ЯНГИ СОЛИҚ КОНЦЕПЦИЯСИ: ўзгаришлар нималардан иборат?

83

Мамлакатимизда жорий йилнинг 1 январидан бошлаб солиқ соҳасига киритилган ўзгартиришлар ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамаларга, турли талқинларга сабаб бўлмоқда. Ушбу масалада газетхонларимизни қизиқтириши мумкин бўлган бир қатор саволларимизга Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши молия бўлими мудири Жўрабек ҲАМЗАЕВ жавоб берди.

Солиқлар камайиши ҳисобига маошлар ошадими?

Ўзбекистон Республикаси солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси доирасида ҳамда Президентимизнинг 2018 йил 26 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари ҳамда 2020-2021 йилларга бюджет мўлжаллари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, 2019 йил 1 январдан меҳнатга ҳақ тўлаш фондига солиқ юкламаси барча жисмоний шахслар даромадларига 12 фоизлик солиқ ставкаси жорий этилиши орқали пасайтирилди, шундан 0,1 фоизи шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобларига йўналтирилади, шунингдек, фуқароларнинг мажбурий суғурта бадаллари бекор қилинди.
Маълумки, 2019 йил 1 январь ҳолатигача жисмоний шахслар 4 хил шкала бўйича – энг кам иш ҳақининг 1 бараваригача бўлган суммага солиқ тўланмас, 1 бараваридан 5 бараваригача бўлган суммага 7,5 фоиз, 5 бараваридан 10 бараваригача 16,5 фоиз, 10 бараваридан ошган тўловлар учун 22,5 фоиз миқдорида солиқ тўлар эди. Бундан ташқари, Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига 8 фоиз мажбурий суғурта бадали бор эди.
Ушбу даромад солиғининг жорий қилиниши, табиийки, иш ҳақининг ошишига ижобий таъсир кўрсатади. Касаба уюшмалари тизими мисолида оладиган бўлсак, дейлик, техник ходимларнинг иш ҳақи ўрта ҳисобда 15 фоиз миқдорида ошишига, бошқа ходимларнинг иш ҳақи миқдори эса лавозимидан келиб чиқиб ўзгаришига гувоҳ бўламиз. Албатта, январь ойига тўланадиган иш ҳақини қўлга олганимизда, маошимиз ошганини яққол сезамиз.

ҚҚС ҳақида қисқача…

Солиқлар бевосита ва билвосита солиқларга бўлинади. Қўшилган қиймат солиғи, бу – билвосита солиқ.
Яъни маълум тайёр маҳсулот учун қиймат яратадиган ҳар бир субъект ўзи қўшган қиймати миқдоридангина солиқ тўлайди. ҚҚСнинг 20 фоиз ставкада тўланиши белгиланган. Қўшилган қиймат солиғида ишлаб чиқарувчи (хизмат кўрсатувчи) қўшилган қиймат солиғини ундан маҳсулот (хизмат)ни олувчи харидорга фактура билан ёзиб беради. Харидор-буюртмачи сотиб олган товар (хизмат) учун қўшилган қиймат солиғини ишлаб чиқарувчи (хизмат кўрсатувчи)га тўлайди, ўз навбатида, ишлаб чиқарувчи (хизмат кўрсатувчи) уни давлат бюджетига ўтказиб беради.
ҚҚС кетма-кетликда, яна кейинги харидорлар томонидан ҳам тўланадими, деган савол бўлиши мумкин. Товар (хизмат)ни қабул қилган ташкилот уни қайта сотса, яъни тадбиркорлик билан шуғулланса, илгари сотиб олган товари қийматидан қўшилган қиймат солиғини айириб ташлаб, ўзининг фойдасини қўйиб, ундан кейин қўшилган қиймат солиғини тўлаши мумкин бўлади.

ҚҚС туфайли нарх-наво қимматлашадими?

ҚҚС жорий қилиниши нарх-навонинг кескин ўсишига таъсир қилмайди. Бунга асосимиз бор. Президентимизнинг топшириғи бўйича ушбу солиқ 8 турдаги маҳсулотларга нисбатан жорий қилинмайди. Яъни гўшт маҳсулотлари, балиқ, картошка, пиёз, тухум, гуруч, шакар, нон маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар ва сотувчилар қўшилган қиймат солиғидан озод этилган. ҚҚСнинг бошқа ишлаб чиқарувчи ёки хизмат кўрсатувчи ташкилотларга ҳам соддалаштирилган тартиби жорий қилинган.

Янги тизим афзалликлари

Қўшилган қиймат солиғининг жорий этилиши натижасида 2019 йилда ўтган йилга нисбатан бюджетга кўпроқ тушум бўлиши мумкин. Яъни 2018 йил якунига қадар ягона солиқ тўловида бўлган тадбиркорлик субъектлари йил давомида товар айланиши ёки ишлаб чиқариш ҳаж­ми 1 млрд. сўмдан ошган бўлса, энди улар умумий белгиланган тартибдаги солиққа ўтказилиб, қўшилган қиймат солиғи, фойда солиғи, кўчмас мулки мавжуд бўлса, мулк солиғини тўлайди.

«Ishonch» мухбири
Тўлқин ШЕРНАЕВ ёзиб олди

Бошқа хабарлар