Меҳнат қадрланган жойда унум ва барака бўлади

187

«Ўзтрансгаз» акциядорлик жамиятининг «Урганчтрансгаз» унитар корхонаси Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги истеъмолчиларга газ етказиб бериш баробарида ўзбек газини МДҲ давлатларига экспорт қилиш ва туркман газининг транзитини таъминлаш бўйи­­ча давлатлараро шартномалар асосида фаолият юритади.

Хоразм вилояти ва Қорақалпоғис­тон Рес­публикасининг Устюрт кенглигида ҳудудий жиҳатдан тарқоқ жойлашган 15 бўлинмадан ташкил топган корхонанинг касаба уюшма қўмитаси ибратли ишларни амалга оширмоқда. Хусусан, 2841 нафар касаба уюшма аъзолари учун муносиб меҳнат ­шароити яратиш, меҳнат муҳофазаси, дам олиш ва саломатлигини таъминлаш доимий эътиборда.

Самарали фаолият гарови

Ходим қачон самарали фаолият кўрсатади? Албатта, соғлом бўлса. Касаба уюшмасининг ходимлар саломатлигини тизимли равишда мустаҳкамлаб бориш ҳақидаги таклифи иш берувчи томонидан ҳам маъқулланди. Бу талаб жамоа шартномаси билан мустаҳкамланди. Натижада ишчи-ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини, шунингдек, корхонада 10 йилдан ортиқ меҳнат қилиб, пенсияга чиққан фахрийларни соғломлаштириш мақсадида 2018 йилда республика санаторийларига 602 та йўлланма имтиёзли равишда ажратилди. Бу билан ишчи-ходимлардан 322 нафари, уларнинг оила аъзоларидан 191 нафари, пенсионерлардан 89 нафари имтиёзли соғломлаштирилди.
Албатта, болалар саломатлиги ҳам ­эътибордан четда эмас. Корхонага қарашли «Хива гулшани» болалар соғломлаштириш оромгоҳида ўтган мавсумда 550 нафардан ортиқ, жумладан, Қорақалпоғистон Республикасидан 260 нафар бола соғломлаштирилди.
Саломатликни мустаҳкамлашда спортнинг ўрни беқиёс. Шу боис, ишчи-ходимлар спорт соғломлаштириш тадбирларига мунтазам жалб қилиб келинмоқда. Буни спорт тадбирларига 27 миллион сўмга яқин маблағ ажратилгани мисолида ҳам кўриш мумкин.
Бундан ташқари, турли байрамлар муносабати билан спорт мусобақалари мунтазам уюштирилиб борилади. Хусусан, «Урганч­трансгаз» биринчилиги учун икки босқичда спортнинг шашка, шахмат, стол тенниси, мини-футбол турлари бўйича мусобақалар ўтказилди.

Даромадлар ошмоқда

Яқинда мамлакатимизда ўртача иш ҳақи 2018 йилда 1 миллион 800 минг сўмдан тўғри келганлиги ҳақида маълумот тарқатилди. Нимагадир буни айримлар нотўғри қабул қилишди. Ўртача иш ҳақи қайси мезонлар асосида ҳисобланишини кўпчилик билмайди чоғи. Агар корхонада Жамоа шартномаси мавжуд бўлса, ходимлар қўшимча таътил, мукофот пуллари, устама, моддий ёрдам олиш ва бош­­қа қатор имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади. Бизнинг корхонада Жамоа шартномасида белгиланган ишчи-ходимларни, уларнинг оила аъзоларини, айниқса, ёшларни, аёлларни ижтимоий-иқтисодий ҳимоялашга қаратилган имтиёзлар ва барча банд­лар ижроси касаба уюшма томонидан мунтазам назорат қилиб борилмоқда. Кўрсатилган мажбуриятларнинг бажарилишига эришилиши натижасида 2018 йил давомида ўртача иш ҳақи миқдори 2,5 миллион сўмдан ошди.

Эҳтиёжмандларга кўмак

Қанча иш ҳақи олишидан қатъи назар, ходим бошига айрим ташвишлар тушиши, саломатлигини тиклаш, фарзандига ­кийим-бош ёки ўқув қуроллари олишда, оиласидаги кам-кўстни тўғрилашда қийналиши мумкин. Бундай ҳолатларда касаба уюшмаси доимий кўмакдош. Ўтган йили корхона касаба уюшмаси томонидан 162 нафар ёрдамга муҳтож оила вакилларига 27 миллион сўмга яқин моддий ёрдам ажратилди.

Ишчанлик кайфиятига қувват
Давлатимиз раҳбарининг 2018 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисидаги ва ички туризмни ривожлантириш тўғрисидаги фармон ва қарорларига мувофиқ узайтирилган байрам кунлари корхона ишчи-ходимларининг бўш вақтларини сермазмун ўтказиш мақсадида корхона ишчи-ходимларидан 104 нафари, фахрийлардан 25 нафари учун Бухоро ва Самарқанд шаҳарларига ­саёҳатлар уюштирилди.

Муҳофазаланган меҳнат маҳсули

Корхона тизимида меҳнатни муҳофаза қилиш масалаларига эътиборни кучайтириш, ишлаб чиқариш маданиятини юксалтириш, меҳнат муҳофазаси тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишда ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда. Маъмурият ва касаба уюшма қўмитаси ўртасида Меҳнат муҳофазаси бўйича 2018 йил учун 66 та тадбирни ўз ичига олган ва уларни бажариш учун 187,6 миллион сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилган Келишув имзоланган эди. Самарали фаолият натижасида унинг ижроси тўлиқ таъминланди. Корхона бўлинмаларида сайланган Меҳнат муҳофазаси вакилларининг 30 нафари корхонага қарашли ўқув марказида ўқитилиб, уларга махсус гувоҳномалар топширилди.
Бу борада амалга оширилган ишларни узоқ санашга ҳожат йўқ. Корхонамиз меҳнат муҳофазаси бўлими бошлиғи Собиржон Бозорбоев Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан «Энг яхши меҳнат муҳофазаси мутахассиси» деб эътироф этилгани бу борада қилинаётган самарали ишларнинг муносиб баҳосидир.

Саховатда ҳикмат кўп

Корхона томонидан нафақат ходимлар қўллаб-қувватланмоқда, балки иқтисодий фойда эвазига бош­қаларга ҳам ёрдам қўллари чўзилмоқда. Бу борадаги ишлар 2018 йилда ҳам изчил давом эттирилди. Хусусан, корхонага тегишли кўп қаватли маъмурий бино турар жой хонадонларига мослаштирилиб, тўлиқ таъмирланди ва 13 та кам таъминланган оилага беғараз берилди. 5 та хонадон корхона ходимларига белгиланган тартибда ажратилди.
«Обод қишлоқ» дастури доирасида ишлар қизғин кетаётган Оқдарбанд қиш­лоғи ҳудудида болалар учун майдонча ташкил қилинди. Ушбу қишлоқ болалари учун Касаба уюшма қўмитаси ҳисобидан китоблар, футболкалар ва волейбол тўпи совға қилинди.
Қорақалпоғистон Республикасининг Қорақалпоғистон ва Жаслиқ пос­ёлкаларида олиб борилган «Обод қиш­лоқ» дастури асосидаги қурилиш-таъмирлаш, ободонлаштириш ишларида ҳам ҳамкасбларимиз фаол иштирок этди.
Йил давомида «Ҳеч ким эътибордан четда қолмасин» шиори остида бир қатор тадбирлар амалга оширилди. Жумладан 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни ва 3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни муносабати билан ногирон фарзанди бор ишчи-ходимларга моддий ёрдам кўрсатилди.
«SOS Ўзбекистон болалар маҳаллалари» уюшмасининг Урганч шаҳридаги филиалида ҳисобда турадиган 40 нафар бола корхонага қарашли «Хива гулшани» оромгоҳида бепул соғломлаштирилди.

Ҳеч ким эътибордан четда эмас

Узоқ йиллар ишлаб, соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшган, бугунги кунда пенсияда бўлган 500 нафардан зиёд фахрийларга ҳар ойда корхона ҳисобидан қўшимча пенсия тўланмоқда. Қишки мавсумга озиқ-овқат маҳсулотлари сотиб олиш учун 400 нафарга яқин пенсионерга энг кам иш ҳақининг 3 баробари миқдорида бир марталик моддий ёрдам ажратилди.
Корхонада ишлаб пенсияга чиққан, ҳозирда ижтимоий ҳимояга муҳтож пенсионерларнинг 100 нафарига Мус­тақиллик байрами яна 100 нафарига Янги йил байрами арафасида бепул озиқ-овқат маҳсулотлари ажратилиб, уларнинг ҳолидан хабар олинди.
Янги йил байрами кунларида Хоразм вилоят мусиқали ва драма театрида ишчи-ходимлар фарзандлари ҳамда «SOS Ўзбекис­тон болалар маҳаллалари» уюшмасининг Урганч шаҳридаги филиалида ҳисобда турадиган 74 нафар бола учун байрам ташкил қилинди ва совғалар ажратилди. Қорақалпоғис­тон Респуб­ликасидаги 1-сонли Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига байрам совғалари тақдим этилди.
Йилни хайрли ишлар билан бош­ладик. Жамоамизнинг кайфияти ишчанлик руҳида. Янгича ғайрат-шижоат билан мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга камарбаста бўлишга интилмоқдамиз.

Равшанбек ЭШЧАНОВ,
«Урганчтрансгаз» унитар
корхонаси касаба уюшма
қўмитаси раиси

Бошқа хабарлар