Ишловчи аёллар манфаати улар тўлиқ қамраб олинмоқдами?

91

Вазирлар Маҳкамаси, Савдо-саноат палатаси ҳамда Касаба уюшмалари Федерация­­си ўртасида имзоланган Бош келишувда хотин-қизлар манфаатларини ифодаловчи алоҳида боб киритилгани ишловчи аёллар манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Шу асосда жойларда хотин-қизларнинг жамиятдаги мавқеини мустаҳкамлаш, уларнинг меҳнат қилиши ва эркин касб танлаши, хавфсиз меҳнат шароити, ижтимоий ҳимоя, тиббий хизмат билан таъминланиши, ижтимоий ва маданий ҳаётда қатнашиши, билим олиши, шахс эркинлиги ва дахлсизлигини таъминлаш масалалари юзасидан қатор ишлар амалга оширилаётир.
Хусусан, Хоразм вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасининг хотин-қизлар комиссияси томонидан 2017-2018 йиллар учун белгиланган иш режасига мувофиқ давлат ва жамоат ташкилотлари билан мустаҳкам ҳамкорлик асосида фаолият олиб борилиб, шу муддатда 297 та нодавлат мулк шаклидаги корхона ва ташкилотларда меҳнат қилаётган 482 нафар болали аёлнинг ойлик маоши сақланган ҳолда иш вақти ҳафтасига 35 соатдан ошмайдиган қилиб белгиланди.

Иш ва ўқиш жойларида хотин-қизлар улар ўртасида репродуктив саломатликни мус­таҳкамлаш, тиббий маданият ва саводхонликни юксалтириш мақсадида «Соғлом авлод учун» халқаро хайрия фонди вилоят бўлими, вилоят Перинатал маркази, Она ва бола скрининг маркази билан кенг ҳамкорлик йўлга қўйилди.
Ишлаётган, айниқса, кам таъминланган, кўп болали ёлғиз, фарзанд кўрмаган аёллардан 29 нафари санаторийларда бепул соғломлаштирилди.
Қолаверса, ушбу даврда икки ёшдан уч ёшгача бола парвариши учун таътилда бўлган 878 нафар ёш онага 190 миллион сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди. Олий ўқув юртларида таҳсил олаётган 151 нафар талабага контракт пулларининг бир қисмини қоп­лаш учун корхоналар ҳисобидан 234 миллион 974 минг сўм, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар фарзандлари учун ўқув қуроллари, дарсликлар харид қилиш харажатларини қоп­лаш учун 4509 нафар болага корхоналар ҳисобидан 260 миллион 385 минг сўм сарфланди. Кам таъминланган ёш оила вакилларининг 3979 нафарига 611 млн. 371 минг сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди. 299 та корхона ва ташкилотларда 129 нафар ходимнинг фарзандларига чет тилларни ўрганишига кўмак­лашиш мақсадида 24 миллион сўмдан ортиқ миқдорда моддий ёрдам кўрсатилди. Уй-жой қуриш ва мамлакатимизда ишлаб чиқарилган, узоқ муддат фойдаланиладиган товарларни харид қилиш учун 112 та ёш оилага 478 миллион 210 минг сўм фоизсиз ссудалар ажратилди. Буларнинг барчасидан биринчи галда аёллар манфаатдор бўлишди.
2017-2018 йиллар давомида нодавлат сектор тизимидаги 72 та корхона, ташкилотларда ишлаётган, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик билан шуғулланаётган хотин-қизлар учун иш жойларида санитария­-гигиена ҳолатларининг таъминланганлик ҳолати ўрганилди.
Бугунги кунда жамоа шартномаларига ноқулай шароитда ишлаётган аёлларга имтиёзлар бериш, мактабгача ёшдаги болалари бўлган аёлларга ойда бир кун ҳамда икки ва ундан ортиқ 12 ёшгача фарзанди бўлган аёлларга иш кунини 1 соатга қисқартириш ва 3 иш кунидан иборат қўшимча таътил бериш, 14 ёшгача фарзанди бўлган ва ҳомиладор аёлларга тўлиқсиз иш ҳафтасини белгилаш, бола тарбияси муносабати билан таътилга чиққан аёлларга моддий ёрдам бериш, аёлларни тиббий муассасаларда бепул даволаш ва ходимларни тиббий кўрикдан ўтказиш каби мажбуриятларни киритишга эришилди.
Бироқ ҳамма корхона ва ташкилотлар ҳам касаба уюшмаларига жалб қилинмаган. Айрим хусусий ҳамда қўшма корхоналарда ишловчи хотин-қизлар имтиёзлардан фойдалана олмаётганидан ҳам кўз юмолмаймиз.
Меҳнат кодексида бюджет ташкилотларда ва нодавлат секторда фаолият кўрсатаётган хотин-қизлар учун бир хил имтиёзлар кўзда тутилмаган. Масалан, Меҳнат кодексининг 116-моддасида иш вақтининг қисқартирилган муддати ва 228-1 моддасида уч ёшга тўлмаган болалари бор, бюджет ҳисобидан молия­вий жиҳатдан таъминланадиган ташкилотлар ва муассасаларда ишлаётган аёллар учун иш вақтининг қисқартирилган муддатига бўлган ҳуқуқи белгиланган. Ҳар икки моддада ҳам бюджет ҳисобидан молиявий жиҳатдан таъминланган муассасаларда ишловчи хотин-қизлар кўзда тутилган. Шу боис, ушбу моддаларга ўзгартириш киритиш, бюджет ҳисобидан молиявий жиҳатдан таъминланган муассасаларда, шунингдек, фао­лият тури ҳамда мулк ва хўжалик юритиш шаклларидан қатъи назар, шу жумладан, тадбиркорлик субъектлари томонидан ташкил этилган ишлаб чиқариш корхоналари (завод, фабрика ва бошқалар)да ишлаётган аёлларга ҳам иш вақтининг қисқартирилган муддатини жорий этиш лозим. Бу билан барча ишловчи аёлларнинг тенг ҳуқуқлилигини таъминлашга эришамиз.
Биз жойларда бўлиб, хотин-қизлар ўз меҳнатларига розими, ишига муносиб ҳақ оляптими, деган саволларга жавоб изладик. Бу жараёнда ҳам айрим муаммоларга дуч келдик. Баъзи муассасаларда, хусусан, бюджет ташкилотларида, соғлиқни сақлаш ва таълим тизимида бир штат бирлигини икки, уч, ҳатто, тўртга бўлган ҳолда ходимларни ишга қабул қилиш ҳолатлари кузатилмоқда. Бунинг натижасида уларга тўланаётган иш ҳақи белгиланган энг кам иш ҳақидан ҳам озни ташкил этяпти.
Ишловчи аёллар ўзларига яратилган маиший шароитларни янада оширишни илтимос қилишаётир. Жумладан, МТМларга ишловчи аёлларнинг болаларини қабул қилишни 2 ёшдан бошлашни илтимос қилувчилар кўпаймоқда. Боиси, ёш оналарнинг аксарияти ишлашни, даромад қилишни хоҳлайди. Амалда кўпчилик ёш оналар 3 ёшдан кичик фарзандларини норасмий фаолият кўрсатаётган энагаларга топшириш ҳолатлари кузатилмоқда.
Болалари бошланғич синфларда ўқийдиган ишловчи аёллар ҳам айрим муаммолардан холи эмас. Мисол учун, фарзандини қўшнисига ташлаб ёки уйда ёлғиз қулфлаб ишга чиққан онанинг аҳволини тасаввур қилинг. Хаёли боласида бўлган, кўнгли нотинч ходим ишини кўнгилдагидек бажара олармиди?! Балки, Халқ таълими вазирлиги томонидан ушбу йўналишда муайян чора-тадбирлар белгилангандир ҳам. Бироқ жойларда бошланғич синф ўқувчиларининг бўш вақтларини мазмунли ташкил қилиш борасида самарали ишлар олиб борилмаяпти.
Биз тилга олган масалаларнинг тегиш­лича ечим топиши ишловчи аёлларнинг ўз меҳнатларига рози бўлишида, ижтимоий-иқтисодий ҳимоясини кучайтиришда, қолаверса, иш унумдорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади, деб ўйлайман. Бу борада яна бир карра ўйлаб кўрилса, хулоса чиқарилса, фойдадан холи бўлмасди.

Муяссар РАҲИМОВА,
Хоразм вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси хотин-қизлар билан ишлаш комиссияси раиси

Бошқа хабарлар