Синиқ шохга тирмашиш ёхуд шаръий никоҳ билан турмуш қуришнинг оқибатлари хусусида

319

Насиба Шомуродга турмушга чиққанида ўн етти ёшли ғўргина қиз эди. Тўйлари анча дабдабали ўтди. Бир йилдан сўнг фарзандли бўлишди. Аммо никоҳлари қонуний расмийлаштирилмагани сабабли қизига туғилганлик ҳақида гувоҳнома олишолмади.

— Қўявер, ҳаммасини бир кунда тўғрилаймиз, — деди Шомурод.
Аммо орадан ойлар, йиллар ўтса-да, бу масала очиқ қолаверди. Улар бир эмас, тўрт фарзандли бўлишди. Биринчи қизи мактаб ёшига етди. Мактаб маъмурияти гувоҳнома талаб қилди. Шу баҳона ҳамма фарзандларига гувоҳнома олишди. Болаларга оталик белгилатилди. Вақтнинг югириклигини қаранг, ўн тўрт йил ўтибди-я. Насиба Шомуроднинг ҳамма камчиликларига кўз юмиб келди. Ёлчитиб ишламаслиги, кўпинча маст бўлиб келишларига чидади. Ҳозир кўпчилик шундай деб ўзини овутарди. Болаларим отасиз қолмасин дерди. Тиним билмасди. Қўни-қўшнидан олган сутларни пуллаш учун тонг қоронғусида шаҳарга равона бўларди. Бу унинг турмуш тарзига айланганди.
Кутилмаганда Шомурод ажрашиш ниятини билдирди.
— Ашқол-дашқолингни йиғиб, болаларинг билан уйимни бўшатиб қўй, — деди шартта. — Мен уйланмоқчиман. Сен менинг хотиним эмассан. Уйда ҳеч қандай ҳақинг йўқ.
Насиба аввалига буни навбатдаги эркаликка йўйди. Шомурод эса андишани йиғиштириб, ёшгина жувонни уйига олиб келиб, у билан яшай бош­лади. Насиба бошини қайси тошга уришни билмай қолди. Ота-онаси ­дунёдан ўтиб кетган. Воқеадан хабар топган маҳалла оқсоқоллари Шомуродга насиҳат қилишди.
— Мен қонуний талаб қўйяпман, у менга бегона, уйимдан чиқиб кетсин, — деди «эр».
Кўпчиликнинг маслаҳати билан Насиба фуқаролик ишлари бўйича суд­­га мурожаат қилди. Суд масалани ҳар томонлама ўрганиб чиқди. Гарчи никоҳ қонун билан мустаҳкамланмаган бўлса-да, уйни биргаликда қуришгани, тўрт фарзанд борлиги инобатга олиниб, уй Насиба ва фарзандлари ҳамда Шомурод ўртасида тақсимлаб берилди. Отадан алимент ундирилиши белгиланди.
Судьянинг айтишича, бу никоҳсиз оилаларни ажратиш бўйича биринчи ҳолат эмас. Афсуски, охиргиси ҳам. Айрим оталар алимент пули тўламаслик учун ўз фарзандларидан тониш ҳолатлари ҳам учраб турибди. Гап алиментда ҳам эмас. Асосий муаммо оила дарз кетаётгани, фарзандлар етим қолаётганида.
Норасмий никоҳ жамият учун хавфлими? Никоҳни қонуний расмийлаштирмаслик қандай оқибатларга олиб келиши мумкин?
Норасмий никоҳ жамиятга, аввало, маънавий зарар етказади. Бу «эркин дунё» сари йўл десак, янглишмаган бўламиз. Ҳеч ким ҳеч кимга ­масъул эмас, ҳар ким ўз хоҳишига кўра яшаши мумкин. Бундай оилаларда ичкиликка ружў қўйиш, маишатпарастлик, уруш-жанжал авж олишига мисоллар кўп. Фарзанд тарбияси ўз ҳолига ташлаб қўйилади. Уясида кўрганини қилувчи бола ўспирин ёшидан эркин ҳаётга қадам қўйиб, ичишни, чекишни бошлайди.
Бунда жамият ҳам, оиланинг ўзи ҳам зиён-заҳмат кўради. Рўйхатларда қайд этилмаган оила, туғилгани эътироф қилинмаган болалар… Улар ўз ҳуқуқларини қандай ҳимоя қилишлари, қонунда кўзда тутилган имтиёзлардан қандай фойдаланишлари мумкин?
Масаланинг яна бир салбий жиҳати бор. Содир қилинаётган қотиллик, баданга оғир тан жароҳати етказиш каби жиноятларнинг аксарияти норасмий турмуш кечираётганлар ҳиссасига тўғри келади. Бундан англашиладики, турмушини қонуний расмийлаштирмаганлар бир-бирига нисбатан ҳурмат, меҳр ҳис қилмайди. Ўзаро ­масъулият ҳам сезмайди. Биргаликдаги фарзандлар ҳам бу туйғуларни пайдо қилишга қодир бўлолмайди.
Кимдир шаръий никоҳ билан фақат иккинчи оиласи борлар яшайди, деб ўйласа, адашади. Дабдабали тўй қилиб, турмуш қурганлар орасида ҳам никоҳни расмийлаштиришни пайсалга солиб келаётганлар кам эмас.
— Мен бунга ота-оналар айбдор деб ҳисоблайман, — дейди ҳуқуқшунос, меҳнат фахрийси Пўлат Собиров. — Ёшлар никоҳни расмийлаштиришнинг аҳамиятини, расмийлаштирмасликнинг оқибатини яхши тушунмаслиги мумкин. Айниқса, келин томон бу масалага ҳар доим ҳушёр ёндашиши, никоҳ қайд қилинмасидан тўйга розилик бермаслиги керак. Чунки норасмий никоҳдан асосан аёллар жабр кўришмоқда. Ёшгина келинчаклар турли баҳоналар билан уйдан қувилмоқда. Қонуний никоҳи бўлмаганидан кейин ажрашиш ҳам осон-да.
Норасмий никоҳ — саломатлик учун ҳам зарарли. Маълумки, никоҳланувчи шахслар бешта касаллик юзасидан тиббий кўрикдан ўтадилар. Хоразм вилоятида 2016 йилда никоҳланувчилардан 8 нафарида ОИВ аниқланган. Улардан 6 нафари аллақачон тўй қилиб бўлишган, 2 нафари касалликни турмуш ўртоғига юқтирган эди. 2017 йилда 10 нафар кўрикдан ўтувчида касаллик аниқланган. Ушбу никоҳланувчиларнинг 8 нафари тўйдан кейин тиббий кўрикдан ўтган, 1 нафарининг турмуш ўртоғига касаллик юқиб улгурган. 2018 йилда 12 та ҳолатда касаллик аниқланди. Ушбу никоҳланувчиларнинг 11 нафари тўйдан кейин тиббий кўрикдан ўтишган, 1 нафарининг турмуш ўртоғига касаллик юқиб улгурган.
Тўғри, ҳеч ким ОИВ юқтириш эҳтимолидан холи эмас. Бироқ кўр-кўрона касалланишни ҳеч ким истамайди. Қолаверса, бу биттагина касалликка текширишлар таҳлили, тиббий кўрик ижтимоий хавфи юқори бўлган бешта касаллик бўйича олиб борилади. Ёшлар тўй арафасида никоҳдан ва тиббий кўрикдан ўтганларида уларнинг тақдирлари бошқача бўлиши аниқ-равшан эди-ку, ахир!
Гапнинг индаллосини айтганда, норасмий никоҳ қонунларга ҳурматсизликдир. Буни қонунбузарлик десак ҳам бўлаверади. Тадбиркор фаолиятини рўйхатдан ўтказмасдан, ўн сўмлик маҳсулот сотса, бу ҳуқуқбузарлик сифатида эътироф қилиниб, унга жазо қўлланилади. Аммо никоҳини қонуний расмийлаштирмаслик учун ҳеч қандай чора белгиланмаган.
Шу ва бошқа қатор сабаблар норасмий никоҳга узил-кесил барҳам бериш заруратини туғдирмоқда. Бу борада Хотин-қизлар қўмитаси томонидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Маълумотларга қараганда, 2018 йилда қўмитанинг Хоразм вилояти бўлими томонидан шаърий никоҳ асосида турмуш кечираётган 3744 та оила аниқланиб, уларнинг 3259 таси қонуний расмийлаштирилган. Аслида, норасмий турмуш кечираётганлар бундан-да кўп бўлиши мумкин. Қолаверса, бу фақат Хоразм вилоятига хос муаммо эмас. Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида шаръий никоҳ асосида турмуш кечираётганлар, фарзандларининг туғилганлиги қайд қилинмаган оилалар бор.
Биз қонун устувор мамлакатда истиқомат қилар эканмиз, қонунларга итоат қилишни ўзимиздан бошлашимиз зарур. Муқаддас деб таърифланадиган оила томон қадам қўяётган ёшлар унинг пойдеворини қонун билан мустаҳкамласа, қўрғоннинг дарз кетиш эҳтимоли ҳам камаяди. Бир ўйлаб кўринг-а, дарахтнинг тепасида мева осилиб турибди, шохга тирмашсангиз олишингиз мумкин. Аммо шох синган. Ушбу ҳолни кўра била туриб, ўз ҳаётингизни хатарга қўярмидингиз? Норасмий турмуш қуриш ҳам синиқ шохга кўр-кўрона тирмашишдай гап.

Муҳаббат ТЎРАБОЕВА,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар