Бургутинг, лочининг, мардингман, юртим

38

Бу воқеалар шундай ёнимизда бўлиб ўтмоқда, уларнинг қаҳрамони эса орамизда…

1995 йил 23 май. Жиззах вилояти Дўстлик тумани.
– Суюнчи беринг, Мардибой!
– Суюнчи сиздан айлансин!
– Қувончингизга шерикмиз, умри билан берган бўлсин!
– Раҳмат, айтганингиз келсин!
– Роҳатини кўриб юринг, элимизнинг олд йигитларидан бири бўлсин!
– Инша Аллоҳ!
– Ҳа, исмини нима қўясиз?
– Орзумдаги исм Беҳзод! Яхши инсонларнинг авлоди…
– Чиройли исм…


2015 йил, 21 март. Тун. Фарғона шаҳрида жойлашган ҳарбий қисмларнинг бири.
Аскарлар ётоқхонаси. Кун тартибига кўра, «Взвод, уйқуга!» буйруғи берилганига ҳам бир соатдан ошди. «Эртага, Ҳарбий қасамёд қабул қиламан! Мен ҳам қасамёд қиламан! Мен ҳам худо берган умрда акаларим каби халқимга, Президентимга садоқат изҳор этаман! Эртага! Бу кунни қанча кутдим? Қанча орзу қилдим? Ўзингга шукр! Ота-онам, ака-укаларим келишади. Шу «Эртага» худо хоҳласа, ҳаётимни ҳал этади. Негадир, уйқум келмаяпти. Кун узоғи ичимда такрорлаганим Ҳарбий қасамёднинг матни бу кеча менга уйқу бермаса керак: «Мен, Холйигитов Беҳзод Мардибой ўғли, Ўзбекистон Респуб­ликаси Қуролли Кучлари сафига кирар эканман…».


2016 йил. Наманган вилояти Чуст туманида жойлашган ҳарбий қисмларнинг бири. Саф майдони. Кечки сайр.
– Бўлинма, қадам бос! Бўлинма, қўшиқ айт!
«Само узра парвоз айлар ҳушёрлик,
Халқимга тилайман бахт – бахтиёрлик.
Ўғлонинг тарк этмас сира бедорлик,
Сарҳадинг асраган ўғлингман, юртим,
Бургутинг, лочининг, мардингман, юртим…».

– Тўхта! Ростлан! Эркин! Шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Холйигитов!
– Мен!
– Бу қўшиқни аскарлигингда айтганмисан?
– Худди шундай.
– Бу қўшиқни биз ҳам айтардик…


2017 йил июль – август ойлари Россия федерациясида ўтказилган Учинчи халқаро армия ўйинларидан сўнг.
«Алло, Ассалому алайкум, дадажон! Раҳмат, ўзингиз, аяжоним, ҳамма яхшими? Ҳа-ҳа, командирларим ҳам яхши. Самолётдан тушдик. Аэропортдамиз. «Энг илғор разведка гуруҳи» ўртасида умумжамоа ҳисобида 3-ўринни қўлга киритдик. Раҳмат, сизга ҳам муборак бўлсин! Яхши эшитилмаяпти, карнай-сурнай билан кутиб олишди. Уй ичиларга салом айтинг, дадажон! Яна қўнғироқ қиламан!»
Р/S: Бу мусобақадаги иштироки учун қаҳрамонимизга Мудофаа вазирлиги томонидан «Намунали хизматлари учун» III даражали кўкрак нишони берилди.


2017 йилнинг октябрь ойи. Респуб­лика оммавий ахборот воситалари эълон қилади: «Жорий йилнинг октябрь ойи­­да Буюк Британиянинг Брэкон шаҳрида қўшин разведкачилари ўртасида ўтказилган «Cembrian potrul» халқаро мусобақасида илк бор иштирок этиб, мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилган Мудофаа вазирлиги жамоаси фахрли 2-ўринни қўлга киритди.
– Ушбу беллашувда вакилларимиз муносиб иштирок этди, – дейди Мудофаа вазирлиги жамоаси аъзоси Беҳзод Холйигитов.
– Халқаро армия ўйинларида миллий армиямиз шарафини ҳимоя қилаётган ҳарбий хизматчиларнинг маҳорати йилдан-йилга ошиб бормоқда. Ҳарбий спортчиларимиз эпчиллик, аниқлик, қўйилган вазифани бекам-у кўст бажариш бўйича мусобақаларда шахсий рекордларини янгилаб боришмоқда, – дейди подполковник Отабек Деҳқонов. – Ана шундай азаматларимиз орасида кичик сержант Беҳзод Холйигитовнинг жамоага кўмаклашаётганидан хурсандмиз. У ўзининг иқтидори туфайли кўплаб умумғалабаларимизга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
Р/S: Бу мусобақадаги иштироки учун шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Беҳзод Холйигитовга Мудофаа вазирлиги томонидан «Намунали хизматлари учун» II даражали кўкрак нишони ҳамда навбатдаги «Кичик сержант» ҳарбий унвони берилди.


2018 йил. Бухоро вилоятида жойлашган ҳарбий қисмларнинг бири.
«Алло, Ёшлар иттифоқи бўлимими? Мен, ҳарбий қисм командирининг ҳарбий-ватанпарварлик, маънавий-ахлоқий тарбия ва ёшлар билан ишлаш бўйича ўринбосари подполковник Азимхон Шокировман. Бизнинг ҳарбий қисмимизда «Мард ўғлон» давлат мукофоти учун муносиб номзод бор. Шу йигит ҳужжат тайёрлаган, сизларга тақдим этиши керак… Тушундим. Ёнингизга юборяпман…».


2018 йил, 28 июнь. Тошкент шаҳри. «Мард ўғлон» давлат мукофоти билан тақдирлаш тўғрисида» Президент қарори.
«Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда фаоллик кўрсатиб, ўзининг билим ва иқтидори, ҳалол ва самарали меҳнати билан Ватанимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келаётган, юксак маънавиятли, мустақил фикрловчи, қатъий ҳаётий позиция, кенг дунёқараш ва юқори салоҳиятга эга, юрт истиқболи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир бўлган фидойи ва мард ўғлонларимизни муносиб рағбатлантириш мақсадида…».
Мукофотланувчилар орасида Бухоро вилоятида жойлашган ҳарбий қисмларнинг бирида хизмат қилаётган жиззахлик кичик сержант Беҳзод Хол­йигитов ҳам бор.


2018 йил, 30 июнь. Жиззах шаҳри.
«Беҳзоджон оиламизнинг ишонган-суянган қўрғони. Мен ўғлимнинг аскар бўлиб, эгнига ҳарбий либос кийган кунини ҳеч қачон эсимдан чиқармайман. Бу катта шараф! Ўғлим шу кунга қадар нимага эришган бўлса, барчаси мана шу ҳарбий либос шарофати билан олган таълим-тарбияси, меҳнат-заҳмати эвазига. Ҳар бир она учун фарзандининг камолини кўриш бахт! Ўғлимнинг шундай нуфузли Давлат мукофотига лойиқ кўрилгани оиламиз тарихида ўчмас ҳодиса бўлди. Мен, Ватанимиз учун сидқидилдан хизмат қилаётган ўғлоннинг онаси эканлигимдан фахрланаман!»
Бу Жумагул Худойбердиеванинг дил сўзлари.


Бугун. 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни байрами арафаси.
«Мен болаликдан ҳарбий бўлишни орзу қилардим. Шукрки, орзуим ушалди. Энди мен Ватанимнинг манфаатларини ҳар қаерда, ҳар қандай шароитда бор кучим билан ҳимоя қиламан.
Ўтган йил мен учун унутилмас воқеаларга бой бўлди. Айниқса, Жиззах вилояти ҳокими «Мард ўғлон» давлат мукофоти, дип­лом ва Президентимизнинг совғаси – қимматбаҳо қўл соатини, ота-онамга эса «Ташаккурнома» тақдим этганидаги хурсанд­чиликни сўз билан ифодалай олмайман. Ушбу мукофот яна бир – Қуролли Кучлар академиясига таҳсил олиш орзуимнинг ушалишига замин яратди. Бизни Халқаро армия ўйинларига тайёрлаган подполковниклар Бахтиёр Қосимов ва Вячеслав Лакота, майор­лар Исроил Юсупов ва Анзор Мелиев, капитан Муҳаммадсоли Дўстқулов каби фидойи устозларга раҳмат айтаман. Уларнинг меҳнати туфайли ғалабаларга эришдик. Ҳозирда шу йилнинг июль – август ойларида Россия Федерациясида бўлиб ўтадиган IV Халқаро армия ўйинларига жамоа таркибида машғулотлар ўтказяпмиз. Мақсадимиз, келгусида фақат ва фақат олий ўринни қўлга киритиб, миллий армиямиз шаънини кўкларга кўтариш».
Бу кичик сержант Беҳзод ­Холйигитовнинг дил сўзлари.


Бу воқеалар шундай ёнимизда бўлиб ўтмоқда, уларнинг қаҳрамони эса орамизда…
Алибек ОМОНТУРДИЕВ

Бошқа хабарлар