Барчаси «бошланғич»дан бошланади

260

Сирдарё вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси томонидан бошланғич ташкилотларга амалий ёрдам кўрсатиш дастури ишлаб чиқилган бўлиб, унга кўра ҳар ойнинг иккинчи сешанбасида белгиланган ҳудуд ташкилотлари фаолияти билан танишиш асноси, меъёрий ҳужжатлар кўриб чиқилиб, бирлашма ходимлари томонидан уларни тўғри юритиш бўйича амалий ёрдамлар берилади.

Жумладан, январь ойида Сирдарё тумани тиббиёт бирлашмаси касаба уюшма қўмитаси фаолияти ўрганилди. 2 минг 589 нафар аъзони бирлаштирган катта жамоа­­да ишловчиларнинг 2 минг 81 нафарини аёллар ташкил этади. Ўтган йили сафга қўшилган 80 нафар ходим касаба уюшма аъзолигига қабул қилинди.
Меҳнат муносабатларини тартибга солувчи жамоа шартномаси бандларида акс этган асосий талаблар амалда бажариб келинмоқда. Ўтган йил давомида 138 нафар касаба уюшма аъзосига моддий ёрдам кўрсатилди. 39 нафар ходимга саломатлигини тиклаш учун сиҳатгоҳларга йўлланмалар берилди. Мисол учун, Бахт акушерлик комплекси лаборатория ҳамшираси Нигора Турсуновага яшаб турган уйи бахтсиз ҳодиса туфайли қулаб тушганлиги боис моддий ёрдам кўрсатилди, нафақа ёшидаги ходим Фотима Селямиевага «Бўстон» санаторийсига бепул йўлланма берилди.
Ёзги соғломлаштириш мавсумида ходимларнинг 25 нафар фарзанди оромгоҳ йўлланмалари билан таъминланди. Шунингдек, 35 нафар ходимнинг уй-жой учун кредит олишида кўмаклашилди.
Тунда ва байрам кунлари ишловчилар учун тўланадиган қўшимча маблағ берилиши назорати йўлга қўйилган.
Жамоа шартномасига кўра 40 нафар эҳтиёжманд оила фарзандлари учун ўқув қуроллари харид қилинди. Йил давомида 200 нафар ходимнинг спорт тадбирларида иштироки таъминланиб, 50 нафар аъзонинг Самарқанд шаҳрига ­саёҳатлари ташкил этилди. Шунингдек, Ўзбекистон Миллий академик драма театрига 50 нафар, вилоят театри томошасига 200 нафар ходим олиб борилди.
Бошланғич ташкилот раиси Ҳусниддин Исмоилов «Энг фаол ёш мутахассис» кўрик-танловида иштирок этиб, II даражали диплом билан тақдирланди.
– Ҳар ой аъзоларимиздан 15-20 нафари касаба уюшмасидан маслаҳат, ёрдам олади. Барча мурожаатлар қайд қилиб борилади, – дейди касабақўм раиси.
Ушбу мурожаатларнинг ижобий ечим топаётгани бошланғич ташкилотнинг маъмурият билан келишиб ишлаши, ўз обрўйига эгалигидан далолат беради. Мисол учун, яқинда статис­тика бўлими ходими Светлана Долина иш берувчининг ташаббуси билан ишдан бўшатилди. Касаба уюшма розилиги олинмагани учун бу ҳол ноқонуний ҳисобланиб, ходим ишига қайтарилди.
Муаммоли мурожаатлардан яна бири, бу шифокор ходимларнинг бир неча йиллик хизмат сафари харажатлари қисман тўланмай қолганлиги эди. Касабақўм ушбу вазиятни назоратга олгани ва раҳбариятга ёзма мурожаат киритгани ўз самарасини берди.
Шу куни бирлашма раиси ўринбосари Қаршибой Эшназаров, тармоқ касаба уюшмаси Республика кенгашининг вилоятдаги масъул ташкилотчиси Раъно Абдалимова бошланғич ташкилотда 2018 йилда жамоа шартномаси бандларининг бажарилишини меҳнат жамоаси конференциясида муҳокамасини ўтказиш ва янги жамоа шартномаси қабул қилиш масалалари бўйича амалий ёрдам кўрсатишди.
– Касаба уюшма фаолиятида ҳужжатлар юритиш, жамоа шартномаси билан ишлаш муҳим ҳисобланади. Бугунги кўрсатилган амалий ёрдам ишни тўғри ташкил этишда асқотадиган бўлди, – дейди касабақўм раиси Х.Исмоилов.
Сирдарё тумани ирригация бўлими яқинда алоҳида ташкилот сифатида иш бошлади. 45 нафар ходимга эга ташкилот касаба уюшма аъзолигига бирлашиш истагини билдирди. Бош­ланғич ташкилот раислигига сайланган Шаҳриддин Ҳамидовга меъёрий ҳужжатлар, касаба уюшма Устави қоидалари, ишни ташкил этиш борасида тушунчалар берилиб, амалий ёрдам кўрсатилди.
Сирдарё туманидаги 12-болалар мусиқа ва саънат мактабида 76 нафар ходим ишлайди. Айни пайтда якунланган йил давомида амалга оширилган ишлар бўйича жамоа муҳокамасига тайёргарлик ишлари кўрилмоқда.
Касаба уюшмаси фаолиятини ташкил этиш учун барча шароит яратилган. Жумладан, бошланғич ташкилот хонаси зарурий жиҳозлар билан таъминланган. Устав талаблари асосида меъёрий ҳужжатлар акс этган деворий бурчак ташкил этилган.
Тармоқнинг Республика кенгаши мутахассиси Даврон Самарбеков ҳамда вилоят масъул ташкилотчиси Алижон Мамарасулов меҳнат муҳофазасига оид ҳужжатлар ва техника хавфсизлиги журнали юритиш бўйича ёрдам кўрсатдилар. Бошланғич касаба уюшма қўмитаси раи­­си Нигора Раҳмонқулова меҳнат муҳофазасига оид янгиликлардан хабардор қилинди.

Озода МАМАДАЛИЕВА,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар