Тўғри сўз тўғри иш дебочасидир

222

Хўжайли тумани ҳокими Женис ЕРМАШЕВга очиқ хат

Ҳурматли Женис Маратович!
Сиз туманга яқинда раҳбар бўлиб келган бўлсангиз-да, кўпчиликнинг ишончини қозонганингиздан хабаримиз бор. Сизнинг саъй-ҳаракатингиз билан бу ерда кўплаб ижобий ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Йиллар давомида йиғилиб қолган камчиликларнинг ҳал этилиши Сизнинг чекингизга тушгани ҳам бор гап.

Ўтган даврда туманда раҳбарлар тез-тез ўзгараверди, ечимини кутаётган муаммолар эса тўпланиб қолди. Ўтган 3-4 йил оралиғида туманда беш марта ҳоким ўзгариб, икки нафар ўринбосар ҳоким вазифасини вақтинчалик бажарувчи сифатида фаолият юритди. Келган раҳбарлар орасида Хўжайлининг паст-у баландини билиб улгурмаганлари ҳам бўлди. Бу ўринда «ўтган ишга саловат» дейишга мажбурмиз. Тумандаги кадрлар қўнимсизлигини чеккага суриб, ечимини кутаётган долзарб масалалар борасида фикр юритайлик.
Ҳурматли Женис Маратович!
Ўтган йили қабулхонангизда бўлган вақтимда икки масала юзасидан мурожаат этган эдим.
Биринчиси: «Ishonch» газетасининг 2018 йил 23 июнь кунги 74 (4047)-сонида чоп этилган «Тўхтанг: қурилишда «қизил чизиқ». Унга риоя қилмаслик нафақат шаҳарсозлик талабларига зид, балки «кўча ҳақи»га хиёнат ҳамдир» сарлавҳали мақолада Сабиковул кўчасидаги пиёдалар йўлакчаларининг айрим хонадон эгалари томонидан томорқа ерларига қўшиб олингани сабабли йўловчилар, айниқса, мактаб ёшидаги болалар машина йўлидан юришга мажбур бўлаётгани борасида сўз юритилган эди. Ўша маҳаллада истиқомат қиладиган Б.Ерниязовнинг мурожаатига асосан 15-мактабга ўқишга борадиган болаларнинг ота-оналари пиёдалар йўлакчалари йўқлигидан хавотирга тушаётганини баён этган эдик. Ўшанда, автоуловлар тинимсиз қатнайдиган гузар йўлга машиналар тезлигини пасайтирувчи йўл белгиларини ўрнатиш ва пиёдалар йўлакчаларини тартибга келтиришга ваъда берган эдингиз. Бироқ у қуруқ ваъдалигича қолди.
Иккинчиси: давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 20-21 январь кунлари Қорақалпоғистонга ташрифи давомида Хўжайли шаҳри Мустақиллик кўчасида 20 та 3 қаватли турар жой барпо этиш вазифаси белгилаб берилган эди. Лекин 15-сонли турар жойни бунёд этиш ишларида маблағ масаласи ҳал этилмагач, Хўжайли тумани ҳокимининг 2018 йил 25 сентябрдаги 1313-09-сонли қарори билан қурилиш ишлари аввалги пудратчи «Регионал индус­триал инвест» МЧЖдан «Меъмор Хўжайли» МЧЖга олиб берилгани хабар қилинди. Қурилиш ишлари бажариладиган ҳудудда жойлашган 4 та хонадон эгаларига тўланадиган компенсация пуллари 2018 йил ноябрь ойининг охиригача ҳал этилиши маълум этилди. Туман ҳокимининг қарорига ишониб, таҳририятга Хўжайли шаҳрида яшовчи фуқароларнинг йўллаган мурожаати учун жавоб ҳам берганмиз. Афсуски, шу кунга қадар қарор ижроси таъминланмади.
Шаҳарсозлик кодексининг 5-моддасида «Ҳар бир фуқаро қулай яшаш ва фаолият кўрсатиш муҳити билан таъминланиш ҳуқуқига эга», деб кўрсатилган. Лекин Хўжайли шаҳридаги ­Мустақиллик кўчасидаги баъзи бир хонадон эгалари бундай кафолатга эга эмас. Аҳоли ер участкалари чегаралари (қизил чизиқ) билан қуришни тартибга солиш чизиқлари орасида маълум оралиқ жой ташланмаганидан фуқаролар зарар кўрди. Туман ҳокими 13-сонли кўп қаватли турар жойнинг қурилиши учун рухсатнома беришда лойиҳа-смета ҳужжатларига эътибор берган-у, аҳоли хавфсизлигини таъминлаш масаласида назоратни унутган. Туман архитектура ва қурилиш бўлими ходимлари ўз ваколати доирасида фаолият юритиб, ҳокимликка шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан назорат ўрнатишни тавсия этганида, 4 та хонадон эгалари жабр кўрмаган, бузиладиган иморатлари учун компенсация пулларини ҳалигача ололмаётган фуқаролар пудратчилар устидан кўплаб идораларга шикоятлар ёзмаган бўлар эди.
Хуллас, қайд этилган муаммолар ҳануз ўз ечимини кутиб турибди. Шу боис, уларни яна бир бор эслатишни жоиз топдик. Умид қиламизки, бу гал тилга олинган масалалар ҳал этилади. Зеро, тўғри сўз тўғри ишнинг дебочасидир.
Ортиқбой МАМУТОВ,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар