Уч узук қиссаси

255

Таҳририятларга йўлланаётган мактублар орасида шундайлари ҳам бўладики, ўқисанг, аъзойи баданинг жимирлаб кетади. Ҳали шу чоққача бировга кўнглини очмаган, бошига не келса ичига ютиб, сирини яқин кишисидан ҳам яшириб келаётган қиз, ғўрлиги боис ҳаёт чорраҳаларида йўлини йўқотган йигит, виждон азобидан адойи тамом бўлаётган келинчак, икки ўт орасида ёнаётган муштипар она, шайтон васвасасига учган ота ва бошқаларнинг ҳасратларига эътибор бермаслик, баъзан эса муносабат билдирмасликнинг иложи йўқ.

Аммо мактублардаги сирларни ошкор қилиш одобдан эмас.
Шундоқ деймиз-у, бошқа мулоҳаза ҳам бор. Адашаётганлар озми? Кўриб-билиб туриб ўз бахтларига ўзлари зомин бўлаётганлар, тўғри йўлдан бурилиб, ота-она шаънига гард юқтираётганлар камми? Кам эмас. Шундай экан, адашганларнинг тазаррулари кимгадир сабоқ бўлиши мумкин-ку?
Мана, Марғуба исмли қиздан келган тазарру мактублардан бири.

Виждон азоби

«Дунёда виждон азобидан оғир дард йўқ экан. Бу дард юрагимни кемиради, туриб-туриб ўзимга ўзим хунук кўриниб кетаман. Бир лаҳзалик ҳавас деб шу кунларга қолдим. Талабалик йиллари вилоятда яшайдиган Раъно исмли дугонамнинг уйи­­га борган эдик. Мен билан бирга яна уч нафар қиз тоғ ёнбағрида жойлашган қишлоқда мириқиб дам олдик, меҳмон бўлдик.
Учинчи куни шаҳарга қайтамиз деб турганимизда, қўшни маҳаллада тўй бўлиб қолди. Раъно «тўйни ўтказиб кетайлик, мактабда бирга ўқиган дугонам», деб туриб олди.
Тўй яхши ўтди. Урф-одатлари бош­қача экан, кўриб роса яйрадик. Раънога қўшилиб, унча-мунча юмушларига қарашвордик. Ювилган бир даста идишларни кўтариб хоналардан бирига кирган эдим, кўзим токча бетида турган тилла тақинчоқларга тушиб қолди. Ёқут кўзли узук, балдоқ. Узукни ҳавас қилиб, бармоғимга тақдим. Ўшанда хаёлимда ёмон фикр йўқ эди. Шунчаки ҳавасим келиб таққандим. «Ўқишимни тугатиб олсам, мен ҳам келин бўламан, мана шунақа узук тақаман», деб ўйлагандим.
Шу пайт хонага кимдир кириб қолди. Узукни бармоғимдан чиқаза олмадим. Ноилож қўлимни яшириб қўшни хонага чиқдим. Пайт пойлаб туриб, жойига қўймоқчи бўлдим, аммо у ерга эркак меҳмонлар кириб, ўтириб олишди. Нима қилишимни билмай қолдим. Биров кўриб қолса, «бу қиз ўғри экан», дей­ди деб, узукни сумкачамга солдим. Ичим тўла ваҳима. Ҳамма худди мени зимдан кузаётгандек бўлаверди. Раъно келиб, «Ҳа, ўртоқжон, чарчаган кўринасан, хоҳласанг, сингилларим билан тепаликка чиқиб айланиб келинг­лар», деди. Мен «Йўқ, чарчаганим йўқ», дейман, аммо ўзимнинг овозимни ўзим танимайман.
Кечқурун поездга чиқишимиз керак. Кечгача бир амаллаб жойи­­га қўяман, деб ўйладим. Иложи бўлмади. Тўйхонага меҳмонлар гуррас-гуррас келаверишди. Тушдан кейин ҳаммамиз дугонамникига қайтиб келдик. Ҳадеб сўрайверишганидан кейин «бошим оғриб қолди», дейишга мажбур бўлдим.
Тошкентга келгач аҳволим ёмонлашди. Ҳаммадан ҳадиксирайдиган, икки киши бир чеккада гаплашиб туришган бўлса, худди улар менинг ғийбатимни қилаётгандай бўлаверди. Ранг-рўйимга қараб бўлмайди. Бу орада онам касалланиб ётиб қолдилар. Оилада ёлғиз қиз бўлганим учун, ўқишим ҳам кўзимга кўринмай, олдиларида ўтирдим. Яратганнинг иродаси экан, бир ойга етиб-етмай оламдан ўтдилар. Дугоналарим кўнг­лимни кўтаришади, ҳол-аҳвол сўрашади, мен бўлсам уларнинг кўзига ҳадик билан тикиламан. Кейин…
Раънохон уйига бориб келди. Хаёлим унда, оғзини пойлайман. Кўзига қарайман. Неча бор бўлган гапни шартта айтиб, ўзимни оқлаб олай дейман-у, қўрқаман. Узук кўзимга балодек кўринади, қаерга яширишни билмайман. Охири битта ишонган ўртоғимга кўрсатиб (у бош­­қа олийгоҳда ўқирди), «Шу омонат сенда туриб турсин», дедим. Хўп, деб олиб кетди. Кейин билсам, яна хато қилган эканман. Ўша ўртоғим бир куни келиб, «Дугонажон, мени кечир, узукни йўқотиб қўйдим,» деса бўладими? Тилимни тиш­лаб қолавердим.
Бир куни хонада уч-тўрт қиз чой ичиб ўтирган эдик, кимдир Раънога «Баҳорда биз ҳам тоққа борайлик, дугонажон?», деб қолди. Раъно худди шу гапни кутиб тургандай, «Э, қўйсаларинг-чи, Алижон овга чиқди, кетидан ғавғо чиқди», деса бўладими?!. Юрагим «шуув» этиб кетди. Бир нимани баҳона қилиб аста ташқарига чиқдим. Бу ерда ортиқ қола олмаслигимга кўзим етди…
Хуллас, узук йўқолди, ўқишим расво бўлди, номим ёмонотлиққа чиқди. Оилам бор, иккита шириндан ширин қизалоқларга онаман. Аммо никоҳ узугини қўлимга олдим дегунча баданим музлаб кетади. Виждон азоби ҳали-бери мени тинч қўймайдиганга ўхшайди. Айтинг­лар, нима қилсам, бу азобдан қутуламан…»
Ўйлаб-ўйлаб, ушбу мактубни таҳририят шарҳи билан эълон қилишга қарор қилдик. Газетада босилиб чиқди. Биз унда ҳар икки синглимизга ҳам тўғри маслаҳатлар бердик. Аммо на хат муаллифи, на Раънодан садо бўлди… Орадан бир неча йил ўтгач, янги йил муносабати билан таҳририятга келган табриклардан бирида «Янги йил билан табриклайман. Тўғри маслаҳат берганингиз учун раҳмат! Ҳаммаси жойида, ­виждон азобидан қутулдим. «Синглингиз Марғуба», деган сўзларга кўзим тушди-ю, кўнглим хотиржам бўлди.

Ўғри ҳакка

Таҳририятга йўлланган бош­­қа бир мактубда баён қилинган азобли бир воқеани орадан анча йиллар ўтган бўлса ҳам, унутолмайман. Ҳовлида изғиб юрган ҳакка, олақанот ва бошқа қушларга кўзим тушди дегунча, ёдимга тушади. Мактуб муаллифи сирли бир «ўғрилик» туфайли оиласидан ажраган, номи маҳаллада бадном бўлган бегуноҳ келинчак. Мана, ўша мактуб.
«Катта ҳовлили уйга келин бўлиб тушганман. Кеч куз эди. Қайнотам ва қайнонам Ҳаж ибодатини адо этиб келишди. Ҳамма уларни тавоф қилгани келишди. Уйимиз икки-уч кун меҳмонлар билан тўлди. Қозонларимиз тинимсиз қайнайди.
Ҳаммани кузатиб бўлгач, хоналарни йиғиштира бошладик. Иккита қайинсинглим билан ҳамма нарсани жой-жойига қўйиб бўлган ҳам эдикки, катта қайинсинглим кутилмаганда жазавага тушиб, «Тиллаларим йўқолди, ким олган бўлса ҳам, берсин, шармандасини чиқараман», деб шовқин сола бош­лади. Ҳанг-у манг бўлиб қолдим. Ҳовлидаги тош ўчоқда сув иситиб, идишларни ювгандик. Айтишича, у қўлидаги тақинчоқларини ўша ерга ечиб қўйган экан. У ерга биздан бошқа ҳеч ким борган эмас. Ҳамма менга қарайди. Мен эса кимга қарашимни билмайман. Қидирмаган жойимиз қолмади, аммо топа олмадик. Хуллас, тақинчоқларни мен «ўғирлаган» бўлиб чиқдим.
Бу гап ўша куниёқ маҳаллага ўрмалади. Кўчага чиқа олмай қолдим. Миш-миш авжига чиқди. Мактабдан келаётган болалардан бири ҳаммага эшиттириб, «Ана, ўғри келин» деди. Уйимдагилар келишди. Қайнотам «Хўш, келин олмаган бўлса, ким олади, қуда?» деди. Қайнонам фолбин аёлга бориб кўрсатган экан, «Тақинчоқлар йўқолмаган, яшириб қўйилган» дебди. Бу гапдан кейин кўзимга икки олам қоронғи бўлиб кўринди-ю, болаларимни етак­лаб, уйдан кетдим.
Орадан уч-тўрт ой вақт ўтди. Аслида, уч-тўрт ой эмас, мен учун азобли минг йил ўтди деса, ҳам бўлаверади. Худодан умид қилиб юрдим, бошқа иложим йўқ эди. Ниҳоят, бир куни…
Баҳорнинг бошлари эди. Турмуш ўртоғим ҳовли четидаги кекса ёнғоқнинг тарвақайлиб кетган шохларини кесиш учун, тепасига чиққан экан, ҳакка солган уялардан бирида нималардир ялтиллаб турган эмиш. Қараса, кичик-кичик ойна синиқлари ва… ўша йўқолган тақинчоқлар. Хурсанд бўлганидан дарахтдан йиқилиб тушай дебди. Тақинчоқлар топилди, дея уйимизга суюнчилаб келишди. Аммо бу хушхабар бизга – мен, ота-онам болаларимга тариқчалик таъсир қилмади. Ёнғоқли ҳовлига қайтиб боришга ўзимда куч топа олмадим…»
Бу хатни ҳам, воқеалар қаерда, қайси манзилда бўлганини бироз пардалаб эълон қилдик. Нотаниш синглимизни болаларни етим қилмасликка ундадик. Ордан кўп ўтмай, жавоб хати олдик. Унда биргина жумла ёзилган эди: «Борди-ю бу воқеа сизларнинг бир туғишган сингилларингиз билан бўлганида, уни оиласига қайтишига маслаҳат берармидингиз?»
Бу саволга жавоб ёзмадик. Баъзан шунга афсус қилиб кетаман.

Сирли саёҳат

Бу воқеани менга яқин дўстим айтиб берган. Тафсилоти қуйидагича:
Шаҳар поликлиникаларидан биридаги хона. Врач йигит ва икки нафар ҳамшира тушлик қилиб ўтиришибди. Овқатланиб бўлишгач, ҳаммалари ўринларидан туришади. Врач жўмракни очиб, қўлини ювади, ҳамширалардан бири унга сочиқ тутади. Шу пайт врачнинг бармоғидаги узук овоз чиқариб полга тушади ва… ­сакрайди. Хонадагиларнинг ҳаммаси узукнинг полга тушиб, жаранглаганини кўришади, аммо…
Узук изсиз йўқолади. Бир соат, икки соат қидириб ҳам топа олишмайди.
Уч киши бир-бирига қарайди. Ҳеч ким ташқарига чиқмайди. Бундай пайтда, ким хонадан чиқса, шубҳага қолиши аниқ. Иш вақти тугайдики, узук топилмайди. Уйга кетиш керак. Ҳеч ким бу тўғрида ўйламайди ҳам. Аксинча, кийимларини ечиб, кийимларининг ичини ағдариб-тўнтариб, бир-бирларига кўрсатишади. Жуда хунук, қоғозга тушириб бўлмайдиган ҳолат юзага келади.
Кейин… ноилож, эшикни қулфлаб, бирин-кетин хонадан чиқишади.
Узук эртасига ҳам, индинига ҳам топилмайди. Бутун поликлиника узук йўқолган хонани илма-тешик қилиб қидиради, аммо фойдаси бўлмайди. Гап-сўз кўпаяди. Икки ҳамшира олов ичида қолади. Ҳамкасбларга қўшилиб, мижозлар ҳам уларга ёвқараш қила бошлашади. Бирин-кетин ишдан бўшашга ариза ёзишади. Бош врач аризаларга «Узук топилмагунча ҳеч ким жойидан қимирламайди» деб имзо чекади. Қизлардан бирининг турмуш ўртоғи поликлиникага келиб, врачга «Ака, узугингиз қанча турарди, мана пул…», дейди. Узук эса йўқ, шу сакраганича, осмонга учиб кетгандай бўлади. Беморлардан бири ўзини Шерлок Холмс ҳисоблаб, қизлардан «Ўша куни дераза дарчаси очиқмиди, ёпиқмиди?» деб ҳам сўрайди.
Алқисса, бу хунук воқеа билан боғлиқ миш-мишлар пасайиш ўрнига, кун сайин семириб, бўртиб, янги-янги тахминлар билан бойиб турган бир пайтда узук ўз-ўзидан топилади-қолади. Қаердан денг, поликлиника жойлашган манзилдан ўн беш километр узоқликдаги жойдан!
Орадан икки ҳафталар вақт ўтгач, узугини йўқотган врачнинг хотини ювилган кийим-кечакларни дазмоллаётган экан, шимнинг бир почасидаги манжет ичида бир нарса тургани маълум бўлади. Қараса — узук! У полга тушиб, тўғри эрининг почасидаги манжет ичига тушиб, ўша ерда жимгина ётган экан…
Бу воқеани эшитгач, бир нималарни баҳона қилиб, узук йўқолган поликлиникага бордим. Ҳамширалар аллақачон бу ердан бўшаб кетишган экан…

Аҳмаджон МЕЛИБОЕВ

Бошқа хабарлар