Медиа майдондаги муҳим одимлар Бош прокуратура ҳузуридаги Ахборот-таҳлил мультимедиа марказининг бир йиллик фаолиятига назар

26

2018 йилнинг 8 январь санасида Бош прокуратура ҳузурида Ахборот-таҳлил мультимедиа маркази ташкил этилган эди. Ўтган бир йил давомида марказ томонидан замонавий технологиялар, креатив ёндашувлар ҳамда тезкорлик омиллари асосида салмоқли ишлар амалга оширилди.

Хусусан, ҳозиргача марказ томонидан 930 та, жумладан, 355 та шарҳ, 272 та лавҳа, 78 та кўрсатув, 22 та давра суҳбати, 71 та ролик, 98 та репортаж, 12 та фильм ҳамда 22 та турли шаклдаги материал тайёрланди. Давлатимиз раҳбарининг қарор ва фармонлари мазмун-моҳияти ва уларда белгилаб берилган вазифалар, юридик маслаҳатлар атрофлича ёритилди.
– Ахборот-таҳлил мультимедиа маркази инновацион, креатив ҳамда прагматив ёндашувлар асосида фаолият олиб бормоқда, – дейди Ахборот-таҳлил мультимедиа маркази директори Бобур Алихонов. – Марказ ўзида профессионал оммавий ахборот воситалари ходимлари: журналистлар, продюсер, муҳаррир, оператор, техник ходимларни жамлади. Жамоа ўзи учун умумманфаатни устувор вазифа сифатида белгилаб олгани ҳам аҳамиятга моликдир.
Давлатимиз раҳбари 2017 йил Парламентга қилган Мурожаатномасида жамиятимиз ҳаётида демократик принципларни мустаҳкамлаш зарурлигини алоҳида таъкидлаган эди.
Оммавий ахборот воситалари жамият ҳаётида муҳим ва таъсирчан омил бўлиб, профессионал замонавий журналистикани шакл­лантириш бугунги куннинг долзарб масаласидир. Мультимедиа маркази ана шундай талаблар ҳамда замонавий технологиялар ва креатив ёндашувлардан фойдаланган ҳолда ахборот-таҳлилий медиа материалларни тайёрлаяпти. Хусусан, аудио ва видео­роликлар, телекўрсатув ҳамда радиоэшиттиришлар, ижтимоий рекламалар, воқеа жойидан репортажлар тайёрланиб, эфирга, шунингдек, интернет тармоғига узатиляпти.
– Ҳозиргача марказимиз томонидан ўзбек, рус ва инглиз тилларида 3 мингта интервью ва 420 та блиц-интервью тайёрланди, – дейди марказ бош муҳаррири Раҳимжон Маҳкамов. – Шунингдек, матбуот нашрларида 175 марта чиқишлар қилинди.
Шу кунга қадар Россия, Хитой, АҚШ, Ҳиндис­тон, Корея Республикаси, Тожикистон, Беларусь давлатларидан тайёрланган тезкор, таҳлилий, чуқур ёндашилган репортажларда Президентимизнинг ташрифидан сўнг икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг янги босқичга чиқиши, истиқболли режалар билан тузилаётган битимлар, ҳамкорлик келишувларининг аҳамияти чуқур очиб берилди, батафсил таҳлил этилди.
Яқинда Бош прокуратура ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инс­пекцияси қошида ахборот-маслаҳат мультимедиа маркази ташкил этилди. Уни марказимизнинг шўъбаси дейиш ҳам мумкин. Ҳозирда ҳар икки марказнинг фаолият самарадорлигини оширишга эътиборни кучайтирмоқдамиз. Шу кунгача инспекция қошидаги ахборот-маслаҳат мультимедиа маркази томонидан 101 маротаба суратга олиш ишлари амалга оширилди. 3 та ролик, 10 дан ортиқ кўрсатув ва лавҳалар эфирга узатилди. Бундан кўзланган асосий мақсад фермер хўжаликлари манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга ҳар томонлама амалий ёрдам кўрсатиш, ер майдонларидан самарали фойдаланган ҳолда юқори ҳосилдорликка эришишдан иборатдир.
Шу ўринда Бош прокуратура ҳузуридаги Ахборот-таҳлил мультимедиа марказининг моддий-техник базаси ҳақида гапириб ўтсак. Марказ ўзида LED-экранлар, камералар, ёритиш ҳамда энг қувонарлиси, ягона инновацион тизимни жамлаган. Марказнинг моддий-техник базаси компьютер, дастурий таъминот, турли эффект берадиган тасвирга олиш, рақамли ускуналар, учувчисиз парвоз қиладиган тасвирга олиш аппарати (дронлар), транспорт воситалари ва ­бошқа анжомлар билан бойитилган.
Тезкор интернет марказда фаолият кўрсатаётган 50 нафардан ортиқ ходимнинг оғирини енгил қилмоқда.
Ахборот-таҳлил мультимедиа маркази ва Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, «Ўзбеккино» Миллий агентлиги, Тараққиёт стратегияси маркази, Халқаро пресс-клуб ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумлар имзоланган бўлиб, яқиндан ҳамкорлик қилиб келинмоқда.
Режалаштирилган ишлар ҳам бисёр. Марказ жорий йилда «Ўзбеккино» билан ҳамкорликда «Мутлақ ёвузлик» деб номланган бадиий фильм ҳамда детектив жанридаги «Адолат шамшири» деб номланган сериал суратга олишни кўзда тутган. Ҳозирда 70 дан зиёд рукн остида тайёрланган кўрсатувлар телеканалларда намойиш этиляпти. Улар орасида «Фактология» деб номланган лавҳа томошабоплиги билан ажралиб туради. Сабаби, унда асосан рақамлар сўзлайди.
Рўй бераётган сиёсий жараёнлар, глобал ислоҳотлар, медиа макон воқеа-ҳодисалари ОАВ, умуман, жамиятдан тезкорлик, аниқлик, соддалик ҳамда шаффофликни талаб қилмоқда. Санаб ўтилган мезонлар Ахборот-таҳлил мультимедиа маркази томонидан тайёрланаётган қайноқ хабар, янгиликларда ўз аксини топаётганини эътироф этиш лозим.
Босиб ўтилган бир йил Ахборот-таҳлил мультимедиа маркази учун ўта муҳим ва дадил қадамлар даври бўлди.

Замонбек РАВШАНОВ

Бошқа хабарлар