Янги имкониятлар сари

84

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раҳбарияти ва ­масъул ходимлари, тизимдаги ташкилотлар раҳбарлари Капитал қурилиш бошқармасида бўлиб, бу ерда ­бунёдкорлик ва ишлаб чиқариш соҳаларида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишдилар.

Капитал қурилиш бошқармаси бошлиғи Ҳайдар Фозилов ҳар бир қурилиш лойиҳаси ҳақида алоҳида тўхталар экан, барпо этилажак иншоотларнинг ўзига хос жиҳатларини изоҳлаб ўтди. Жумладан, Тошкент шаҳрида жойлашган «Чинобод» санаторийси ҳудудида 100 ўринли ётоқ ва даволаш биноси, Тошкент вилояти Паркент тумани Заркент қишлоғида 100 ўринли санаторий, пойтахтимиздаги «Яккасарой» спорт мажмуаси ҳудудида ёпиқ сузиш ҳавзаси ва спорт зали ҳамда бошқа қурилиш объект­лари лойиҳалари ҳар томонлама пишиқ-пухталиги билан барчанинг эътиборини тортди.
Танишув жараёнида қурилиш лойиҳаларининг тўла-тўкислигини таъминлашга қаратилган қимматли таклифлар билдирилди.

Маълумот учун айтадиган бўлсак, 2017 йилнинг март ойида асос солинган «Касаба-лойиҳа» масъулияти чекланган жамияти уй-жой хўжалик-жамоат ва саноат қурилиши учун объектлар ва комплекслар лойиҳа-смета ҳужжатларини яратиш, шу жумладан, уларнинг муҳандислик тармоқлари ва тизимларини лойиҳалаштириш билан шуғулланади. Бугунги кунда жамоада 18 нафар мутахассис фаолият олиб бормоқда. Ходимларга қулайлик яратиш мақсадида Капитал курилиш бошқармаси ҳудудида 50 ўринли ошхона биноси қуриб битказилди.
МЧЖ директори Ғайрат Иброҳимовнинг айтишича, ҳар бир объект лойиҳасини тайёрлашга мутахассислар томонидан ўзига хос тарзда ёндашилади. Айниқса, Касаба уюшмалари Федерацияси тасарруфидаги соғломлаштириш муассасалари бинолари лойиҳаларини ишлаб чиқишда алоҳида жонбозлик кўрсатилади. Мисол тариқасида Фарғона вилоя­­ти «Чим­ён» санаторийси ҳудудида 84 ўринли ётоқ ва даволаш биноси, Самарқанд вилояти Нуробод туманининг Ибн Сино номидаги санаторий ҳудудида 50 ўринли ётоқ ва даволаш биноси, Сирдарё вилояти Янгиер шаҳрида 200 ўринли санаторий, Сурхондарё вилояти Олтинсой туманида 120 ўринли «Хўжаипок» санаторийси қурилиши бўйи­­ча амалга оширилган ишларни келтириш мумкин. Шунингдек, Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида жойлашган «Оқтош-шабода» дам олиш уйи ҳудудида 42 ўринли ётоқ биноси, Жиззах вилоятининг Зомин туманида 200 ўринли болалар соғломлаштириш оромгоҳи, Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманида 300 ўринли болалар соғломлаштириш оромгоҳининг қурилиши лойиҳалаштирилди.
Эътиборли жиҳати, «Касаба-лойиҳа» МЧЖ юртимизда кенг миқёсда амалга оширилаётган турар-жой бинолари қурилишига ҳам ўз ҳиссасини қўшмоқда. Хусусан, ўтган йили Тошкент шаҳар касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасининг буюртмаси билан пойтахтдаги 110 та кам таъминланган оила уйларини таъмирлаш ишларига лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрлаб берилди. Бино ва иншоотларнинг таъмирлаш-реконструкцияси, «Шаҳар қурилиш инвест» МЧЖ инжиниринг компанияси буюртмачилиги асосида рес­публикамиз бўйлаб қурилаётган 100 дан ортиқ 7 қаватли тураржой биноларининг лойиҳа-смета ҳужжатларини ҳам ана шу изланишлар қаторига киритиш мумкин.
Жорий йилда эса Фарғона ва Бухоро вилоятларида болалар соғломлаштириш оромгоҳлари, пойтахтдаги «Турон» санаторийси ҳудудида 50 ўринли ётоқ ва ошхона биноси, Наманган вилоятидаги «Чортоқ» санаторийси ҳудудида 100 ўринли ётоқ биноси, «Шаҳар қурилиш инвест» МЧЖ буюртмаси асосида 9 ва 12 қаватли турар-жой биноларининг қурилиши ва Тошкент шаҳар касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасининг буюртмаси билан 250 та кам таъминланган оила уйларининг таъмирлаш ишларига лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлаб бериш каби ишлар режалаштирилган.
Капитал қурилиш бошқармасига ташриф давомида «Касаба-саноат» МЧЖ томонидан амалга оширилаётган ишлар билан ҳам танишилди. 2017 йил ноябрь ойида Федерация Кенгашининг 100 фоизли улуши асосида ташкил этилган мазкур жамият сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқариш, қурилиш-монтаж ишларини бажариш йўналишида фаолият олиб боради. Корхонада бугунги кунда 27 нафар малакали муҳандис ва ишчилар, шартнома асосида 50 нафар ишчи-хизматчи меҳнат қилмоқда.
Жамиятнинг ишлаб чиқариш салоҳияти юқори бўлиб, бу ерда каркассиз ангар иншоотларини барпо этиш, йиғма сэндвич-панеллар, турли мебель жиҳозлари, металл маҳсулотлари, зангламас пўлат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, ҳайкаллар ясаш цехлари ­фаолият юритмоқда. Ушбу ишларни бажариш ва маҳсулотларнинг таннархини арзонлаштириш мақсадида янги технологиялар асосида ишлайдиган 1 млрд. 520 млн. сўмлик турли ускуна ва механизмлар харид қилинди.
Бажарилган ишлар кўламига эътибор қаратсак, цехларда қурилиш объектларига ҳар хил металл панжаралар, ўтиргич, эшик ва дарвозалар, болалар ўйин майдончалари, ётоқхона, ишхона, ошхона мебеллари кабиларни етказиб бериш мақсадида намуналар тайёрлангани ҳамда «Термиз марвариди» санаторийсига 854 млн. сўмлик, Самарқанд вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасига 250 млн. сўмлик, Капитал қурилиш бошқармасига 190 млн. сўмлик, Сирдарё вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасига 50 млн. сўмлик мебель жиҳозлари етказиб берилганига гувоҳ бўламиз.
Ташриф буюрувчилар мебеллар ишлаб чиқариш цехидаги иш жараёнига гувоҳ бўлишди ва тайёрланган маҳсулотлар сифатини юқори баҳолашди.
Йиғма сэндвич-панеллар ва каркассиз ангар иншоотлари ишлаб чиқарилаётгани эътиборга сазовор жиҳатлардандир. Жумладан, 2018 йилда 240 млн. сўмлик жамият офиси қисқа муддат – бир ой ичида барпо этилди. Бино йил мобайнида об-ҳаво ва бошқа турдаги ташқи таъсирлар синовидан ўтди. 3 дона каркассиз ангар иншоотлари қурилди. Ташриф буюрувчилар Капитал қурилиш бошқармаси ҳудудидаги ушбу иншоотлар билан бевосита танишиш имконига эга бўлиб, қулай ва камхаражатлигига ишонч ҳосил қилишди.
Биноларни қуришда янги технологиялардан фойдаланилиши қурилиш ишларини тезлаштириш, осонлаштириш ва таннархини арзонлаштиришга хизмат қилмоқда. Жумладан, жамият томонидан цехларда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлардан фойдаланиб, Шаҳрисабз туманида 300 ўринли «Зиё чашмалари» оромгоҳи барпо этиляпти. Қурилишнинг лойиҳавий қиймати 17 млрд. 300 млн. сўм бўлиб, шу пайт­гача пудратчи жамият томонидан 4 млрд. 800 млн. сўмлик қурилиш-монтаж ишлари бажарилди. Шу билан бирга, 1 млрд. 800 млн. сўмлик қурилиш материаллари захираси яратилди. Умуман олганда, объектда лойиҳа бўйича 30 дона бино-иншоотлар қуриш ва реконструкция қилиш кўзда тутилган. Бугунги кунда 7 та техника воситаси ва 67 нафар ишчи жалб этилган ҳолда, 3 та мавжуд ётоқхонада реконструкция ва 20 та бино-иншоотда қурилиш ишлари бажарилаётир.
Бундан ташқари, Жиззах вилоятининг тоғли Зомин туманида жойлашган болалар соғломлаштириш оромгоҳида турли иншоотлар, «Ботаника» санаторийсида дам олиш биноси қурилди.
Айни пайтда юқори самара бераётган бу йўналишдаги амалий ишлар келгусида янада кенг имкониятлар яратиши шубҳасиз.

Тўлқин ШЕРНАЕВ,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар