Билдирилган ишончни оқламоқ – шараф

20

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 27 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан «Sogʻlom Avlod uchun» жамғармаси ва унинг ҳудудий филиаллари қатор тадбирлар ўтказмоқда. Олий ўқув юртлари, маҳаллалар, ҳарбий қисмларда ёшларга ватанпарварлик руҳини сингдириш мақсадида ташкил этилаётган шундай тадбирлардан бири Ўзбекистон Қуролли кучлари Академия­сида бўлиб ўтди. Ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари учун ташкил этилган мазкур тадбирда «Сўғдиёна» халқ чолғулари камер оркестри иштирок этди.
– Ҳарбий либосни кийган ҳар бир аскарнинг Ватан олдидаги бурч, масъулият ҳисси янада ошади, – дей­ди муддатли ҳарбий хизматчи Талъат Мамадалиев – Бугунги кунда Академия­­да яратилган шароитлар ва ҳарбий хизматчилар учун берилаётган ­имкониятлар юқори даражада. Билдирилган ишончга лойиқ бўлиб, ўз бурчимизни сид­қидилдан бажаришимиз керак. Оила аъзоларимиз ҳам бизнинг қандай эъзоз­­да эканимизни кўриб, қувонишди, концерт дастуридан баҳра олишди.
«Sogʻlom Avlod uchun» жамғармаси ҳарбий хизматчиларни фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирлади.
Киши кўнглига қувонч ва ифтихор бағишлайдиган шундай тадбир Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳарбий госпиталида ҳам ўтказилди.

Муқаддас РАЗЗОҚОВА,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар