Ўттизинчи курс талабаси

33

Юртимизда касаба уюшма соҳасида таълим берадиган олий таълим муассасаси йўқ. Металлургия ва машинасозлик саноати тармоқлари ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси ўринбосари Шоикром Исроилов билан суҳбат асноси унинг бир гапи эътиборимни тортди: «Мен касаба уюшмалари университетининг 30-курсида ўқияпман. Чунки касаба уюшмаси иши жуда кенг қамровли ва уни ўрганишдан тўхтаганим йўқ».

Дарҳақиқат, бу ҳаётий, тўлиқ асосланган, кўп йиллик хулосалар силсиласида юзага келган фикр. Шоикром Исроилов меҳнат фаолиятини Тошкент асбобсозлик заводида бошлаб, дастгоҳ автоматчиси бўлиб ўн йилдан ошиқ ишлади. Меҳнатсеварлиги, жамоат ишларида фаоллиги, энг муҳими, жамоадошларидан қўлидан келган ёрдамини аямаслиги сабаб уни ҳамкасблари дастлаб касаба уюшма гуруҳига, сўнгра цех қўмитасига етакчи этиб сайлашди.
– Тошкент асбобсозлик заводи ўша пайтда пойтахтдаги йирик корхоналар сирасига кирарди, – дея хотирлайди Шоикром ака. – Заводда 2000 нафарга яқин киши ишлар, касаба уюшма қўмитаси уларнинг ҳуқуқ ва манфаати йўлида иш берувчи билан баҳс ва тортишувларга ҳам борарди.
Гуруҳларда 60-70 нафардан ходим ишларди. Ҳар бир ходимнинг ижтимоий аҳволидан хабардор бўлиш, оғирини енгил қилиш масъулияти елкамда эди.
Ўз навбатида, цех касаба уюшма қўмитаси ҳақида тўхталсам, бунда «цехком» жамоатчилик асосида 250-300 нафар ишчининг «дарди билан яшарди». Оддий ишчи бўлганим учун ҳамкасбларим таклиф ва мулоҳазаларини эмин-эркин айтишарди.
1989 йилда корхона касаба уюшма қўмитаси раислигига сайлашди. ­Масъулият ўн чандон ошди. Буни қарангки, биргина жамоа шартномасининг муҳокамаси икки-уч кунга чўзилиб кетарди. Ҳар битта банднинг бажарилиши устида соатлаб баҳс борарди. Локал ҳужжатга янгидан қўшимчалар қўшмоқчи бўлсак, бу ҳам узоқ музокаралардан сўнг амалга ошарди…
Завод қошидаги иккита мактаб­гача таълим муассасаси, ошхона, клуб ишлари бевосита касаба уюшма қўмитаси ҳамкорлигида бажарилар эди. Ҳар ҳафта ошхонада тайёрланадиган таомлар «меню»си ишлаб чиқилар, овқатларнинг сифати, калорияли бўлиши қатъий назоратга олинганди. Бундан ташқари, цехлар­аро спорт мусобақалари уюштириш, ғолиб ва сов­риндорларни муносиб тақдирлаш, байрам тадбирларини уюшқоқлик билан ўтказиш каби ишлар ҳам касаба уюшма қўмитасининг зиммасида эди.
1993 йилгача ана шундай ҳаёт қозонида қайнаган, таъбир жоиз бўлса, ҳақиқий етакчи бўлиб «пишган» Шоикром Исроиловга янада масъулиятлироқ ишга ишонч билдирилди. Яъни, тўртта тармоқ – оғир саноат ходимлари, радиоэлектр ва радиотехника, қишлоқ хўжалиги машинасозлиги, станоксозлик ва приборсозлик тармоқлари бирлаштирилиб, машинасозлик саноати Тошкент шаҳар қўмитаси ташкил этилди ва у раисликка сайланди.
1998 йилда кўлам яна кенгайди. Металлургия тармоғи қўшилиб, ­Ш.Исроилов энди металлургия ва машинасозлик саноати тармоқлари ходимлари касаба уюшмасининг Тошкент шаҳар касаба уюшма қўмиталари раислар кенгаши раиси сифатида фао­лият кўрсата бошлади. У кабинетда ўтиришни хуш кўрмас, тез-тез бош­ланғич ташкилотларда бўлиб, касаба уюшмаси иши билан яқиндан танишар, ҳатто, энг кичик ташкилотлардаги ишлардан ҳам бохабар бўлиб борарди. Бир ойда икки марта аъзо ташкилотларнинг етакчиларини йиғиб, янгиликлар, ўзгаришлар ҳақида ўзаро фикр алмашар, фаолиятлар таҳлили натижасида «Устоз-шогирд» анъаналари давом эттириларди.
Шу ўринда айтиш жоизки, бугунги кунда биргина Тошкент шаҳрининг ўзидаги бош­ланғич ташкилотлар касабақўм раисларининг 18 нафари Шоикром аканинг шогирди экани ҳам сўзимизнинг исботидир. Олти нафар шогирди турли корхоналарда раҳбарлик лавозимларида меҳнат қилаётир.
2013-2014 йилларда тармоқ ходимлари Республика бирлашган касаба уюшма қўмитаси раиси, шунинг­дек, икки йил тармоқ касаба уюшмаси Республика кенгашининг ҳудуд бўйи­­ча масъул ташкилотчиси лавозимида ишлади. 2015 йилда унга касаба уюшмаларининг юксак мукофоти – «Эҳтиром нишони» берилди.
– Металлургия ва машинасозлик саноати тармоқлари ходимлари касаба уюшмаси Респуб­лика кенгаши Евроосиё мамлакатлари металл ишчилари касаба уюшмаси Марказий қўмитаси аъзоси ҳисобланади, – деди Шоикром Исроилов биз билан суҳбатда. – Бу ташкилотга 32 та давлат аъзо бўлиб, муҳими, улар орасида ўз ўрнимиз бор. Республика кенгаши раи­­си Аҳмаджон Ҳаққулов Марказий кенгаш, мен эса ижроия қўмита аъзосимиз. 2016 – 2018 йилларда тармоқ ходимларидан тўртта гуруҳ (ҳар бири 25 кишидан) хорижда тажриба алмашиб келди. Жорий йилнинг май ойида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши билан келишилган ҳолда Евроосиё мамлакатлари металл ишчилари касаба уюшмаси Марказий қўмитасининг навбатдаги йиғилишини Тошкент шаҳрида ўтказиш режалаштирилган.
Қўшимча қилиб яна шуни айтиш лозимки, тармоқ касаба уюшмаси Республика кенгаши ҳамда Қозоғис­тон, Тожикистон, Қирғизистон, Беларусь, Россия, Озарбайжон, Молдова каби давлатларнинг турдош касаба уюшма ташкилотлари билан бирдамлик тўғрисида меморандум имзоланган ва улар ўртасида ­дўстона алоқалар йўлга қўйилган.
«Ўзагротехсаноатхолдинг» АЖ, «Ўзстандарт» агентлиги, «Ўзэлтехсаноат» АК, «Ўзавтосаноат» АК ҳамда Республика кенгаши ўртасида 2017 – 2020 йилларга мўлжалланган тармоқ келишуви имзоланган бўлиб, уларнинг бажарилишини таъминлаш ва назорат қилишда кўп йиллар давомида орттирилган таж­риба қўл келяпти.
Дарвоқе, Ш.Исроилов ўзи яшайдиган Юнусобод туманидаги «Иқбол» маҳалла фуқаролар йиғинида жамоатчилик асосида раис ўринбосари ҳамдир. Ёшлар билан ишлаш, уларнинг ижтимоий-иқтисодий масалаларини ўрганиш, кези келганда кўмак­лашиш, оилалар мустаҳкамлигига ҳисса қўшиш (ажримларнинг олдини олиш) каби хайр­­ли тадбирларга доимо бош-қош бўлиб келмоқда.
Оилада ўғил-қизларига берган тўғри тарбияси беиз кетмаган. Тўрт нафар фарзандининг барчаси олий маълумотли. Дурдонахон «Али макс сервис» МЧЖ таъсисчиси, Зилолахон «Ўзкабел» АЖ қўшма корхонаси бўлим мудири, Шоҳидин «Пласт Ко» қўшма корхонасида, Шаҳобиддин эса «Греен мидле Азия» ­масъулияти чекланган жамиятида бош менежер сифатида ишлаб келмоқда.
Шоикром аканинг армони йўқ. Чунки ҳаётининг ҳар они, ҳар дақиқаси яхшиликка, эзгуликка, ҳалол меҳнатга йўғрилган. Бундай инсонларнинг йўллари эса доимо очиқ бўлади…

Акмал АБДИЕВ,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар