«Газетада расман эълон қилинсин…»Андижон шаҳри ҳокими ўзи муассис бўлмаган нашрга шундай кўрсатма беришга ҳақлими?

469

«Андижоннома» газетаси таҳририяти ҳамда Андижон шаҳри ҳокимлиги бинолари ёнма-ён жойлашган. Оралиғи йигирма қадам чиқади. Фаолият юзасидан икки муассаса муносабатларига тааллуқли ҳужжат ёки хат-хабарларнинг ўзаро олди-бердиси учун нари борса, беш дақиқа кифоя – почта хизматига ҳожат йўқ.

Шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев 2018 йилнинг 8 октябрь ҳамда 22 ноябрь саналарида иккита қарор қабул қилди. Ҳар иккисида оммавий ахборот воситалари, хусусан, вилоят ҳокимлигининг нашри – «Андижоннома» таҳририяти ижро этиши (?!) назарда тутилган бандлар бор.
Буни қарангки, айтганимиздек, йигирма қадам жойга, яъни таҳририятга мазкур қарорларнинг нусхалари шу йил 17 январь куни – бири роппа-роса 100 кун ўтиб, иккинчиси эса нақ 55 кундан сўнг етиб келди. Ахборот технологиялари замонида айрим ташкилотларда идоралараро ҳужжатларнинг «тошбақа юриш» тарзида алмашинаётгани хусусида ўткир фикрлар ўртага ташланаётган бир пайтда бу борада шаҳар ҳокимлиги ҳам «ибрат» кўрсатаётганини ­эътироф этмасак бўлмайди. Майли, ҳозир гап бу ҳақда эмас…

Хуллас, шаҳар ҳокимининг ўтган йил 22 ноябрдаги ижтимоий муҳофазага муҳтож аҳоли қатламига иш ўринларини 2019 йил учун банд қилиб қўйиш тўғрисидаги қарорида шундай кўрсатма мавжуд: «Мазкур қарор «Андижоннома» газетасида расман эълон қилинсин…»
«Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги қонунда «Юқори турувчи давлат ҳокимияти органлари ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлар қуйи органларнинг ижроси учун мажбурийдир» (27-модда) деб белгилаб қўйилган. «Андижоннома» вилоят ҳокимлиги муассислигидаги нашр, яъни шаҳар ҳокимлигидан юқори турувчи орган ҳисобланади.
Аммо гап шундаки, вилоят миқёсидаги таҳририятга шаҳар ҳокими буйруқ беряпти! Айни вазият, қонунни қўя турайлик, ахлоқ меъёрларига ҳам тамомила зид.
«Шу биргина жумла баҳс-муҳокамага арзийдими? Шунгаям ота гўри – қозихонами?» дегувчилар топилиши мумкин. Аммо ҳоким қарорининг «…расман эълон қилинган кундан бошлаб 3 ойдан кейин кучга киради» деган бандиям бор-да! Айтайлик, вилоят газетаси таҳририяти юқоридаги қонун талаби ҳамда субординация тамойилларига таяниб уни эълон қилмаса, ҳокимнинг қарори кучга кирмай қолаверадими?
Муаммо бунда ҳам эмас, бутун бошли ҳокимликдаги тўраларнинг ўзидан юқори турган орган нашрини оддий ижрочи ташкилот, деб билишида, оммавий ахборот воситаларининг мавқе-мақомини тушунмаслигида! Айрим қарорларда «вилоят газетаси ҳамда телерадиокомпанияси мазкур тадбирларни кенг ёритишни таъминласин» деган мазмундаги бандларга кўзимиз тушяпти. Ҳой барака топгур, бизда ­оммавий ахборот воситалари эркин ва мустақил, ҳатто давлат раҳбари имзолаган қарорларда ҳам маълум йўналишдаги ишларни ёритиш вазифаси «юклатилмайди», балки «тавсия этилади». Шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари мана шу тартиб-тамойилларнинг фарқига боришмасмикин?
Қаранг, бор-йўғи 35 минг нафар аҳоли истиқомат қиладиган Қорасув шаҳрида ҳам маҳаллий ҳокимликнинг ўз газетаси бор. Аммо ҳудудига нисбатан аҳоли зичлиги бўйича юқори ўринларда турувчи, салкам 500 минг нуфусга эга бўлган Андижон шаҳри ҳокимлиги матбуот нашрига эга эмас. Бу масала бир неча бор кўтарилган, таклифлар берилган, бироқ мутасаддилар негадир қўл силтаб келишади.
Боз устига, шаҳар ҳокимиятида «Андижоннома» ҳамда «Андижанская правда» газеталарига (майли, ҳозирги «машҳур» ибора билан айтганда, «мажбурий» демайлик) хайрихоҳлик билан обуна бўлиш масаласида айтарли гап-сўз йўқ.
Майли, вилоят газетаси қўни-қўшничилик ҳурматидан шаҳар ҳокимининг қарорини эълон қилди ҳам дейлик, уни шаҳарда нечта одам ўқийди? Ҳеч қурса, саломга яраша алик бўлсин-да! Нима дедингиз?

Нурилло НЎЪМОНОВ,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар