Ватанпарварлар даврасида

114

Тошкент туманидаги ДХХ чегара қўшинларига қарашли Н-ҳарбий қисмда Тошкент вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши томонидан маданий-маърифий тадбир ҳамда «Ishonch» ва «Ishonch-Доверие» газеталари таҳририятининг ҳарбий хизматчилар билан ижодий учрашуви ташкил этилди.
– Халқимиз осойишталигини муҳофаза этиб, хизмат бурчини бажариш чоғида фидойи­лик намунасини кўрсатаётган ҳарбий хизматчилар чин маънодаги фахримиздир, – дейди Тошкент вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси Муроджон Носиров. – Вазифаларини сид­қидилдан бажараётган Ватан ҳимоячиларига ҳар томонлама ғамхўрлик кўрсатиш, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини моддий-маънавий қўллаб-қувватлаш асосий вазифаларимиздандир.
Тадбирда иштирокчилар газета фаолиятига ҳам тўхталиб, меҳнаткашларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ бўлган масалаларни ўз ичига олган мақолалар газетхонларга манзур бўлаётгани, нашр орқали кўплаб юртдош­ларимиз муаммолари ечим топаётганини ­эътироф этишди.
Тадбирда 30 нафардан ортиқ ҳарбий хизматчилар ва хизмат бурчини ўташ чоғида қаҳрамонларча ҳалок бўлган Инъомжон Ибрагимовнинг ота-онасига бирлашма кенгаши томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалари топширилди. Ҳарбий қисмга таҳририятнинг «Бир йилга бир назар» китоби тақдим этилди.
Ўзбек Миллий академик драма театри, Муқимий номидаги ўзбек давлат мусиқали театри актёрлари, вилоят маданият ишлари бошқармаси хонандалари ижросидаги дилтортар куй-қўшиқлар, шоир Ҳаёт Шодмон ўқиган шеърлар ижодий учрашувга ўзгача шукуҳ бағишлади.

Салим АБДУРАҲМОНОВ,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар