллари жорий этилаётир.
Давлат раҳбарининг Мурожаатномасида ногиронлиги бўлган болалар ва уларнинг оила аъзоларини, боқувчисини йўқотганларни ўн олти ёшгача ижтимоий муҳофаза қилиш масаласи доимий эътибор марказида туриши кераклиги кўрсатиб ўтилди. Умрини ногирон фарзандларига қараш, парваришлашга бағишлаган оналар учун алоҳида ижтимоий нафақа тури жорий этилиши таъкид­лаб ўтилди.
Республика Президентининг 2016 йил 2 ноябрдаги «2016–2020 йилларда Ўзбекистонда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ҳамда 2017 йил 25 декабрдаги қарори билан тасдиқланган «2018 – 2022 йиллар даврида болаларда туғма ва ирсий касалликларни барвақт аниқлаш Давлат дастури»да кўрсатиб ўтилган қатор вазифалар ижроси, шак-шубҳасиз, тўпланиб қолган кўплаб муаммоларга чек қўяди.
Кўрилаётган чора-тадбирлар самараси ўлароқ, 2018 йилда рес­публика ва минтақавий «Она ва бола» скрининг марказлари томонидан 250 минг нафарга яқин хавфли гуруҳга кирувчи ҳомиладорлар текширилди. Уларнинг қарийб 3400 нафарида ривожланишида туғма нуқсонлар ва ирсий касалликлар бўлган ҳомила аниқлангани боис ҳомиладорликни вақтида тўхтатиш тавсия қилиниб, ногирон болалар туғилишининг олди олинди.
«Соғлом авлод учун» фонди ҳам бир қатор давлат идоралари, вазирликлар, ташкилотлар билан ҳамкорликда ушбу эзгу мақсадларга ҳамоҳанг фаолият юритмоқда. Фонднинг 14 минтақавий филиали ва 100 дан ортиқ таянч маскани аҳолига тиббий кўмак, халқаро ҳамкорлик, меҳр-мурувват, маданий-маърифий, ўқув-соғломлаштириш ҳамда спорт йўналишидаги муҳим дас­турлари орқали хизмат қилиб келмоқда.
Фонд бир неча йиллардан буён «Friedensdorf International» халқаро ташкилоти (Германия), «Artemis Medikall serservces Limited» (Ҳиндистон), Кореянинг ИнҲа университети госпитали, Ёнсей университети госпитали, «Суанжин» фонди, АҚШнинг «Resource and Polici Exchange» халқаро ташкилоти, «Jinior Chamber International» (Корея) ёшлар ташкилоти, «Jahon invest plast» МЧЖ каби кўплаб ташкилотлар ва идоралар билан кўмакдошлик, ҳамкорлик фаолиятини юритаётир.
Хусусан, 2018 йилда АҚШнинг «Ameri Cares», «TOMS Shoes Inc» ташкилотлари томонидан «Тенг имкониятлар» лойиҳаси доирасида болалар ва ўсмирлар учун ёзги оёқ кийимларидан иборат мурувват юклари «Ўзбекис­тон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси кўмагида бепул келтирилди. «Ameri Cares» халқаро ташкилотидан эса дори-дармон воситалари беғараз ёрдам сифатида ўз эгаларига етказиб берилди.
Хориждаги нуфузли клиникаларда ушбу ташкилотлар кўмагида юзлаб хаста болалар бепул операция қилинди ва соғломлаштирилди. Ҳамкор ташкилотлар госпиталларининг малакали шифокорлари республикамиз вилоятларида аҳолини бепул чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиши ҳам таҳсинга лойиқ ишлардандир.
Жумладан, 2018 йил мобайнида туғма оёқ ва қўл нуқсонлари, куйишдан сўнг­­ги асоратларнинг оғир даражалари диагнозлари билан 26 нафар бемор бола Германия клиникаларига, юрак туғма нуқсонининг мураккаб турлари бўйи­­ча 18 нафар бемор бола Корея Рес­публикасига даволанишга юборилди.
Бундан ташқари, Германиянинг «Friedensdorf International» ташкилоти грант маблағлари дои­расида респуб­ликамиз клиникалари ҳамда хорижий илғор клиникаларда туғма юрак нуқсони бўлган 140 нафар бемор бола, лаб- танглай нуқсонлари, куйишдан кейинги асоратлар, оёқ ва қўл нуқсонлари ташхислари билан 316 нафар бемор бола даволаниб, соғломлаштирилди.
Эътироф этиш жоизки, бундай беғараз ёрдам, мураккаб жарроҳлик операциялари халқлар ва мамлакатлар ўртасида умуминсоний қадриятларнинг ­мустаҳкам ўрин олганидан дарак беради.
Олис, бориш қийин бўлган туманлар аҳолисига тиббий-ижтимоий ­патронаж хизмати кўрсатиш тизимини яратиш, «Саломатлик поездлари»ни ташкил этиш, мураккаб тиббий операциялар ўтказишга муҳтож болаларни етакчи хорижий клиникаларда даволанишга жўнатиш борасидаги ишлар соғломлаштириш йўналишида самарали натижаларни бермоқда.
Жумладан, Фонднинг кўчма тиббий-ижтимоий ёрдам маркази кўчма бригадалари томонидан йил мобайнида 268 805 та тиббий текширув ўтказилган бўлиб, шундан 141 971 нафар аёл, 65 318 нафар бола, 32296 нафар ўсмир ҳамда 29 220 нафар эркакни қамраб олган ҳолда бепул тиббий текширувлар амалга оширилди, шунингдек, беғараз дори-дармонлар тарқатиб келинмоқда.
Турли ижтимоий фестиваллар, танловлар, спорт мусобақалари ҳамда ёш авлод жисмоний, маънавий ва ақлий ривожланишига хизмат қилувчи кўплаб тадбирлар, лойиҳаларда юртимиз ёшлари фаол иштирок этаётгани ҳам қувонарли ҳолдир.
Она ва бола саломатлигини асраш йўлидаги энг йирик ­лойиҳалардан бири, бу – ҳомиладор аёлларни скрининг текширувидан ўтказишдир. Ушбу лойиҳа доирасида юртимизнинг барча ҳудудларида кўчма текширувлар амалга оширилмоқда. Қайд этиш керакки, тиббий текширувлар ҳомиладор аёлларнинг соғлиғини асраш, туғиладиган болаларнинг касалликларини эрта аниқлаш ва тизимли чоралар кўришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Фуқароларимизнинг соғлиғини сақлаш, аҳолига сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш масаласи ҳукуматимизнинг доимий эътиборида бўлиб, белгилаб берилган устувор йўналиш ва вазифалардан келиб чиққан ҳолда, соғлиқни сақлаш тизими ҳолати ҳамда аҳолига кўрсатилаётган ижтимоий ёрдам сифатини тизимли ўрганиш ва мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича доимий ишловчи ишчи гуруҳининг ҳудудларда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш, дори воситалари таъминотини янада яхшилаш, соҳага оид ислоҳотларни самарали татбиқ қилиш борасидаги ишлари давом этаётир.
Янги ислоҳотлар, ўзгаришлар халқимизда умид ва шижоат, ватан равнақи йўлида астойдил интилиш уйғотгани бугун ўз самарасини бермоқда. Энг асосийси, юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламдаги ўзгаришлар одамларда мамлакатимиз тараққиётига бўлган ишончни янада оширди. Кўтаринки руҳ ва интилиш кучайиб, давлатга камарбаста бўлишдек олижаноб туйғуга айланди.
Айниқса, ёшларимиз Президентимизнинг орзу-мақсадларини рўёбга чиқарувчи куч сифатида майдонга чиқаётгани, улар қалбида жўш ураётган Ватанга муҳаб­бат туйғуси, иштиёқ, шижоатни кўриб, фахр-ифтихорга тўласан киши. Уларнинг ўқиш ва ишида, фаолиятида ўз юртига нисбатан садоқат, меҳр-муҳаббатни кўриш қанчалар мароқли эканини сўз билан ифодалаш қийин.

«Нияти улуғ халқнинг – иши ҳам улуғ, ҳаёти ёруғ ва келажаги фаровон бўлади» дея таъкидлади Президентимиз Мурожаатномада. Мамлакат фаровонлиги, эл-юрт равнақи йўлидаги режа ва мақсадларнинг улуғлиги барчамизга куч бағишлайди. Бу эса жорий йил муваффақиятларга бой бўлишидан далолат беради.

Светлана ИНОМОВА,
«Соғлом авлод учун» халқаро хайрия фонди бошқаруви раиси

Бошқа хабарлар