Баҳорга ҳали эрта…

27

Шу кунларда юртимиз бўйлаб нисбатан қуруқроқ об-ҳаво кузатилмоқда. Бу, албатта, кўплаб юртдошларимизда «Баҳор эрта келса, бу ҳам кутилмаган ташвишларга сабаб бўлмасмикан», деган хавотир ҳам йўқ эмас. Айнан шунга кўра, кўплаб муштарийларимиз илтимосига биноан «Ўзгидрометмарказ» бош синоптиги Ирина ЗАЙЦЕВА билан ушбу мавзуда суҳбатлашдик.

– Ҳеч қачон кўнглимизни баҳорий кайфият тарк этмасин. Ўйлашимизча, ҳамма-ҳамма, катта-ю кичик шундай бўлишини истайди. Аммо қиш-қишлигини, баҳор-баҳорлигини қилмаса, ёз ва куз фаслларидан кўп нарса кутиш қийин. Бугунги об-ҳаво эса… Қиш ўз ўрнини муддатидан илгари баҳорга бўшатиб бермадимикан?
– Дарҳақиқат, қишнинг ўтган даври илиқ бўлди, бироқ бунга асосланиб қишнинг иккинчи ярми ёки баҳорнинг бошланиши қандай бўлиши тўғрисида хулоса қилишга эрта. «Қиш илиқ бўлса, баҳор эрта келади» ёки, аксинча, «Қиш илиқ бўлса, баҳор совуқ бўлади, ёки кеч келади» қабилидаги гапларда ҳеч қандай боғлиқликлар мавжуд эмас. Ер шарида об-ҳаво шароитларининг шаклланиши атмосферанинг умумий циркуляцияси механизмлари орқали рўй беради. Бу механизмлар мураккаб сабаб ва оқибат муносабатларидан таркиб топган. Ўзбекистонда кўп йиллик кузатувлар даври учун қишнинг ҳар уч ойи ва баҳорнинг бошланиши илиқ бўлган (2016 йил) даврлар ҳам, қишнинг декабрь, январь ойларида ҳаво илиқ бўлиб, февралда эса аномал совуқ тушиш­лар бўлгани кузатилган (2014 йил).
– Олдиндан бир нарса дейиш қийин. Лекин қиш чўзилиб кетса, оқибати яхшилик билан тугамаслиги аниқ. Ирина Борисовна, ишқилиб, бундай хавотирга асос йўқми?
– Бундай хавотирга асос йўқ, деб ўйлайман. Минтақамизда қиш фасли одатда, ўз вақтида бошланиб, ўз вақтида ўз ўрнини баҳорга бўшатиб берган. Қиш чўзилиб кетган ҳоллар камдан-кам кузатилган.
– Ҳаётнинг ўзидан кўра замонавийроқ мактаб йўқ, аслида. Муаммолар қаршисида эсанкираб қолмаслигимиз учун яна бир савол: ҳозир сой ва ирмоқлар тўлиб-тошиб оқяпти. Қор мўлжалдагидан камроқ ёғадиган бўлса, деҳқонларимиз экин-тикинни суғоришда қийналиб қолишмайдими? Балки сув омборлари сатҳи қанча бўлиши ҳақида ҳозирданоқ ўйлаб кўриш керакдир.
– Маълумот ўрнида шуни айтиш жоизки, биз сув ресурслари танқислигига мойил ҳудудда яшаймиз. «Сув — бу ҳаёт» ибораси Ўзбекистон аҳолиси учун ҳар доим муҳим масала бўлган. Унинг долзарблиги баланд тоғлардаги қорлар ва музликлар жадал эриб бораётган сўнгги йилларда, айниқса, чуқурлашди. Ҳаво ҳароратининг кўтарилиши билан боғлиқ бу жараёнлар сув ресурсларининг озайишига олиб келмоқда.
Шунинг учун ҳозирги вақтда юртимизда дарёлардаги сув миқдорини, сув омборларидаги сув сатҳини кузатиш масалалари, сувни тежаш ва сувдан фойдаланиш масалаларига катта эътибор қаратилмоқда. Ушбу муаммоларни ўрганиш ва ҳал этишда Ўзгидромет билан бир қаторда Қишлоқ хўжалиги, Сув хўжалиги, Энергетика вазирликлари ҳам масъулдир. Ушбу ташкилотлар бир-бири билан ўзаро ҳамкорликда ишлаб­гина қолмай, балки қўшни давлатларнинг сув масалаларига масъул бўлган идоралар билан ҳам яқиндан ҳамкорлик қилиб келади.
Мамлакатнинг барча сув ресурслари, тоғлардаги қор захиралари, сув омборларидаги сув сатҳининг ўзгариши мутахассисларнинг доимий назоратидадир. Бу борада Ўзгидромет мутахассислари бириктирилган кузатув пунктларида сув ўлчовлари ўтказилади, давлат сув кадастри юритилади.
– Яқин ва олис келажакка қизиқиш ҳар қанча кучли бўлмасин, табиийки, бизда эртага, индинга, умуман ҳафта ва ўн кун оралиғида юз бериши эҳтимол тутилган башорат кўпроқ қизиқиш уйғотади. Айтинг-чи, бизни ҳеч қандай кутилмаган совға кутмаяптими?
– Кейинги ҳафта давомида об-ҳавонинг кескин ўзгаришлари кутилмоқда, бироқ қор ва қаттиқ совуқлар бўлмайди. Мутахассисларимиз кейинги ҳафтанинг ўртасигача ҳаво кечаси 0-5 даража илиқдан 2-5 даража илиққача, кундузи 2-5 даража илиқдан 8-13 даража илиққача аста кўтарилиши, айрим жойларда 15-17 даража илиқ бўлишини тахмин қилмоқдалар. 15 январь санасида эса республикамизда яна ёмғир ёғиши кутилмоқда. Қолган кунларда эса об-ҳаво асосан ёғингарчиликсиз бўлади.
Январь ойининг иккинчи ярмида мутахассисларимиз ҳаво ҳарорати меъёрларга яқинлашишини, ойнинг охирига келиб меъёрдан тушишини тахмин қилишмоқда.
– Саволларимизга батафсил ва тўлақонли жавоб берганлигингиз учун, Ирина Борисовна, сизга муштарийларимиз номидан ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Об-ҳаво қандай бўлишидан қатъи назар, доимо кайфиятимиз аъло бўлиб, ишларимиз бароридан келсин!

Зайниддин РИХСИЕВ,
Давронбек ОРИПОВ,
«Ishonch» мухбирлари

Бошқа хабарлар